ДАХЛДОРЛИК ЗАНЖИРИ барча масъулларни юртпарварлик ҳисси ила боғлаб туради

 

Бугун юртимиз улкан қурилиш майдонига айланди, ўтган қисқа даврда юртимизда замонавий массивлар, бинолар ва уй-жой мажмуалари қад ростламоқда, инфраструктура ривожланмоқда. Ҳаттоки, энг олис қишлоқда ҳам шаҳардагидан қолишмайдиган замонавий уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилаётганини кўриб кўзингиз қувонади.

Халқимизнинг “Уйи борнинг ташвиши йўқ, чунки унинг бошпанаси бор” деган гапида чуқур маъно бор. Топиб айтилган гап-а? Буни, айниқса, ўз уй-жойига эга бўлмаган, йиллар давомида шу орзу билан яшаган одамлар яхши ҳис қилади, бу гапнинг қанчалик аҳамиятли эканини шу ташвишни бошидан ўтказганлар билади. Бизнинг халқимиз учун уй-жой – бу Ватан ичра кичик ватандир. Инсоннинг дунёга келиши, шахс сифатида камол топиши, фарзандларни вояга етказиш, миллий урф-одат ва тарихий анъаналарни давом эттириш, тўйлар қилиш каби эзгу анъаналар айнан уй-жойда амалга оширилади. Саодатли яшамоқнинг моҳияти ҳам шу аслида.

Бугун мамлакатимиз аҳолиси сони 37 миллионга тенглашиб турибди. Табиийки, аҳоли сонининг кўпайиши билан уй-жойга бўлган талаб ҳам шунга мос равишда ошиб боради. Лекин турар жойларга бўлган талаб ва таклиф ўртасида мувозанат бузилиши мамлакатда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун ҳам мазкур омилни ҳисобга олиш ва аҳолини уй-жой билан таъминлаш сиёсати давлатимизнинг асосий йўналишларидан бирига айланган.

Айтиш мумкинки, Янги Ўзбекистонда фуқароларнинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши, уларни муносиб яшаш шароити ва уй-жой билан таъминлаш борасида жуда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ёш оилалар ва ижтимоий кўмакка муҳтожлар учун уй-жойлар ажратилиши, бирламчи ва иккиламчи бозорда уй-жойлар хариди учун имтиёзли кредит линиялари йўлга қўйилиши, субсидиялар берилиши, асосийси, ҳар бир ҳудуд талабидан келиб чиқиб замонавий уй-жойлар қурилиши каби чора-тадбирлар фикримизга далил бўла олади. Зеро “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир”, деган эзгу даъватни ўзига шиор қилиб олган юртбошимиз бор экан, ҳар қандай муаммога ечим топилади, ҳаттоки уй-жой масаласида ҳам.

Бугунги шиддатли замон барчамиздан изланишни, янгича фикрлашни, фидокорона ишлашни тақозо этмоқда. Бу масалада ҳам шахсий намуна кўрсатаётган Президентимиз ўз Конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда, ҳар бир соҳани янада ривожлантириш бўйича муҳокамалар ўтказиб, амалга оширилган ишларни танқидий руҳда чуқур таҳлил қилиб, сарҳисоб қилаётганликлари ҳамда галдаги вазифаларни қўяётганликлари раҳбарларнинг халқ олдидаги масъулиятини кучайтирмоқда, уларни “доимо уйғоқ ва сергак” бўлишга ундамоқда.

Навбатдаги сарҳисоб йиғилиши Президентимиз бошчилигида уй-жой қурилиши, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология масалалари муҳокамасига бағишлаб ўтказилди ва унда соҳадаги долзарб муаммолар таҳлил қилинди, танқидий фикрлар билдирилди ва истиқболдаги режалар белгиланди.

Президентимиз аҳолини уй-жой ва коммунал хўжалигини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларни изчил давом эттиришга ҳаракат қилаётганлиги, соҳа мутасаддиларини ҳам бу ишга катта масъулият ва куюнчаклик билан ёндашишга ундаётганлиги замирида ҳар бир юртдошимизни ана шундай бахтли-саодатли кўриш истаги мужассам. Давлатимиз раҳбари томонидан айтилган “Менинг энг катта ниятим шуки, Ватанимиз ичра ҳар бир инсон ўзининг “кичик ватани”га – уй-жойига эга бўлса, халқимиз ҳам, Яратган ҳам рози бўлади” деган эзгу истак янгиланган Конституциямизда ҳам ўз аксини топди.

Кейинги йилларда Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда ипотека кредити бозорини янада ривожлантириш, аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тақдим этиш, хусусий пудрат ташкилотларини замонавий кўп қаватли уйлар қурилишига кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ўтган йилнинг ўзида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 90 минг оила учун янги квартиралар олишга шароит яратиб берилган бўлса, яқин 2-3 йилда бу рақамни 200 мингга етказиш устида ишланмоқда.

Лекин нега уй-жой, коммунал соҳасидан халқимиз энг кўп норози бўлмоқда?! Нима сабабдан соҳани тартиб солиш масаласида масъуллар эмас, давлат раҳбари қайғуриши керак, деган саволлар кишини ўйлашга мажбур қилади.

Албатта, уй-жойли бўлиш оилага хурсандчилик олиб келади. Афсуски, лойиҳа, тендер, қурилиш ва объектни қабул қилиш билан боғлиқ барча жараёнларда коррупция ҳолатлари ҳамда қурилишдаги “обнал” ва “ўғирлик”лар сабабли, биз сифатсиз қурилган уйнинг эгасига айланамиз. Қурилишларга ажратилган бюджет маблағларини мақсадсиз ишлатиш, талон-тарож қилиш ҳолатлари қурилаётган уй-жойларнинг сифатига таъсир кўрсатмай қолмайди.

Айтиш керак, соҳадаги энг катта муаммо лойиҳа ташкилотларининг объект қийматини имкон қадар “шиширишга” ҳаракат қилишидир. Чунки лойиҳа қанча қиммат бўлса, лойиҳачи шунча кўп пул олиши ҳеч кимга сир эмас.

Қурувчилар учун молиявий ресурс йўқлиги сабабли, улар аҳоли маблағларини пойдевор қуйиш босқичида  жалб қилиб, улушдор сифатида расмийлаштирмоқда, натижада айрим нопок қурувчилар ҳисобига одамлар ҳимоясиз қолмоқда. Бугунги кундаги амалиётга мувофиқ, кадастр ҳужжати йўқ уйга ипотека кредити бериш мумкин эмас. Айрим нопок қурувчилар одамларнинг ишончига кириб, уларга уй ёки биноларни қуриб беришни ваъда қилиб, ваъда қилинган уйларни қуриб бермасдан ёки бошқасига сотиб юбориб, “чув” тушириб кетмоқда. Мазкур муаммони бартараф қилиш учун уй-жой қурилишига аҳолининг улушдор бўлиб киришини ҳуқуқий тартибга солиш зарур.

Шу каби ҳолатлар уй-жой коммунал хўжалиги соҳасини ҳам четлаб ўтмаган. Кўп қаватли уйларни иссиқлик ва сув таъминоти соҳаларини ўзгартириш учун масъулларда ваколат, имконият, шароит  бор, аммо изланиш, ташаббус етишмайди. Сув, электр энергияси, иссиқлик энергиясини тежаш ҳақида бонг урамиз, лекин уни қай йўл билан тежаш мумкинлиги ҳақида изланмаймиз, “бугунги куним ўтса бўлди” қабилида кунимизни ўтказамиз.

Бир жиҳат борки, аҳолини қийнаб келаётган уй-жойга эга бўлиш, уни сотиб олиш ва ҳужжатлаштириш, кадастр, сув, иссиқлик, электр, чиқинди, ижтимоий инфратузилма, коммуникация каби бири бирига чамбарчас соҳаларни тартибга солишда, шунга монанд, бунинг учун масъул идора ва ташкилотлар бир ёқадан бош чиқариши, “сен менга тегма” қабилида иш юритишдан воз кечиши, мутасаддилар онгу шуурида юртпарварлик, халқпарварлик ҳис-туйғулари жўш уриши талаб этилади. Ана шу масъулият уларни бир чизиққа тушишига имкон яратади. Бунда биринчи навбатда соҳа раҳбарлари намуна кўрсатишлари зарур.

Парламентимиз томонидан уй-жой соҳасидаги муносабатларни тартибга соладиган қонунчилик ҳужжатлари “чиғириқдан ўтказилмоқда”. Хусусан, айни кунларда Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой, Шаҳарсозлик кодекси, “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”, “Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатини бошқариш тўғрисида”ги қонунлар, соҳага оид кўплаб қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилмоқда. Соҳадаги муаммо ва камчиликларнинг олдини олиш, бартараф этиш – бугунги куннинг долзарб вазифаси. Тизимни коррупциядан ҳоли қилишнинг энг мақбул йўли – уни рақамлаштириш ҳамда турли платформа ва лойиҳаларни йўлга қўйишдир.

Умуман олганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда инсон қадрини улуғлаш, инсонларга енгиллик ва қулайликлар яратиш олий мақсад қилиб олинган. Бу каби ишларни амалга оширишда албатта сиёсий ирода, ташкилотчилик ва узоқни кўра олиш қобилияти ўз самарасини беради. Ишончимиз комилки, бу каби ислоҳотлар ичида жавлон уриб меҳнат қилган,, ўз миллатининг дардига дармон бўла олган раҳбаргина ўз халқининг қалбида мангу яшайди.

 

Дилбар МАМАДЖАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш