Иссиқ жон иситмасиз бўлмайди, дейишади. Ҳар бир инсон касал бўлиши, шифокор кўмагига эҳтиёж сезиши мумкин. Кунда бўлмаса-да, кунора тиббиёт муассасаларига мурожаат қиладиганлар бор. Аҳоли ҳаётида катта ўрин тутадиган соҳалардан бири бу соғлиқни сақлаш тизимидир.
5 февраль куни Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ижтимоий соҳалардаги устувор вазифалар, хусусан, соғлиқни сақлаш тизимидаги долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Камчиликлар очиқ танқид қилинди, айрим йўналишлардаги реал вазиятдан масъуллар ва мутасаддилар уялиши керак.
Соғлиқни сақлаш тизимидан чиққан депутатлар муаммолар ва белгиланган вазифалар аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Тиббиёт аҳолига янада яқинлашади
Қизилгул ҚОСИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Ўзбекистонда тиббиёт соҳасини тубдан такомиллаштириш вазифаси кун тартибидан тушмаяпти, тизим фаолиятига эътибор янада кучайиб боряпти. Чунки, энг катта бойлик халқимиз саломатлигидир.
5 февраль кунги видеоселектор йиғилишида ҳам давлатимиз раҳбари ғоят зарур ташаббусларни илгари сурди. Йиғилишда белгилаб берилган аниқ ва қатъий вазифалар мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини замон талаблари даражасига олиб чиқишга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари соҳадаги бир қатор вазифаларни кўрсатиб ўтди. Аввало, бирламчи тиббиёт тизимида сифат ва мутахассислар етишмаслиги қайд этилар экан, Соғлиқни сақлаш вазирлигига соҳадаги барча бўш жойлар ҳақидаги маълумотларни онлайн платформага жойлаштириб, кадрларни ишга олиш бўйича шаффоф тизим яратиш топширилди.
Шунингдек, ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, аввало, қишлоқлар аҳолисига хизмат қилиши кераклиги таъкидланди. Уларни бирламчи бўғин билан боғлаш, иш тизимини рақамлаштириш бўйича топшириқлар берилди. Демак, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини янада ривожланади, тиббиётда шароит ва кадрлар масаласига эътибор қаратилади.
Тўғри, йилдан-йилга юртимиз тиббиётида ижобий ўзгариш ва янгиланишлар бўй кўрсатяпти. Яқин йилларгача тиббиётнинг бирламчи бўғинида беморларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатининг пастлиги соҳадаги энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб келган. Очиғини айтиш керак, ўтган йиллар давомида юртимиздаги ўлим ҳолатлари асосан ана шу бўғиндаги камчиликлар, масалан, юрак-қон томир касалликларига ўз вақтида тўғри ташхис қўя олмаслик туфайли содир бўлган.
Шу боис тиббиётнинг бирламчи бўғинини замонга қараб, халқимизнинг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, ташкил этиш кечиктириб бўлмайдиган муҳим вазифадир. Тўғри, аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини оширишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аммо сайловчилар билан учрашувларда кўп гувоҳ бўламизки, аҳолининг кўпчилиги тиббий хизмат сифатидан рози эмас. Одамларимиз энг кўп мурожаат қиладиган тиббиёт тизими ҳам кўп ҳолларда бирламчи тиббий ёрдам муассасалари юзасидан бўлмоқда. Агар бу тизимда иш тўғри ташкил этилса, аҳоли эътирозларига ўрин қолмайди.
Айниқса, чекка ҳудудларда малакали шифокорларга талаб жуда юқори. Жойларда шифокорлардан аҳоли норозилигининг ошиб бораётгани, беморларнинг яқинлари ва шифокорлар ўртасида турли низолар келиб чиқаётганига тез-тез гувоҳ бўляпмиз. Чиндан ҳам соҳада кадрлар етишмовчилиги, кам сонли шифокорларга иш юкламасининг йиллар давомида юқори бўлиб қолаётгани сифатли тиббий хизмат кўрсатишга халақит бериб келмоқда.
Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган бу борадаги вазифалар соҳадаги ислоҳотларни давом эттириб, тиббий хизмат сифатини ошириш, бирламчи бўғинни замон талабларига мослаштириш, тизим ходимларини фаол қўллаб-қувватлаш ва уларга шароит яратишда муҳим аҳамиятга эга.
Эндиликда ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг бирламчи бўғин билан боғланиши, иш тизимининг рақамлаштирилиши чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини янада кенгайтиради. Иш тизимининг рақамлаштирилиши билан тиббиётда касалликни аниқлаш, диагноз қўйиш, даволаш билан боғлиқ барча жараёнлар янада осонлашади ва касаллик бўйича аниқ ташхис қўйилади.
Одатда, одамлар миллий тиббиётнинг даражасига бирламчи бўғинга қараб баҳо беради. Чунки бу бўғин бевосита одамлар ичида ишлайди, уларнинг кайфиятига ё яхши, ё ёмон таъсир кўрсатиши мумкин.
Эрта аниқланса, даволаш мумкин
Ғофур САИДОВ,
Республика онкология ва радиологияилмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро филиали директори, Бухоро вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси:
– Ўсма касалликлари бутун дунё миқёсида мураккаб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Статистик маълумотларга кўра, сўнгги йилларда дунёнинг кўпгина мамлакатларида онкологик касалликларга чалиниш кўрсаткичлари ошиб боряпти. Шунга яраша ўлим кўрсаткичи ҳам. Демак, соҳа ривожига жиддий эътибор қаратиш, онкологик касалликлар профилактикаси ва уларни барвақт аниқлашнинг замонавий тизимларини яратиш кечиктириб бўлмайдиган вазифа.
Тўғри, бугунги кунда онкологик касалликларнинг келиб чиқиши, унинг олдини олиш юзасидан юртимизда самарали ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда хавф гуруҳига мансуб аҳоли орасида онкологик касалликларни эрта аниқлашни 90 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.
Куни кеча ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор йўналишларга тўхталар экан, хусусан, онкология скринингларини ташкил этишда йўл қўйилаётган камчиликларни аниқ кўрсатиб ўтди. Ўтган йили онкология касаллиги билан рўйхатга олинган берморларнинг қарийб ярмида касаллик кеч аниқлангани айтилди.
Аксарият одамларимиз «бирор жойим безовта қилмаяпти-ку», «ўзимни яхши ҳис қиляпман-ку», деган қараш билан йиллар давомида тиббий кўрикдан ўтмайди. Кундалик турмуш ташвишларидан ортиб, текширувлардан ўтиш кўпчиликнинг хаёлига ҳам келмайди. Бу – энг катта хато. Касалликлар қанча эрта аниқланса, даволаш шунча яхши натижа беради. Вақтида аниқланган ҳар қандай касалликка даво топса бўлади.
Давлатимиз раҳбари эндиликда хавф гуруҳига кирувчи аҳолини юрак қон-томир, онкология ва эндокрин касалликлари скринингидан ўтказиш тизими ўзгартирилишини таъкидлади. Хусусан, скрининг учун бевосита республика кардиология, эндокринология, онкология марказлари жавоб беради. Улар бир ҳафтада жойларда скрининг текширувларини ўтказишни бошлайди. Шунингдек, онкология бўйича ҳар бир эрта аниқланган ҳолат учун тиббиёт бригадаларига мукофот бериш жорий қилинади. Бу эса онкологик касалликларни эрта ташхислаш ва самарали даволашда янги даврни бошлаб беради, деб ўйлайман.
Ҳаммамиз давлатимиз раҳбарининг ўринли танқидларидан тўғри хулоса қилишимиз керак.
Йиғилишда, шунингдек, фармацевтикадаги «ўйинлар», дориларнинг яширин айланмасига етарли чора кўрилмаётгани ҳақида ҳам гапирилди. Уч йил аввал онкологик беморларни кимё ва таргет терапияси учун 29 турдаги препарат билан таъминлаш йўлга қўйилгани, лекин бу дорилар айрим ҳолларда жойларга ўз вақтида, тўлиқ етказиб берилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Оқибатда баъзи беморлар уларни дорихонадан 10 баробар қиммат сотиб олишга мажбурлиги қайд этилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги олдига ойлаб омборларда турган, рухсати ҳалигача чиқмаган дориларни хатлов қилиб, бу масалада тартиб ўрнатиш, давлат харидлари орқали олинган дориларни «буюртмачи – харидор – етказиб берувчи – бемор» занжири асосида шаффоф маршрут тизимини яратиш вазифаси қўйилди.
Чиндан ҳам бу ҳаёт-мамот масаласи. Кўп йиллар давомида дори-дармон бозорида энг катта «ўйинчи» бўлганларнинг ишига барҳам берилади. Чунки бу минглаб одамнинг ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин.
Яна бир жиҳати, дори-дармон ишлаб чиқариш, олиб келиш ва тарқатиш бўйича яратилган шаффоф тизим орқали нормал ишлайдиган бозор механизмлари шаклланади. Бу онкологик касалликлар билан курашаётган қанчадан-қанча беморларимизни ишончли дори-дармонлар билан таъминлаш, уларнинг моддий қийинчиликларини енгиллаштиришга хизмат қилади.
«Ўзбекистон овози» мухбири
Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.
«Ўзбекистон овози», 7.02.2023, №5