Президент Фармони ҳақида ҳоким ва сенаторлар қандай фикрда?
Демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлаш бир қатор омилларга боғлиқ. Бунинг учун, аввало, ҳокимиятлар ваколатлари бўлиниши тамойили, ижро ва вакиллик органлари ўртасида бир-бирини тийиб туриш механизми ишлаши муҳим. Бусиз давлат, жамият, одамлар ҳам катта ўзгаришлардан ўтиши қийин.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш, кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари деган муҳим тамойилни амалга ошириш бўйича стратегик вазифалар белгиланган.
Ушбу муҳим вазифаларни бажариш, янгиланган Конституция нормаларини тўлақонли рўёбга чиқариш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш бўйича навбатдаги дадил қадамлар ташланмоқда. Бу узоқ кутилган қадамлар эканини алоҳида таъкидлаш жоиз.
«Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони қабул қилинди. Бу Фармон бутун мамлакатимизда тез овоза бўлди, улкан қўллаб-қувватлашга эришди.
Ҳужжатга кўра, маҳаллий давлат бошқарувида вакиллик ва ижро этувчи органларнинг ваколатлари бир-биридан ажратиладиган бўлди. Бир неча йиллардан буён муҳокама мавзуси бўлиб келаётган ушбу амалий ва ҳуқуқий ўзгаришлар, янгиланишлар ниҳоят амалга ошмоқда. Бу Ўзбекистондаги замонавий давлатчиликнинг катта, тарихий ютуқларидан бири экани таъкидланмоқда.
2017 йилдан бошланди...
2017 йил. Эсингизда бўлса, шунгача Тошкент шаҳри туманларида Кенгашлар йўқ эди. Конституциянинг 99-моддасига ўзгартириш киритилди. Шу йилнинг ўзида Тошкент шаҳар туман Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди ва туманларда ҳам Кенгашлар иш бошлади. Айнан шу йилдан ижро органлари раҳбарлари, шу жумладан, соғлиқни сақлаш, адлия, ички ишлар органлари раҳбарлари ва прокурорларнинг Кенгашлар олдида ҳисобот ва ахборот бериш тизими йўлга қўйилди.
2020 йил. “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартишга кўра, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий-техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш вазифаси ҳокимликлар аппаратидан тегишли халқ депутатлари Кенгаши котибияти зиммасига ўтказилди.
2021 йил. 6 ноябрь куни ўтказилган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида давлатимиз раҳбари шундай деган эди:
“Ривожланган демократик мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб, жамият ва давлат бошқарув тизими айрим раҳбарларнинг субъектив нуқтаи назарига, содда қилиб айтганда, уларнинг қош-қовоғига қараб эмас, аксинча, мустаҳкам ҳуқуқий мезонларга эга бўлган институтлар фаолияти орқали амалга оширилиши зарур. Бу борада олдимизда турган яна бир муҳим масала – халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда ҳокимларнинг ваколатларини аниқ белгилашга оид қонуний асосларни яратиш вақти келди, деб ўйлайман”.
2022 йил. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш бўйича йўл харитасидаги иккинчи ҳамда учинчи мақсад ҳам айнан шу йўналишга қаратилган эди. Яъни, халқ депутатлари Кенгашларини ҳудудлардаги муаммоларни ҳал қилишда асосий бўғинга айлантириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг институционал асосларини замон талабларига мослаштириш...
2024 йил. Жорий йилнинг 2 февраль куни “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.
Кўриниб турибдики, ўтган қисқа вақт ичида катта ислоҳотлар босқичма-босқич олиб борилди. Энг муҳими, ушбу янгиланишлар муҳит ва кайфиятни бутунлай ўзгартиришга асос бўлмоқда.
Ҳокимлар нима дейди?
Фарҳод УМАРОВ,
Вобкент тумани ҳокими:
- Албатта, ҳозирги ўзгаришлар демократик муҳит ривожланиши учун хизмат қилади.
Фармонга кўра, жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этиш билан боғлиқ 33 та вазифа, функция ва ваколатлар маҳаллий Кенгашларга ўтказилмоқда. Яъни, “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида амалдаги тизимни ислоҳ қилишга қаратилган қатор қоидалар белгилаб берилди.
Ҳудудларда ваколатлар тақсимоти, манфаатлар мувозанати таъминланишининг ижобий томонлари жуда кўп. Бу, аввало, маҳаллий даражада демократиянинг энг муҳим талаби бўлган ҳокимиятлар бўлиниши тамойилини амалда таъминлаш, Кенгашларнинг ҳам, ҳокимларнинг ҳам масъулиятини оширишга замин яратади. Буни ҳар бир ҳудуд раҳбари тўғри қабул қилиши керак, албатта.
Ҳокимнинг бир пайтнинг ўзида ҳам ижро органи, ҳам Кенгаш раиси вазифасини эгаллаши маҳаллий даражада ҳокимиятларнинг бир-бирини тийиб туриш механизмининг бузилишига ҳам сабаб бўлиб келмоқда. Оддий мисол билан айтганда, қандай қилиб ҳоким ўзи раислик қилаётган Кенгашда “ўзи-ўзига” ҳисобот беради ва “ўзи-ўзига” баҳо беради. Маҳаллий Кенгашга ҳисобдорлик муаммоларга ўз вақтида ечим топиш, ишга янада масъулият билан ёндашишга ундайди.
Ушбу ўзгаришлар ҳокимлар учун ташаббускор бўлиб ишлашга қулайлик олиб келади, деб ўйлайман. Муайян ҳудуд миқёсидаги барча ваколатларнинг битта амалдор ихтиёрида бўлишидан самарадорликка эришиш қийин. Чунки, битта одам ҳамма масалага улгуриши имконсиз. Ҳудуд тараққиёти, ривожи ҳокимнинг ёки яна бир-иккита амалдорнинг ҳаракатига, дунёқараши ва характерига боғланиб қолмаслиги керак.
Ҳақиқий ҳаёт, одамларнинг кайфияти кабинетда ўтириб эмас, жойларга чиқиб, асл ҳолатни ўз кўзи билан кўрмагунча ойдинлашмайди. Бир, икки мурожаат билан муаммолар ҳақида хулоса ҳам қилиб бўлмайди. Демократик ислоҳотлар натижасида жойларда ижро (ҳоким) ва вакиллик (Кенгаш) органлари ўртасида “бир-бирини тийиб туриш” механизми ишлайди.
Сўнгги йилларда олиб борилаётган очиқлик сиёсати ҳокимларимизни ҳам билдирилган танқидларни тўғри қабул қилиш ва улардан тўғри хулоса чиқаришга ўргатди. Бугунги кунда танқидлардан хафа бўлиб ёки танқидчиларни таъқиб қиладиган замонда эмасмиз ҳозир. Аксинча, ҳар бир вазиятда халқимиз манфаатлари нуқтаи назаридан энг тўғри қарорни қабул қилиш имконига эга бўлинмоқда.
Маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўзларининг доимий ишидан ажралмаган ҳолда депутатлик фаолиятини олиб боради. Бу уларнинг тўлақонли фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётган омил. Кенгашларда ҳам доимий ишловчи депутатлар корпуси шакллантирилиши ҳақида таклифлар билдирилган. Бу амалга ошса, маҳаллий Кенгаш депутатлари иш самарадорлиги янада ортади, деб умид қиламан.
Гавҳар АЛИМОВА,
Каттақўрғон шаҳар ҳокими, сенатор:
— Кучли фуқаролик жамиятини қарор топтириш учун маҳаллий Кенгашларни кучайтиришимиз керак. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Маҳаллий Кенгашлар кучайса, ислоҳотлар жойларда янада натижадор бўлади.
Бундан буён ҳудудга алоқадор кўплаб масалаларни ҳал қилишда депутатларнинг ўрни ҳамда мавқеи ошади, Кенгашлар жойлардаги муаммоларни ҳал қиладиган асосий бўғинга айланади. Асосий бўғин, деганда катта мазмун қамраб олиняпти.
Айтайлик, маҳаллий Кенгаш мажлис ва сессия ўтказса, ижро ҳокимияти органлари ҳисоботини эшитса, ундан реал натижа чиқиши керак. Камчиликлар сохта ҳисоботлар ортига яширинмаслиги лозим. Бу масалада депутатларнинг ҳам ўзига, ҳам ҳокимиятга муносабати бутунлай ўзгариши талаб этилади. Бу ўзгариш уларнинг ҳокимият Кенгашдан алоҳида орган ва ҳисобдор эканини ҳис қилишдан бошланади.
Ҳудудларда учраётган камчиликларнинг асосий сабабларидан бири депутатларнинг таъсир кучи пастлигида кўринади. Эндиликда маҳаллий Кенгашларнинг ваколат доираси кенгайтирилмоқда. Таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳарсозлик, транспорт ва ҳудуднинг инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган қатор ваколатлар Кенгашлар ихтиёрига ўтказилмоқда.
Маҳаллий Кенгашга унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилади. Бу йил – сайлов йили. Қонунчилигимизга кўра, маҳаллий Кенгашлар томонидан кутилаётган ваколатлар ажратилиши масаласи амалга ошади. Хусусан, 2024 йилги сайлов якунлари бўйича дастлаб вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида, 2026 йилдан эса туман (шаҳар) Кенгашларида Кенгаш раислари ва ҳокимлар алоҳида-алоҳида фаолият юритишни бошлайди. Демак, маҳаллий Кенгаш депутатлари ўз сайловчиларини қийнаб турган муаммолар юзасидан ижро органига истиҳола қилмасдан мурожаат қилиш, сўраш имкониятига эга бўлади.
Дарҳақиқат, ҳар қайси маҳаллий бошқарув органларининг асосий мақсади мамлакатдаги ислоҳотлар самарасининг энг қуйи поғонага қадар етиб боришини таъминлаш саналади. Қолаверса, давлат тараққиётида ўсиш нуқталарининг қамрови ҳам айнан маҳаллий бошқарувнинг нечоғли самарали ташкил этилганига боғлиқ.
Тизимда бўлаётган ўзгариш ва янгиланишлар ваколат ва вазифаларнинг маҳаллий вакиллик органлари ҳамда ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида аниқ тақсимланишига асос бўлади. Ҳисобдорлик ва жавобгарлик ошади. Бу масъулият, ишга ёндашув кучаяди, дегани.
Қаюм СОБИРОВ,
Жомбой тумани ҳокими:
— Аввалги таҳрирдаги Конституциямизда гарчи ҳокимият қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тизимидан иборат, дея белгиланган бўлса-да, бу тамойил маҳаллий даражада нотўғри ишлади. Яъни, бир шахс ҳам биринчи, ҳам иккинчи ҳокимиятга раҳбарлик қилди. Оқибат, аксарият масалаларда Кенгаш томонидан ташланаётган қадамлар бир кишининг иродасига боғлиқ бўлиб қолди. Аслида бу демократик принципнинг жиддий бузилиши саналади. Кимгадир ёқиш-ёқмаслигидан қатъи назар, маҳаллий Кенгаш ўша ҳудуднинг энг юқори органи бўлиши керак. Унинг олдида ҳокимлар ҳам ҳисобдор бўлиши шарт.
Яна бир мисол. Шу пайтга қадар бирорта корхонани ташкил этиш учун ер ажратиш тўғрисида ҳоким қарор чиқарган. Лекин энди тартиб бўйича корхона ва ташкилотларни очиш учун ажратиладиган ер майдонлари бевосита маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан муҳокамага қўйилади ва қарор қабул қилингандан кейин ер ажратилади. Бу нима дегани? Масалан, туманда 30 нафар депутат бўладиган бўлса, 30 кишидан 30 хил фикр чиқади. Муҳокамалар жараёнида ер ажратилиши керакми ёки йўқми, деган хулосага келинади. Бу бир кишининг хоҳиш-иродаси эмас, аҳоли ишонч билдириб сайлаганларнинг фикр-мулоҳазалари ва қабул қилган қарори бўйича амалга оширилади.
Бир сўз билан айтганда, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар йиллар давомида таъкидлаб келган масала узил-кесил ҳал бўлади. Ижро органи вакиллик органи билан аралаш тизимда фаолият юритмайди. Ижро ҳокимияти органи вакиллик органига ҳисобдор бўлади ва бошчилик қила олмайди. Бу бизга нима беради? Аввало, демократик тамойиллар асосида назорат функцияларининг ривожланишига олиб келади.
Боёвутда яхши тажриба бор
Эсингизда бўлса, бундан 2 йил олдин Боёвут туманида бу масалада ҳам дадил, ҳам тарихий қадам ташланган эди. Ўшанда халқ депутатлари Кенгашига биринчи марта ҳоким раҳбарлик қилмайдиган бўлди. Сирдарё вилояти Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Ўролова халқ депутатлари Кенгаши раиси мақомини депутатларга топширганди. Бу мамлакатимиз тарихида халқ вакиллари ўтирадиган Кенгашга ҳоким эмас, депутат бошчилик қилаётган биринчи ҳолат эди. Тажриба нимани кўрсатди? Туман ҳокими Дилфуза Ўролова шу ҳақида бизга қуйидагиларни гапирди:
Дилфуза ЎРОЛОВА
Боёвут тумани ҳокими:
— Ҳозир туман Кенгашига депутат Облоқул Исанов раислик қиляпти. Кенгашга 2 та хона ажратилган. Ишлаш учун барча шароитларни яратиб берганмиз. Замонавий компьютер, техникалар билан таъминланган.
Ўтган вақт давомида мен сессияларда туман ҳокими эмас, депутат сифатида, халқ сайлаган вакил сифатида иштирок этдим. Биринчи сектор раҳбари сифатида Кенгаш мажлисларида секторлар қаторида пастда ўтириб, холис ҳисобот топшираман. Барча депутатлар каби ўз фикр ва мулоҳазаларимни, вақти келганда танқидий фикрларимни айтаяпман, камчиликларни очиқ-ойдин таҳлил қиляпмиз.
Чиндан ҳам, ўйлаб қаралса, ҳоким ўзи ҳисобот берадиган органга раҳбарлик қилиши бироз мантиқсизлик эди. Бу эса депутатларнинг норма ижодкорлиги, халқ вакиллиги, депутат назоратини амалга оширишда ташқи босимга учрашига олиб келиши мумкин эди. Шунингдек, кўп ҳолларда ҳокимларнинг ҳаққоний ҳисобот беришига тўсқинлик қиларди. Айтишимиз керакки, бу депутатларимизнинг жонланишига, ўзини кўрсатиб ишлашига катта туртки бўлди. Камчиликларимизни ўз вақтида билиб, уларни тузатиб борсак, халқни кўпроқ рози қилиб ишлашимизга имкон бўлади.
Ўшанда қабул қилган бу тарихий қароримиз масъулиятимни, ишга ёндашишни икки ҳисса оширишини чуқур ҳис қилган эдим. Чунки олдимда маҳаллий Кенгашга ҳисоб беришдек катта вазифа турибди. Шунга яраша ҳаракат қилишим, депутатларнинг барча саволларига “мана натижа”, деб жавоб беришим керак эди-да. Ўтган 2 йил давомида амалий ишларимиз салмоғи анча ошди. Бу амалиёт яхши натижа бераяпти.
Туман ҳокими сифатида ҳисобот топширганимда депутатлар ҳам, маҳаллий Кенгаш раиси ҳам назорат-таҳлил натижалари бўйича кўп саволлар беришади, муаммоларни ҳамфикр бўлиб, холис кўриб чиқамиз, ўткир ва асосли таклифлар тайёрлаймиз.
Бизда сессиялар баҳс-мунозара билан ўтади, ҳеч бир масала шунчаки, юзаки муҳокама этилмайди. Чунки Кенгаш раиси жуда қаттиққўл инсон, муаммонинг илдизига етиб боргунча қўймайди. Мен ҳоким сифатида ҳисобот топширганимда ҳам кескин саволлар беришади, шуни ҳис қилиб, ҳар доим ҳисоботга яхшироқ тайёрланишга ҳаракат қиламан, қишлоқ ва маҳаллалардаги муаммоларнинг ичига кириб ўрганамиз, уларни ҳал қилиш чораларини кўрамиз.
Толибжон МАДУМАРОВ,
Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси:
— Давлат раҳбарининг ташаббуси билан босиқчма-босқич халқаро андозаларга мутлақ мос тизим юзага келмоқда.
Вазифа ва ваколатлар бўлинишига сабаб кўп жойларда кўп нарсалар эшитилмасдан, ахбороти таҳлил қилинмай қолиб келаётган эди. Энди эса ҳар бир ҳудуддаги биринчи раҳбарнинг шахсан ўзи Кенгаш олдида ҳисобдор бўлади. Бунинг учун меҳнат, хоҳиш, ирода ва ташаббус керак бўлади.
Шу кунгача маҳаллий Кенгашларга раҳбарлик қилган аксар ҳокимлар “мен ҳокимман”, “мен назорат қиламан”, “бу менинг ишим” деган қараш билан иш олиб борган. Натижада кўплаб масалалар ҳокимнинг “мен жавоб бераман” деган важлари билан кўрилмасдан қолиб кетарди. Баъзи вақтларда “сен-менга” ҳам борилган. Ҳоким Кенгаш раҳбари бўлгани учун кўп масалалар яшириб келинган.
Мазкур ҳолат давлат раҳбарининг эътиборидан четда қолмади. Ҳоким Кенгаш раислигини қойиллатиб қўймаётгани, ўзини эҳтиёт қилаётгани ва жазолантирмаётгани сабабли маҳаллий Кенгаш раҳбари депутатлар орасидан сайланиши зарур деган қараш юзага келди ва жорий йил куз ойларида айни ушбу тизимга ўтилади. Ана шунда масалалар очиқ қолмайди.
Иккинчидан, маҳаллий Кенгашларга маҳаллий ҳокимликлар, ҳудуддаги давлат органлари ва ташкилотлари ҳисоботларини эшитишда мазмунан яқин соҳаларда ўзаро такрорланувчи вазифалар юкланганлиги сабабли уларни қайта кўриб чиқиш, мақбуллаштириш ҳамда тизимлаштириш зарурати мавжуд эди.
Фармон билан йиллар давомида маҳаллий Кенгашлар зиммасига юкланиб келинган қатор ваколат ва функциялар тизимлаштирилмоқда. Кенгашлар олдида тегишли ҳудудда фақатгина ҳоким, шунингдек, ҳудудий давлат органларининг биринчи раҳбарлари ҳисобдорлиги белгиланиши эса келгусида ушбу раҳбарларнинг Кенгаш олдида ҳам сиёсий, ҳам профессионал масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.
Юқори палата раиси ташаббуси билан яхши амалиёт йўлга қўйилди. Биринчиси, маҳаллий Кенгаш депутатларидан ташкил топган доимий комиссиялар Сенатнинг ялпи мажлисларида қатнашишига рухсат берилди.
Яхши ташаббусларнинг яна бири энди ҳар ойда маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан семинар ўтказиб беришга оид қўмиталаримиз ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди. Масалан, жойлардаги суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш ҳудудий комиссияси нималарга эътибор қаратиши, қандай ишларни амалга ошириши юзасидан Сенатдаги айни қўмита билан ҳамкорликда фаолият олиб боради.
Ҳар ойда жойларга чиқилганида эшитувларда, сессияларда кўтарилган масалалар қандай ҳал бўляпти, давлат дастурининг ижроси ва яна қатор йўналишлардаги ижро интизомига алоҳида эътибор қаратилади. Ҳар чоракда эса Сенат раиси доимий комиссияларнинг фаолиятига оид ахборотини эшитиши ҳам йўлга қўйилган. Ечилмай қолаётган масалаларни Сенатнинг ялпи мажлиси муҳокамасига киритиш амалиёти татбиқ этилмоқда. Бу ҳам маҳаллий Кенгашлар ролини оширади.
Яна бир гап. Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси барча Кенгашларни қамраб олиши имконсиз. Шундан келиб чиқиб, 14 ҳудуддаги сенаторлардан бир нафари комиссияга бириктирилади ва навбати билан Кенгашларга кўмаклашади. Айни пайтда доимий ишловчи ва ҳудудлардаги сенаторларнинг 17 нафари ушбу комиссия вазифасини бажаради. Котибиятлар сингари сенаторнинг ҳам ўз хонаси бор ва у турли мажлислар, қонунларни қабул қилиш жараёнларида масофадан иштирок этади.
Гулнора МАЪРУФОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси:
— Тўғриси, маҳаллий Кенгашлар ва ҳокимиятларнинг вазифалари ўртасида бир-бирини такрорловчи жиҳатлари кўп эди. Бу эса жойлардаги муаммоларнинг вақтида ҳал этилмаслиги, етарлича эътибор қаратилмаслигига олиб келарди. Бир одамнинг иккита тизимга раҳбарлик қилиши, биринчидан, аппарат фаолиятини юритишда қийинчилик туғдиради, иккинчидан, депутатларнинг ишига ҳам тўсқинлик қилади.
Шу сабабли, аввало, ҳокимлик ва маҳаллий Кенгашнинг қайси бири нима иш қилиши билан боғлиқ функционал вазифаларини аниқлаб олиш керак. Менимча, депутат халқнинг ҳолатини, талабини, эҳтиёжини яхши билиши зарур. Ана шу юзасидан қаердаки муаммо бўлса, уни доимий комиссияда, сессияда муҳокама қилган ҳолда маҳаллий ҳокимликларга ижро учун тақдим этади.
Мана шу жиҳатдан депутатнинг қудратини қандай кучайтириш керак, деган савол турар эди. Давлат раҳбари имзолаган фармонда эса ушбу масалалар ҳам қамраб олинган ва аниқ белгилаб қўйилган, яъни у жамоатчиликка таяниши керак.
Шу кунгача ижро органининг ҳисоботини бирор бир ўринбосари ўқиб эшиттирар эди. Ваҳоланки, ҳокимнинг ўзи ҳисобдор бўлиши депутатнинг мавқеини, ҳокимнинг эса профессионал малакасини оширади. Бундан ташқари, бу ҳисобдорлик депутатнинг хабардорлигини таъминлайди. Ўрганиш чоғида лойиҳалар ёки дастурлар нега бажарилмаганини аниқлаш ва уни бажариш чораларини кўриш амалиёти йўлга қўйилади.
Яна бир масала. Президент фармони билан “йўл харитаси” тасдиқланди ва манфаатдор вазирлик ва идораларга Адлия вазирлиги билан биргаликда тегишли қонунчиликдаги ваколатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.
Таклифларни ишлаб чиқишда – жамият манфаатларига бевосита дахл қилувчи масалаларни ҳал этишга халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг масъул эканлиги билан бирга, ҳокимликларнинг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги ташаббускорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Кенгашларнинг ўз фаолиятини давлат ҳокимияти органларидан мустақил равишда амалга ошириши кафолатланмоқда. Хусусан, эндиликда маҳаллий Кенгашлар зиммасига вазифа ва функциялар фақатгина қонун ҳужжатлари билан юкланади. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан маҳаллий Кенгашлар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги ҳам қонунан мустаҳкамланади.
Одатда, давлат ва жамият бошқарувида бирон янгилик жорий этилса, уни қўлловчилар билан бирга, унча хушламайдиганлар ҳам топилади. Лекин, ҳокимликлар ва Кенгашлар ўртасида ваколатлар мувозанатини яратиш, Кенгашни кучайтириш, ҳокимларнинг ташаббускорлигини ошириш масалалари ҳақида сўз кетганда, қўлловчилар жуда кўпчиликни ташкил этмоқда. Бу ислоҳотлар ўз вақтида ўтказилаётгани ва муваффақият келтиришига умидни оширмоқда.
Қўш саҳифани “Ўзбекистон овози” мухбирлари
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА ва
Лазиза ШЕРОВА тайёрлади.
«Ўзбекистон овози», 14.02.2023, №6