2019 йилги Парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловлардан сўнг Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутатлик корпуси орқали амалга оширишни режалаштирган 12 қадамдан иборат асосий дастурий мақсадларини белгилаб олган эди. Газетамизнинг аввалги сонида биринчи қадам (Яшаш минимумини белгилаш тартибини ишлаб чиқиш ва ҳаётга жорий этиш) ҳақида атрофлича маълумот беришга ҳаракат қилган эдик. Бу сонда иккинчи қадам ҳақида гаплашмоқчимиз.
Мақсад ҳар бир инсоннинг ҳаётий зарур ижтимоий хизматлардан бепул фойдаланишини қонунчилик даражасида ва реал ҳаётда кафолатланишига эришиш эди. Хусусан, фуқароларнинг таълим олиш, ижтимоий ҳимоя, малакали юридик хизматдан фойдаланиш ҳуқуқларини кафолатлаш кўзланган эди.
Ижтимоий хизматлар ўзи нима?
Бугунги кунда ижтимоий хизматлар соҳаси замонавий фуқаролик жамиятининг ўзига хос инс титути сифатида намоён бўлмоқда. Ижтимоий хизматларнинг институтлашуви масаласи хорижий давлатлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш концепцияларида ҳам ўз аксини топмоқда.
Давлат ва одамлар ўртасидаги муносабатлар кейинчалик профессионал характерга эга бўлган ижтимоий хизматларга айланади. Ижтимоий хизматлар деб асосан соғлиқни сақлаш, фан, таълим, маданият каби соҳаларда кўрсатиладиган хизмат турларига айтилади. Улар очиқлик, шаффофлик, ошкоралик тамойилларига таянади.
Ижтимоий хизматлардан бепул, бемалол фойдаланиш имкониятини яратиш дегани ҳамма нарса текин бўлсин деган мазмундан, ожиз мафкурадан бутунлай йироқ.
Бу ўринда асосий масала фуқароларнинг ижтимоий ҳолати, келиб чиқиши, иқтисодий имкониятларидан қатъи назар, уларга Конституциядаги ҳуқуқларини амалга ошириш учун шароит яратилиши билан боғлиқдир.
Масалан, бола қандай оилада туғилмасин, бошланғич ва мактаб таълимини олиши зарур, буни давлат кафолатлайди.
Инсон бемор бўлиб ҳаётига хавф юзага келганда, давлат соғлиқни сақлаш тизими орқали уни ҳимоялаш чораларини кафолатлаши муҳим.
Инсон шаъни, қадр-қимматини асраш, ўзини ҳимоя қилишга муҳтож бўлиб қолганда, ижтимоий, иқтисодий ҳолатидан қатъи назар, унинг устувор ҳуқуқлари ҳимояланиши зарур.
Бошқачасига айтганда, давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматлар давлат ва жамиятни ўзаро ишонч, масъулият билан боғлаб турувчи муҳим институтлардан биридир.
Халқ демократик партияси кўзлаган мақсад ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги деган ҳаётий тамойилга, халқимизнинг тарихий турмуш тафаккурига асослангани яққол тушунарли.
Мақсад қанчалик амалга ошди?
Ижтимоий хизматлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 августда “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори қабул қилинди. Унга кўра, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да рўйхатга олинган оилаларга бепул ёки имтиёзли шартларда қатор ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатилиши йўлга қўйилди.
Жумладан:
▪ давлат мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар тўловидан озод этиш;
▪ мактабгача таълим муассасаларида ўрнатилган миқдорларда ота-оналар тўловини тўлаш;
▪ умумий ўрта таълим мактабларида дарсликлар ижара тўловларидан озод этиш;
▪ умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари учун қишки кийим-бош бериш;
▪ айрим фанларни ўқитишга ихтисослаштирилган умумий ўрта мактаблар ўқувчиларини овқатланиш харажатларидан озод этиш;
▪ санъат мактаблари, мусиқа мактаблари, «Баркамол авлод» марказлари ва бошқа мактабдан ташқари таълим муассасаларида ўқиш харажатларидан озод этиш;
▪ кам таъминланган оилаларнинг ногиронлиги бўлган аъзоларини протез-ортопедия мосламалари билан таъминлаш;
▪ ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида бепул махсус (амбулатор ёки кундузги) тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича йўлланма (ордер) олиш каби ижтимоий хизматлар белгиланган.
▪ “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими нафақат ижтимоий хизматлар ва ёрдамнинг манзиллилигини ошириш имконияти, балки, ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам аҳолининг эҳтиёжманд қисмини қисқа муддатларда аниқлаш, уларни давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва самарали воситасига айланиб боряпти.
Таълим ҳуқуқи бўйича
Ўзбекистон аҳолисининг деярли 60 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилишидан мамлакатимиз равнақи учун таълимнинг аҳамияти нечоғлик эканини англаш қийин эмас. Демак, юртимизда таълимнинг узвийлиги, сифати, ҳамма учун тенг имконият яратилгани жуда муҳим.
Шу сабабдан Ўзбекистон Республикаси янгиланган Конституциясининг 50-моддасида “Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга” эканлиги, давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлаши белгиланди.
2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.
Қонуннинг 5-моддасига кўра, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар кимга таълим олиш учун тенг ҳуқуқлар кафолатланади. Фақат қонун эмас, ҳаётда реал натижалар ўсиб бормоқда.
Яқинда Президент бошчилигида ўтказилган йиғилишда қувонарли рақамлар айтилди. 3-6 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамров даражаси 2017 йилги 27 фоиздан 2023 йилда 72 фоизга етган. Олий таълимдаги қамров эса 9 фоиздан 42 фоизга етган.
Ўзбекистонлик миллионлаб болалар 10 мингдан ортиқ мактабларда бепул таълим олмоқда.
Тиббиёт соҳаси бўйича
Мамлакатимизда аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Халқ саломатлиги, миллат генофонди мустаҳкамлиги шу давлатнинг катта бойлиги саналади.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон аҳолиси 2024 йил 1 январь ҳолати бўйича 36 799 800 кишини ташкил этади. Рақамлар мамлакатимизда инсон ресурслари шиддат билан ўсаётганини кўрсатмоқда.
Бош Қомусимизнинг 48-моддасида ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилган.
Давлат ҳисобидан кафолатланган тиббий хизматни ривожлантириш мақсадида 2021 йилдан бошлаб, тиббиётнинг бирламчи бўғинида аҳолини 66 турдаги, 2022 йилда эса 120 турдаги дори воситалари билан бепул таъминлаш йўлга қўйилди.
Натижада ҳозирги вақтда бирламчи зарур дори-дармонларни аҳоли тиббиётнинг бирламчи бўғинидан олаётир.
Давлат тиббий-санитария хизматларининг кафолатланган ҳажми доирасида қуйидагиларни ўз ичига олувчи бепул тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлайди:
▪ шошилинч, кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш;
▪ соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинида ва қатор давлат даволаш-профилактика муассасаларида, аввало, қишлоқ жойларда тиббий хизмат кўрсатиш;
▪ қатор юқумли касалликларга қарши аҳолини иммунлаштириш ва вакцинациялаш;
▪ ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ва атрофдагилар учун хавф туғдирадиган касалликлар (сил, онкологик, руҳий, наркологик, эндокринологик касалликларга чалинган беморлар ва касб касалликларига чалинган шахслар) бўйича ихтисослаштирилган тиббий ёрдам;
▪ болаларни текширувдан ўтказиш ва даволаш (пулли шифохоналардан ташқари);
▪ 15–17 ёшли ўсмирлар ва чақирув комиссиялари йўналишлари бўйича чақирув ёшидаги (18-27 ёшли) шахсларни текширувдан ўтказиш ва даволаш;
▪ туғруқ вақтида ёрдам берадиган хизматларни кўрсатиш (пулли муассасалардан ташқари);
▪ имтиёзли тоифага мансуб беморлар (ногиронлиги бўлган шахслар, уруш фахрийлари, тўлиқ етимлар)ни давлат даволаш-профилактика муассасаларида даволаш каби бепул тиббий хизматлар олиш имконияти яратилган.
Бундан ташқари, ихтисослаштирилган марказларда бепул даволанадиган касалликлар рўйхати шакллантирилиб, тиббий ёрдам учун йўлланма электрон навбат асосида берилиши йўлга қўйилди. Суғурта тизимига асосан маблағлар шифохонага эмас, балки аниқ беморга ажратилмоқда.
Юридик ёрдам бўйича
2023 йил июнь ойида “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Қонуннинг 9-моддасида қуйидаги жисмоний шахслар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган. Булар:
1) кам таъминланган шахслар, агар улар:
фуқаролик ишлари бўйича даъвогарлар ёки жавобгарлар;
маъмурий ишлар бўйича аризачилар;
маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазо назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар;
жиноят ишлари бўйича гумон қилинувчилар, айбланувчилар, судланувчилар, шунинг дек, маҳкумлар бўлса;
2) руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахслар, уларга «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда;
3) ўз ҳуқуқлари бузилган, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган жисмоний шахслар;
4) Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ жиноят иши бўйича адвокат иштирок этиши шарт бўлган тақдирда, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчилар давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлди.
Қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам юридик ёрдамдан фойдаланиш кафолатлари мустаҳкамланган.
Асосли хулосалар
Биринчидан, эътибор берсак, муҳим ижтимоий хизматлар кўрсатилиши билан боғлиқ ҳужжатлар кейинги 4-5 йил ичида қабул қилиниб, ҳаётга жорий этилмоқда.
Иккинчидан, муҳтож одамлар керак пайтда зарур хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу давлатнинг нафақат масъулияти, балки иқтисодий куч-қудрати ҳам халқимиз эҳтиёжларига муносиб даражада ошаётганини билдиради.
Факт ва далиллар Халқ демократик партияси дастурида белгилаб олган ҳар бир инсоннинг ҳаётий зарур ижтимоий хизматлардан бепул фойдаланишини қонунчилик даражасида ва реал ҳаётда кафолатланиши мақсадига босқичма-босқич эришаётганини кўрсатмоқда. Ҳали олдинда вазифалар кўп, депутатлар, партия фаоллари буни яхши тушуниб, масъулиятини ҳис этиб турибди, деган умиддамиз.
Ўйлаб қаралса, ижтимоий хизматлар кафолатланаётгани учун миллионлаб одамлар ҳуқуқларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда. Оғир вазиятлардан чиқмоқда, турмуши яхшиланмоқда. Бу бутун давлат ва жамиятимизнинг ҳам улкан ютуғидир.
Аҳмад ҚУРБОНОВ,
“Ўзбекистон овози” мухбири.