Жисмоний, ижтимоий-иқтисодий ҳолати, келиб чиқишидан қатъи назар, ҳар бир инсон, айниқса, болалар ва ёшлар таълим-тарбия олишда тенг имкониятларга эга бўлиши муҳим. Бу масалада ҳуқуқлар тенг, имкониятлар тенглигига эришиш устувор мақсаддир.
Инклюзив таълим, моҳиятан, ногиронлиги бор болалар ҳам соғлом болалар билан битта мактабда, битта синфда ўқишини англатади. Яъни, у барча учун мўлжалланган таълим. Бу мактабгача, ўрта ва олий таълимни ўзгартириш жараёни бўлиб, барча ногиронлиги бор фарзандларимиз ундан фойдаланиши бўлади. Инклюзив таълим ногиронлиги бўлган болаларга нисбатан ҳар қандай камситишни истисно этадиган, барча учун тенг муомалани таъминлайдиган, махсус таълим эҳтиёжига эга болалар учун зарур шароит яратадиган мафкурага асосланади.
Таҳлилларга кўра, агар мактабларда инклюзив таълим билан қамраб олиш учун шароит яратилса, ногиронлиги бор 16 ёшгача болаларнинг 80 фоизидан ортиғи бемалол мактабга бора олади. Шунда ногиронлиги бор бола тенгдошларидан ўзини айро ҳис қилмайди, ишончи ошади, интилиши кучаяди.
Болаларга тенг муносабат бўлиши керак!
Эсингизда бўлса, 2020 йилда Президент «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги янги қонунни имзолаган эди. 2021 йил 7 июнь куни эса “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун имзоланди.
Шунингдек, Ўзбекистонда инклюзив таълимни ривожлантириш, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини такомиллаштириш ҳамда уларга кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида 2020 йил 13 октябрь куни Президентнинг “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор билан 2020-2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси ҳамда 2020-2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси», шунингдек, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар таълимини 2025 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) тасдиқланган эди.
Ўзбекистонда умумтаълим мактабларида 2021-2022 ўқув йилидан инклюзив таълим жорий этилди. Имконияти чекланган болаларни алоҳида мактабларда ўқитмасдан, оддий мактабларда ҳам уларни қабул қилиш мумкин бўлган синфлар ташкил қилинмоқда.
Президент қарори билан 2025 йилгача инклюзив умумтаълимни босқичма-босқич жорий этиш масаласи қўйилган. 2025 йилгача алоҳида таълимга эҳтиёжи бор болаларнинг 40 фоизи жалб қилиниши кутилмоқда.
2022-2023 ўқув йилида 161 нафар алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган бола 88 та мактабнинг 114 та инклюзив синфига қабул қилинди. Ҳозир инклюзив мактаблар сони 415 та, ўқувчилар сони эса 736 нафарни ташкил этяпти. 2023-2024 ўқув йилида 219 та инклюзив мактаб ташкил этилди, 336 нафар болалар қабул қилинди.
Тушуниш керакки, авваллари инклюзив таълим бўйича унча-мунча гап бор, лекин амалий қадам, умид берадиган жўяли натижа ҳам йўқ эди. Қисқа муддатда аввал ҳуқуқий асос, шароит яратилди, ногиронлиги бор болалар мактабга борадиган бўлди.
Ҳозир мактабларда инклюзив таълим билан боғлиқ реал вазият қандай? Ҳолатни турли нуқтаи назардан кўрсатишга ҳаракат қилдик.
“Улар ҳам бизнинг фарзандимиз...”
Баҳодир ҚУРБОНОВ,
Ногиронлар масалалари бўйича эксперт-мутахассис:
– Инклюзив таълим учун инклюзив мактабни яратиш учун биз аввало, жамиятда ногиронлиги бўлмаган болаларнинг ота-оналари билан ишлашимиз керак. Бундай ота-оналарга ногиронлиги бўлган бола ҳам жамиятнинг аъзоси эканлиги, бошқа болалар каби тенг ҳуқуқга эгалигини тушунтириш керак, деб ўйлайман. Демак, ишни онг ни тубдан ўзгартиришдан бошлаш керак. Хўш, нимага?
Амалда кўп гувоҳи бўлдик, соғлом болаларнинг ота-оналари ва умумий мактаб ўқитувчилари ногиронлиги бўлган болалар барча болалар билан бирга ўқишга рози бўлмаяпти. Шундай ота-оналар борки, ногиронлиги бўлган ўқувчи мени фарзандим билан бир партада ўтирмасин, бир синфда ўқимасин, деб келишади. Ота-онада шундай қараш бўлгандан кейин шу оиладаги фарзанд ҳам шундай фикрлаши аниқ. Бу ногиронлиги бўлган ўқувчиларда ўзига ишончни сўндириш, ўзини давралардан олиб қочиш, тортиниш каби ҳолатларни келтириб чиқаради. Бу қайсидир маънода уларнинг камситилишига ҳам олиб келади.
Яна бир масала. Ногиронлиги бор боланинг қобилият ва кўникмаларини ривожлантириш, нимадир ўрганишга, билим олишга бўлган иштиёқни рағбатлантиришда оиласининг ҳам ўрни катта, деб ўйлайман. Болаларнинг ота-оналари аввало ўзлари фарзандларини жамиятга қўшишга интилишлари керак. Шундай ота-оналар борки, гап-сўзлардан қочиб, ногиронлиги бўлган боласидан уялади, ўқишга, мактабга олиб бориш тугул, кўчага олиб чиқмайди. Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган фарзандларини умумтаълим муассасаларида ўқитиши мумкинлиги ҳақида етарли маълумотга эга эмас.
Гувоҳи бўлганингиздек, ҳар икки ҳолатда ҳам ота-онанинг ҳам айби бор. Шунинг учун алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг билим олиш ҳуқуқи, инклюзив таълим тизимининг мазмун-моҳияти ҳақида жамоатчилик ўртасида тушунтириш ишларини кенг кўламда йўлга қўйиш керак. Маҳаллаларда тарғибот тадбирларини кўпроқ ўтказиш, оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланиш талаб этилади.
Энди бевосита инклюзив таълимнинг ичига кирсак, тизимда муаммолар йўқ эмас. Аввало, ҳар бир ногиронлиги бўлган бола учун ҳар томонлама шароит бўлиши керак. Минг афсуски, таълим муассасаларида кар-соқовлар учун дарсликларнинг етишмаслиги, кўзи ожиз ўқувчилар учун Брайль ёзувидаги дарсликларнинг тўла-тўкис эмаслиги кўзга ташланади.
Педагог кадрлар тайёргарлиги, мутахассислар етишмаслиги ҳамда умумтаълим мактаблари биноларида керакли шароитлар яратиш жуда зарур. Бу бўйича ҳуқуқий асос яратилган, вазифалар аниқ белгиланган-ку.
Инклюзив таълимнинг ичида
Бектемир туманидаги 290-сонли умумтаълим мактабидамиз. Иккинчи соат дарслари бошланган. Инклюзив синфларга бормоқчи бўлдик, лекин дарс машғулотларига халақит бермайлик, деб аввал умумтаълим мактабининг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарининг хонаси томон одимладик. Муҳайё Тагаевага мақсадимизни айён қилгач, танаффус бошлангунча шу масалада бизга ҳамсуҳбат бўлишини айтди:
– Ҳозир биринчи, иккинчи ва учинчи синфларда ногиронлиги бўлган ўқувчиларимиз бор, - дейди биз билан суҳбатда Муҳайё Тагаева. – Мактабимизда дастлаб тажриба тариқасида 2021 йилда бизнинг мактабда инклюзив синф ташкил этилган эди. Ўша йили қабул қилинган ўқувчиларимиз ҳозир учинчи синфда ўқияпти.
Биринчи ташкил этилган йилда Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси психологик-тиббий-педагогик комиссияси хулосаси ва йўлланмаси билан 6 нафар ўқувчи жалб қилинган эди. Ҳозир биринчи, иккинчи ва учинчи синфларимизда ногиронлиги бўлган 8 нафар ўқувчи ўқитилмоқда.
Болаларнинг дарсларни ўзлаштиришига тўхталадиган бўлсак, улар яхши ўқишга ҳаракат қиляпти. Эшитиш қобилияти заиф болаларни замонавий эшитиш мосламалари билан таъминлаш орқали мослаштирилган ўқув тизими жорий қилинган. Ўқув йили жараёнида аксарият ўқувчилар мактаб шароитига мослашиб, соғлом тенгдошлари билан дўстона муносабатга киришётганидан хурсанд бўламиз.
Тўғри, бошида ҳақиқатан ҳам қийин бўлган. Бунда педагог, ота-она ва атрофдаги барча ўқувчиларнинг биргаликдаги ҳаракати муҳим. Биз ногиронлиги бўлган болаларга синфдошлари яқиндан туриб ёрдам бераётганини кўп кузатдик. Масалан, қўли яхши ишламайдиган ўқувчига тенгдошлари технология дарсида қоғозларни кесиб беришади, унинг ёнида бўлиб ҳар бир ҳаракатда ёрдам беришади.
Ҳозир ногиронлиги бўлган ўқувчиларимиз бошланғич синфларда ўқийди. Бошланғич синф ўқувчилари биринчи қаватда ўқигани учун ҳозир бу борада муаммо йўқ. Аммо улар 5-синф бўлгандан кейин юқори қаватларга тушиб-чиқишида қийинчилик туғилади.
Тўғриси, мактабларимизнинг аксарияти 70-80 йилларда, яъни инклюзив таълим яратилмасдан олдин қурилгани учун ногиронлиги бўлган болалар бемалол ҳаракатланиши учун шароитлар яратилмаган. Аммо ҳозир қурилаётган мактабларда булар ҳисобга олиняпти. Бизнинг мактабда ҳам ногиронлиги бўлган ўқувчилар эмин-эркин ҳаракат қилиши, бир қаватдан бошқасига қийналмай ўтиши учун лифт ниҳоятда зарурлиги бўйича ўз таклифларимизни берганмиз.
Қўнғироқ чалинди, қисқа танаффус бошланди. Пайтдан фойдаланиб, инклюзив синфлар томон йўл олдик. 2-В синфга кириб борганимизда бошланғич синф ўқитувчиси Шоҳида Ғофуровага дуч келдик. Маълум бўлишича, ушбу инклюзив синфда 2 нафар ногиронлиги бўлган ўқувчи бор. Уларнинг бири танаффусдан фойдаланиб ташқарига чиққан, иккинчиси эса синфда экан.
Исмоилбек Ибрагимовга юзландик, ҳар ҳар замонда болажон бизга кулиб қараб қўяди. Жажжигина бармоқчалари билан ниманидир ҳисоблаётгандек туюлди бизга. Савол берсак, негадир жавоб бергиси келмади. Устозининг айтишича, кўзларида меҳр лиммо-лим тўла бу болажон оиладаги носоғлом муҳит сабабли ақли заифроқ бўлган. Лекин яхши тушунади, ёзади, шеърларни ёдлайди, оғзаки нутқи ҳам анча шаклланди. Чет тилларни ҳам ўзлаштиряпти. Бу болада ўзгариш, интилиш жуда яхши.
– Инклюзив таълимда иккинчи йил ишлашим. Биринчи йилдаги ўқитувчиларимиз билан бамаслаҳат иш кўрдик, - дейди бошланғич синф ўқитувчиси Шоҳида Ғофурова. – Натижаларимиз ёмон эмас, болаларимизда ўзгариш катта. Масалан, Мустафо Қодиржонов, деган ўқувчимиз бор. Нутқида нуқсони бор. Кеча диктант олганимизда қўлидан ушлаб ёздирсам, ўзи ёзди. Қувониб кетдим. Олдин умуман гапирмас эди, ҳозир анча гапларни ўрганиб олди. Синфга кириши билан салом беради, ниманидир ўргатсам ёки синфдошлари ёрдам берса, “раҳмат” дейди. Уларнинг ҳар бир ютуғидан қувонаман. Энг муҳими, уларда ҳаракат бор. Атрофидаги тенгдошларига қараб интилади, улар билан тенгматенг бўлишга иштиёқ кучли.
Инклюзив таълимда ногиронлиги бўлган ўқувчи мактаб ҳудудида эмин-эркин ҳаракатлана олиши керак. Бунинг учун, албатта, қулай ҳожатхоналарни қуриш, лифтларни ўрнатиш керак, деб ўйлайман.
Холис ўқитувчи сифатида яна шуни айтаманки, инклюзив синфларда электрон доскага ҳам эҳтиёж бор. Ногиронлиги бўлган бола қачонки катта экранда кўрсагина, маълумот бўйича таассуроти кенгаяди. Шунингдек, ўқувчиларга энг кераклиси, тизимга ўқув дастур киритилиши лозим.
Шуни ҳам таъкидлашим керакки, инклюзив синфимдаги ногиронлиги бўлган болаларимизнинг оилавий шароити ҳам оғирроқ. Шунинг учун улар ўқув қуроллари, мавсумга мос кийим-кечаклар билан таъминланиши муҳим, деб ҳисоблайман.
Яқинда бир бола келди. Оёғида юролмайди, дефектолог унинг нутқида ҳам нуқсони борлигини айтди. Онасига бу ҳақида айтсак, мактабга келишига қаршидек туюлди. Бу бола ҳам ўқишга, ўрганишга ҳақлилигини, бошқа болаларга қўшилиши кераклигини айтдик. Онаси уйдагилари билан маслаҳатлашиб кўришини айтди. Мунтазам равишда ота-оналар ўртасида тушунтириш ишларини ҳам олиб боряпмиз. Дарс ўтаётган пайтимиз ногиронлиги бор болалар бутун вужуди билан, меҳр билан бизни тинглашади, уларда атрофни ўрганишга қизиқиш кучли.
Кейинги манзилимиз тумандаги 289-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби бўлди.
Мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Айсулув Матазизова билан мавзу юзасидан узоқ гаплашдик.
– Бизнинг мактабда биринчи синфда 1 та инклюзив синф бор. Бу синфда 2 нафар ўқувчи таҳсил олади, – деди у. – Аммо иккаласининг ташхиси икки хил. Уларнинг бири ақли заифроқ, иккинчисининг эшитиш даражаси пастроқ. Ҳозир операция ва тиббий даволаш сабабли эшитиш даражаси пастроқ бўлган боланинг эшитиш даражаси соғлом болалар даражасига етказилган, фақат илгари яхши эшитмагани учун нутқи ривожланишдан орқада қолган.
Уларнинг иккаласига ҳам ўқитиш учун алоҳида режа тузилади. Дарс вақтида ҳам, дарсдан кейин ҳам шу режа асосида ишланади.
Яқинда инклюзив таълим учун мактаб директори ҳам, ўринбосари ҳам, психолог ва инклюзив синф раҳбари 144 соатлик онлайн ўқув курсида ўқидик.
Бир нарсани кўп кузатяпмиз, соғлом бола носоғлом болага ўргатяпти. Кўзига қараб туради, нимани билмаяпти, шуни ўргатишим керак, деб. Масалан, нутқида ортда қолган қизимизга синфдошлари гапиришни ўргатяпти. Аввал исмини айтишни, гапларни тўлиқ гапириши учун у билан тенгма-тенг ҳаракат қилишяпти.
Қандай муаммолар бор?
– Бизда махсус педагог йўқ, - дейди Айсулув Матазизова. – Биз уни алоҳида штат орқали қабул қилишимиз керак. Яқинда бизга бу бўйича хат келиб тушди. Яъни, энди штат очилди. Аммо энди махсус педагог топиш муаммо бўляпти. Нимага десангиз, инклюзив синфимиздаги 2 нафар ўқувчида икки хил ташхис бор. Яъни, педагог ақли заифроқ бола билан ҳам, сурдо билан ҳам шуғулланиши керак. Бунинг учун бизга дефектолог керак.
Инклюзив мактабларда асосан дифектолог, сурдо педагогга эҳтиёж катта. Аммо олий таълим даргоҳларини айнан шу бўйича битираётганлар мактабларда ишламаяпти. Улар асосан хусусий таълим даргоҳларида ҳамда поликлиникаларда ишлаяпти.
Мактабимиз катта массивда жойлашган. Аммо атрофимизда таълим бериш қобилиятига эга сурдо педагог йўқ. Ўқувчимиз қўшимча дарсга профессорга Чирчиққа қатнаяпти. Балки ишлайман деган битирувчилар билмаслиги учунми ёки тарғиботнинг етарли эмаслиги учунми вакант жойлар кўп.
Мактабнинг микроҳудудида қандай ташхис бўлишидан қатъи назар, инклюзив бола келса олиш белгиланган. Масалан, мактабимизда таянч ҳаракат системасида нуқсони бор бола келадиган бўлса, бундай бола учун мактабимиз тайёр эмас. Ногиронлик аравачаси чиқадиган махсус жой бор, аммо қолгани йўқ. Ногиронлик аравачасига мўлжалланган парта ҳам, бошқа керакли ўқув жиҳозлари ҳам ҳозирча йўқ. Бу борада бизга 13 турдаги методик қўлланмалар кириб келган. Бунинг ҳам 3 таси бизга мос эмас, қолганидан фойдаланяпмиз.
Ойбек ИСОҚОВ,
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси:
– Очиғини айтиш керак, бизда имконияти чекланган болаларнинг бошқа соғлом болалар билан тенг шароитда ўқиётгани ҳақида мақтаниб бўлмайди.
Инклюзив таълим тушунчасини ўзи кўпчилик билмайди. Масалан, ҳозир 42 та инклюзив мактаб ташкил этилгани ҳақида айтиляпти. Лекин реал олиб қараса, улар инклюзив мактаб талабларига жавоб бермайди. Келинг, изоҳлаймиз.
Мактабларнинг аксариятида биринчи қаватда битта синфда ногиронлиги бўлган болаларни йиғишяпти, ўқитувчилар дарс беришяпти. Мактабдаги бошқа ўқувчилар эса уларни нега алоҳида хонага қўйишганига қизиқишмоқда. Энди тасаввур қилинг, бу ногиронлиги бўлган боланинг психологиясига қандай таъсир қилади?
Аслида инклюзив таълим дегани ногиронлиги бор болаларнинг ногиронлиги йўқ ўқувчилар билан биргаликда ўқишидир. Лекин мактабларда уларни алоҳида синф қилиб қўйишяпти. “Алоҳида синф” бу инклюзив эмас. Бу инклюзив таълимга тўғри келмайдиган тажриба. Биз бунинг сабабини сўраганимизда, мактаб маъмурияти буни ногиронлиги бор болаларнинг 3-4 қаватларга чиқолмаслиги билан изоҳлашди. Хўш, унда нега инклюзив мактаб дейишади? Ногиронлиги бор бола бемалол ҳаракатлана олмаса, буни рўкач қилиб, уларнинг ҳаммасини бир синфга йиғишса, унда инклюзив мактаб, деб бошқаларни чалғитишдан кимга наф?
Ўрганганимизда ушбу мактабларда тўсиқсиз муҳит яратилмаганига амин бўлдик. Ногиронлиги бор болаларни қандай ўқитиш кераклигини ўқитувчиларнинг ўзи ҳам билмайди. Чунки бу бўйича методикалар етишмайди. Педагогика йўналишидаги ОТМлар ўқув дастурларига инклюзив таълим бериш методикасига оид фанлар киритилмаган. Шунинг учун аксарият ўқитувчиларимиз инклюзив таълим нималигини билмайди. Ўйлашадики, мактабга ногиронлиги бор болалар келса, шу мактаб инклюзив мактаб бўлади. Йўқ, ундай эмас. Аслида уни ўқитиш методикаси бор.
Шу ўринда яна бир масалага тўхталсам. Пайсалга солиб келинаётган, ҳукуматнинг назаридан четда қолиб кетаётган камчиликлардан бири бу йўналишга бюджетдан алоҳида пул ажратилмаслигида.
Пул бўлмаса, мактаб директори қандай қилиб лифт қўяди? Қандай қилиб шароит яратади? Қандай тўсиқсиз муҳит яратади? Буни ўз ҳисобидан қилаётган мактаблар ҳам бор. Аммо бу тизимли ўзгартириш эмас. Тизимли бўлиши учун республика ва маҳаллий бюджетлардан инклюзив таълим учун алоҳида маблағ ажратилиши керак.
Яна битта масалага эътибор қаратиш керак, деб ўйлайман. Яъни, инклюзив таълим бўйича қонун ишлаб чиқиш лозим. Шунда тизимдаги барча йўналишларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланади.
Тўғри, ногиронлиги бор болалар учун алоҳида мактаб-интернатлари бор. Лекин ушбу интернатлар, мисол учун, 120 мингта бола бўлса, шундан кўпи билан 40 мингини қамраб олади. Қолганлар-чи? Уйда ўқийди, дейилади. Уйда ўқитиш методикаси ҳам катта масала.
Бир нарсани унутмайлик, боланинг билим олиш қобилияти улар учун мос муҳит яратилишига кўп жиҳатдан боғлиқ.
Депутат нима дейди?
Дилбар МАМАДЖАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Миллий қонунчилигимиз ногиронлиги бўлган болаларга ҳам ўз салоҳиятини юзага чиқаришда тенг ҳуқуқ беради. Конституциямизда таълим олиш ҳуқуқи кафолатланган. Демак, ногиронлиги бўлган болалар ҳам бошқа тенгдошлари каби мактабга боришга, дарсга қатнашга, билим олишга ҳақли.
Ушбу масалада ўз сайлов округимда назорат-таҳлил ишларини олиб бордим. Маълум бўлишича, Фарғона туманида 5 та мактабда инклюзив синфлар ташкил этилган. Уларда 8 нафар ногиронлиги бўлган болалар қамраб олинган. Ўрганишлар олиб борганимизда ушбу мактабларда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни бошқа (соғлом) болалар билан бирга таълим олиши учун шароитлар яратилганига гувоҳ бўлдик.
Халқ демократик партияси ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш тарафдори. Ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш, уларга бошқалар каби тенг имкониятларни таъминлаш керак, деб ҳисоблаймиз. Маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан бирга инклюзив таълим масаласини, Президент қарорида белгиланган вазифалар қандай ижро этилаётганини манзилли ўрганиб, парламентда масъул вазирлик-идоралар билан бирга муҳокама қилишни режалаштирганмиз.
* * *
Мавзуга умумий ёндашишга, асосий масалаларни кўрсатишга ҳаракат қилдик. Инлюзив таълимни жорий қилиш осон бўлмаган жараён, бунга босқичма-босқич борилади. Биз ҳам мавзуга шу билан якун ясамоқчи эмасмиз. Яқин кунларда вазирликлар, мутасадди ташкилотлар эшигини шу масалада яна тақиллатамиз. Кейинги мақолаларда олий таълимдаги инклюзив таълимга тўхталамиз. Ушбу мавзуга, реал жараёнга янада чуқурроқ киришга, масъуллар ва томонларнинг фикрлари, таклиф-мулоҳазаларини кенгроқ кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
Ҳар бир бола – бир дунё. Ногиронлиги бор болалар ҳам кўп нарсага эришиши мумкин. Шуни қанча кенг ва аниқ тушунсак, албатта, инклюзив таълимни ривожлантиришга эришамиз.
Қўш саҳифани “Ўзбекистон овози”
мухбири Лазиза ШЕРОВА тайёрлади.
«Ўзбекистон овози», 7.02.2023, №5