Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Н. Эшметова томонидан «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш» йилида амалга ошириш бўйича давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги президент фармони юзасидан ёшлар билан мунозара ташкил этилди.
Давлат дастури лойиҳасида кўрсатиб ўтилган долзарб ижтимоий масалаларни ҳал этишга қаратилган аниқ ечимлар кенг муҳокама қилинди. Мазмун-моҳият чуқур тушунтирилиб, ёшларнинг фикр-мулоҳаза ва таклифлари эшитилди.
Ўзбекистон ХДП Шайхонтохур туман кенгаши томонидан тумандаги «Ўзбекистон» маҳалласида шу мавзуда мулоқот ташкил этилди. Дастлаб йиғилганларга «Ўзбекистон – 2030» стратегияси тўғрисида маълумотлар берилиб, бу бўйича ёшларнинг таклифи ўрганилди.
Давлат дастури муҳокамасига бағишланган учрашув ва мулоқотлар Сурхондарё вилоятида ҳам кенг кўламда ташкиллаштирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгаши томонидан Термиз иқтисодиёт ва сервис университетида Ўзбекистон президенти фармони лойиҳаси асосида «Муҳокама, таҳлил ва таклиф» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши раиси ва масъул ходимлари «Ўзбекистон-2030» стратегиясининг мазмун-моҳияти, ҳар бир йўналиши бўйича белгиланган чора-тадбирлар доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда партиянинг мақсад ва вазифаларини атрофлича тушунтирди. Тадбир сўнггида талаба ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлари ва таклифлари билан мурожаат этишди.
Шунингдек, Ўзбекистон ХДП Термиз туман Кенгаши раиси Г. Шафоатова томонидан тумандаги 2-сонли умумтаълим мактабида «Муҳокама, таҳлил ва таклиф» мавзусида маҳалла ёшлари ва мактаб ёшлари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда партия кенгаши раиси томонидан Президентимиз фармонининг мазмун ва моҳияти тўғрисида ёшларга батафсил маълумотлар бериб ўтилди.