Қамров ва сифат уйғунлиги таълим тизими самарадорлигининг зарур шартига айланди

 

Ҳар бир инсон фарзандига дунёдаги барча яхшилигу эзгуликларни тилайди. Ўзимиз етиша олмаган орзуларимиз, режаларимизга фарзандларимиз эришишини хоҳлаймиз. Ёки аксинча, хатоларимиз фарзандларимизда ҳам такрорланишини истамаймиз. Имкон қадар улар ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашамиз. Сир эмаски, болаликда эгалланган билим инсон хотирасида бир умр қолади.

 

Президентимиз раислигида шу йил 5 февраль куни ўтказилган ижтимоий соҳадаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда таълим тизимидаги аҳвол танқидий таҳлил қилиниб, келгуси режалар белгилаб берилди.

Мактабгача таълим соҳасидаги ислоҳотлар натижасида бугунги кунда юртимизда мактабгача таълимда қамров 74 фоизга етди. 2016 йил билан таққосласак, бу кўрсаткич ўша йили 27 фоизни ташкил этган.

Мактабгача таълим боланинг ҳиссий ривожланиши, шахсиятини шакллантириш ва унинг жамоадаги ролини англашига кўмак берадиган воситадир. Болалар айнан боғчада интизом ва масъулиятни ўрганади. Дунёга бошқа нигоҳ билан қарай бошлайди. Ўз вақтида овқатланиш, инсон саломатлиги учун муҳим бўлган бир режимга тушишни ўзлаштиради. Бошқаларни ҳурмат қилиш ва ўзини жамоанинг бир қисми деб билишга одатланади. Баъзан оила аъзоларидан узоқлашиш болаларга мустақиллик ва масъулиятни тўлиқ намоён қилиш имконини беради. Бола ўзи кийинишни, овқатланиш ва ҳатто ўйнашни бошлайди. Дунёни англаш, онгни ривожлантириш осон кечади. Умуман, болалар боғчаси ўзига хос параллел дунё бўлиб, бола тинглашни-эшитишни, қарашни-кўришни, таққослашни, ҳис қилиш ва синаб кўришни ўрганади, ҳатто сиз ҳаракат қилсангиз ҳам уйда яратиб бера олмайдиган муҳитда ҳаётга тайёр бўлиб боради.

Фарзанднинг боғчага бориши ота-оналар учун ўз мақсадларини амалга ошириш, мажбуриятини тўкис бажариш имкониятини яратади.

Биринчидан, ота ҳам, она ҳам меҳнат қилиб, илм-ҳунар тутиб, ижтимоий-иқтисодий фаол инсонларга айланади.

Иккинчидан, даромад топиб, оиласининг турмуш шароитини яхшилаш, болаларини яхши боқиш, ривожлантириш учун қўшимча жамғарма тўплай олади.

Учинчидан, ота-оналар кўпроқ вақтга эга бўлиб, ўзини ҳам ривожлантиради.

Бу омиллар нафақат оилалар, бутун жамият яхшиланишига асос бўлади. Шулар ҳақида ўйласак, Президентимизнинг қатъий иродаси ва талаби билан мактабгача таълим қамрови 74 фоизга етказилгани нақадар муҳим экани янада ойдинлашади. Албатта, бундай натижаларга осонлик билан эришилаётгани йўқ. Ҳали жойларда камчиликлар, ҳақиқий сифат босқичига ўтиш бўйича катта вазифалар турибди.

Йиғилишда бу йил давлат боғчалари қуввати яна 10 минг ўринга, хусусий боғчаларда 50 минг ўринга оширилиши лозимлиги, олис қишлоқ жойларда боғча ташкил этиш ишларини кучайтириш кераклиги таъкидланиб, зарур топшириқлар берилди.

 

Фарзандлар ютуғи бизнинг муваффақиятимиздир

Болаларнинг мактабгача таълим билан қамровини ошириш ҳақида гап борар экан, уларга таълим берувчи тарбиячиларнинг билимини оширишга эътибор қаратиш ҳам муҳим масалалардан биридир. Афсуски, ҳар йили боғча тарбиячиларининг ўртача бор-йўғи 9 фоизи малака оширишга интилмоқда.

Ҳар бир оиланинг фарзанди мактабгача таълим ташкилотига бориши учун интилаётган эканмиз, уларнинг қимматли вақти зое кетмаслигига ҳам масъулмиз. Боғчада болалар қизиқарли ўйинлар, белгиланган дастурлар асосида билимга эга бўлиб бориши, вақтини чоғ ўтказиши зарур.

Юртимиздаги 12 мингта оилавий боғчада давлат таълим стандартидаги ўқув-методик материаллар етарли эмаслиги ўринли танқид қилинди. Боғча болалар иштиёқ билан борадиган, интиладиган севимли масканга айланиши муҳим. Агар боғчалардаги қамровни ошириб, у ердаги тарбиячилар малакасига эътибор қаратмас эканмиз, бу ислоҳотлар занжиридаги узилишга олиб келади.

Шуни инобатга олган ҳолда, 250 та давлат боғчасида таълим ва тарбия сифатини халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизимини жорий қилиш топширилди. Боғчаларни миллий қадриятларимизга мос ягона стандартлар асосида ўқув-методик материаллар билан таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Боғчалар болаларга тарбия, таълим бериш вазифасини астойдил, замон талаблари даражасида бажариши керак. Бунга интилмаган боғчалар, тарбиячилар ота-оналарнинг, асосийси, болаларнинг ишончи, меҳрини қозониши қийин. Шунинг учун ҳар бир мактабгача таълим ташкилоти энди ўзини ривожлантириш ҳақида қайғуриши лозим. Давлатимиз раҳбари белгилаган вазифалар замирида мана шундай чақириқ ҳам бор, албатта.

 

Педагог мақоми қонун билан ҳимояланди

Мактаб имкониятлар эшигини очади. Ўқувчи қайси машғулот мароқлилигини, қандай қобилияти борлигини ажратиб, англаб олиши билан бир қаторда, келажакда қайси касбни танлашини ҳам мактаб даврида ҳал қилади.

Бугунги кунда мактабда аксарият ўқитувчиларнинг касбига муносабати ўзгарган, меҳри ошган. Ўз устида ишлаб, билимини ошириб бораётган, ўзига хос методика асосида ютуққа эришаётган ўқитувчилар эътироф этилмоқда, қадр топмоқда.

Ўқитувчилар ҳурматга энг лойиқ инсон эканини ҳаётнинг ўзи англатиб қўйди. Энди эски қарашлар йўқ. Ўқитувчиларни бир йилда бир маротаба байрамда эъзозлаш эмас, ҳар куни ва ҳар лаҳза қадрлаш лозимлиги ҳаётий эътиқодга айланмоқда.

Мамлакатимизда жорий йил 1 февралдан “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Ушбу қонун билан педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимоясида экани белгилаб қўйилди.

Педагогнинг касбий фаолиятига аралашиш, унинг фаолиятини асоссиз равишда текшириш, педагог томонидан таълим олувчиларнинг билимини тўғри ва холис баҳолашга таъсир кўрсатиш, шунингдек, унга ўз хизмат мажбуриятларини бажаришга тўсқинлик қилиш тақиқланди.

 

Натижа эътиборга мос бўлиши керак

Йиғилишда таъкидланишича, жорий йилда мактабгача ва мактаб таълимига 46 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратиш режалаштирилган. Бироқ ўқувчининг билими режадаги кўрсаткичга етмагани танқид қилинди. Яъни 1-11-синфларда хорижий тилга ажратилган 984 соат доирасида ўқувчиларнинг ярми ҳам “B1” даражага эга бўла олмаяпти. Шунингдек, айрим ҳудудлардаги малака ошириш марказларининг фаолияти кўринмаяпти.

Шундан келиб чиқиб, мактаб таълимидаги ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қаратилган вазифалар белгилаб берилди. Мактабларда математика, физика, кимё, биология ва хорижий тиллар бўйича ўқув режа ва дастурларини халқаро стандартлар асосида янгилаш, ўқувчилар билими, таҳлилий, танқидий ва креатив фикрлаши, муаммоларга ечим топиб, амалиётда қўллай олиш кўникмасини шакллантиришга қаратилган ўқув методикаларини ишлаб чиқиш топширилди.

Шунингдек, мактабларда тарбия ва маънавият оғриқли масалалардан бири экани таъкидланди. Ўтган йили вояга етмаганлар 3,5 мингта жиноят содир этган. Шундан 2280 нафарини мактаб ўқувчилари ташкил қилади. Сўров мактаб директоридан бўляпти, лекин Болалар масалалари бўйича миллий комиссияга масъул ҳокимлар ҳар ҳафта битта мактабга бориб, ўқувчиларнинг шароити ва тарбияси билан шуғулланмаяпти, деди давлатимиз раҳбари.

Мактаб инсонни фикрлашга, таҳлилга, муаммоларни мустақил ҳал қилишга ва ўзини ўзи тарбиялашга ўргатади. Мактабга нафақат билим олиш, балки шахс сифатида етишиш учун борилади.

Жорий йилда Президент мактаблари таълим дастури яна мингта мактабда бошланади. Ҳокимлар эса уларнинг моддий-техник базасини яхшилашга масъул қилиб қўйилди.

Бугунги кунда мактаблар мутлақо янгича форматда бунёд этилмоқда, қўшимча бинолар қурилмоқда, қайта таъмирланмоқда. Ҳар бир мактабни замон талаблари асосида жиҳозлаш, моддий-техник базасини илғор давлатлардаги сингари янгилаш талаби қўйилмоқда. Замонавий ўқув ва бадиий адабиётлар харид қилинмоқда. Лекин таълим мазмунини, дастурлари ва дарсларини кучайтириш, илғор давлатлардаги тажриба билан уйғунлаштириш соҳа фидойиларининг зиммасида бўлиб қолаверади.

Шу маънода, кейинги йилларда таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчиларнинг малакасини янада ошириш масаласига ўзгача нуқтаи назардан ёндашилмоқда. Халқаро тажриба ўрганилиб, энг самарали деб топилган усуллар таълим тизимига олиб кирилмоқда. Дастурлар, меъёр ва стандартлар ўзгарса, албатта, болаларнинг таълим, тарбия даражаси ҳам шунга мос бўлишни бошлайди. Ҳудудлардаги Президент мактаблари ўқувчилари катта натижаларга эришаётгани, ҳар томонлама ўзларини кўрсатаётгани бошқа ўқувчилар, ота-оналарнинг ҳам ушбу мактаблар дастурига қизиқишини оширганини алоҳида таъкидлаш керак.

Таълим соҳасидаги ютуқларимиздан бири мактабларда 500 нафар “тил эгалари” иш бошлагани ўз самарасини бераётганидир. Дунё тилларини пухта билмай туриб, дунёвий билимларни эгаллаб бўлмайди. Фарзандларимизни болаликданоқ бир нечта тилда сўзлаша олишга ўргатиш уларнинг келгусида ҳам ўқиш, билим олиш, ўрганишга бўлган иштиёқини рағбатлантиради.

 

Касб-ҳунар эгаллаш муҳим

Мактабларда ўргатиш мумкин бўлган 50 та касб-ҳунар рўйхати тузилиб, ҳар бири бўйича ўқув ва амалиёт дастурлари ишлаб чиқилади. Бунинг учун мактабларда устахоналар ташкил этилади ва “Касбий таълим устаси” лавозими жорий этилади.

Чиндан ҳам ёшларнинг касб-ҳунарли бўлиши муҳимдир. Ота-боболаримиз касб-ҳунарли бўлиш масаласини бежиз ҳаётий эътиқод даражасига кўтармаган. Бу ёшларнинг ўзини англаши, оилада, жамиятда ўз ўрнини ҳис этиши учун ҳам зарур.

Мактаб таълимини тугатиб, бирор касбни танлай олмаган ўспириннинг бўш қолиши, йўл-йўналиш топа олмаслиги турли оқибатларга олиб келиши мумкин. Касбга ўргатиш амалиёти орқали ёшларга касб танлашда яқиндан кўмакчи бўлиш кўзда тутилган.

Мактабни битираётган ҳар бир ўқувчи ҳеч бўлмаганда битта касбнинг эгаси бўлиб чиқишига эришиш, севган касбини топишга ёрдамлашиш инсоннинг ўзи англамаган истеъдоди, имкониятларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Кўнгилга яқин касбни топиш меҳр бериб ишлаш, дегани ҳамдир. Жамиятда ўз ишини яхши кўриб бажарадиган одамлар, айниқса, ёшлар қанча кўпайса, умумий кайфият ва муҳит ҳам яхшиланади.

 

“Мактаб — ота-она — маҳалла” занжири

Давлатимиз раҳбари таълим соҳасидаги ислоҳотларни босқичма-босқич такомилига етказишни белгилаб берар экан, қўйилаётган ҳар бир вазифа, топшириқ муҳим ва долзарблигини англайди киши.

Мактаблар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, таълим дастурлари, ўқув методикаларини яхшилаш устида шунча иш олиб борилаётган экан, давомат масаласини назардан четда қолдириб бўлмайди. Бу вазифалар, топшириқлар, меҳнатлар ким учун? Албатта, ўқувчилар учун, уларнинг келажаги, ҳаётда ўз ўрнини топиши ва мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиши учун.

Модомики, ота-оналар фарзандларининг мактабга боришини назорат қилмас, маҳалла мактабдан узоқлашар экан, янги натижалар билан хурсанд бўла олмаймиз.

Ҳар бир ота-она фарзанди учун масъул бўлиши шарт. Ҳар бир маҳалла мактабдаги давомат даражасини ўрганиб, мактабга бормаётган ўқувчиларнинг оилавий шароити, муаммоларини ўрганиши, сабабини аниқлаши, ечим топишда кўмакдош бўлиши муҳим.

Катта маблағ, куч, меҳнат сарф қилиниб, таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни масъуллар, ўқитувчи-педагоглар, маҳалла, ота-оналар, умуман, барчамиз бирдек тушуниб, қўллаб-қувватлашимиз лозим. Шунда фарзандларига энг яхшисини тилайдиган халқ эканимиз таълим, тарбия сифатида ҳам яққол кўринади.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари.

“Янги Ўзбекистон” газетаси, 13.02.2024, 31-сон.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш