Мақсадга эришиш янги мақсадни яратади

 

Ҳеч кимга сир эмас, узоқ йиллар давомида онгимизда ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан “муаммо” сифатида, “меҳнатга лаёқатсиз” ва ачиниш ҳисси билан қарашдек нотўғри дунёқараш шаклланган эди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаоллари охирги Парламент сайловларидан сўнг депутатлик корпуси орқали амалга оширишни режалаштирган 12 қадамдан иборат асосий дастурий мақсадларида БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ратификация қилиниши, миллий қонунчиликни БМТнинг ногиронлар учун тенг имкониятларни таъминлаш бўйича меъёрий қоидаларига мувофиқлаштирилишини белгилаб олганди.

 

Нега БМТ Конвенцияси асос қилиб олиниши керак?

БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ер юзидаги ногиронлиги бор шахслар Конституцияси, деб аташ мумкин.

Конвенция 50 та моддадан иборат бўлиб, ХХI асрда қабул қилинган инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги биринчи шартнома ҳисобланади. У БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 13 декабрда қабул қилиниб, 2008 йил 3 майда кучга кирган.

Унда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг йиллар давомида олиб борган изланишларидан келиб чиққан ҳолда ногиронларга муносабат ва ёндашувларни ўзгартириш мақсади ётади. Яъни, ногиронларга хайрия, тиббий ёрдам ва ижтимоий ҳимоянинг “объекти” сифатида қарашдан кўра, ҳуқуқларга эга бўлган, ўз ҳаёти учун қарор қабул қилишга қодир бўлган “субъект” сифатида қарашга қаратилган хужжатдир.

БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясида «ногиронлик — тана функциялари бузилган инсонлар ва инфратузилма билан боғлиқ тўсиқлар орасидаги ўзаро алоқа натижасида вужудга келадиган ҳолат» деб таъкидланади. Соддароқ қилиб айтганда бу нафақат инсон танасининг нуқсонлари, балки улар эркин ҳаракатланиши учун атроф-муҳитнинг етарлича қулай эмаслиги оқибатида юзага келадиган жараёндир.

Ҳужжатнинг мақсади 1-моддада аниқ баён этилган. Унга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенглик асосида барча инсон ҳуқуқларини тўлиқ амалга оширишларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва таъминлашдан иборатдир. Конвенция фойдаланиш имконияти, шахсий ҳаракатланиш, соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, абилитация ва реабилитация, сиёсий ҳаётда иштирок этиш, шунингдек, тенглик ва камситмаслик каби бир қатор муҳим масалаларни қамраб олади.

Унда:

– ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини амалга ошириш учун барча зарур қонуний, маъмурий-ташкилий ва бошқа чораларни кўриш;

– ногиронларга нисбатан камситиш хусусиятига эга мавжуд қонунлар, қарорлар, урф-одатларни ўзгартириш ёки бекор қилиш;

– барча стратегиялар ва дастурларда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришни ҳисобга олиш, Конвенцияга тўғри келмайдиган ҳар қандай ҳаракатлар ёки усуллардан тийилиш каби аниқ меъёрлар белгилаб қўйилган.

БМТга аъзо 180 дан ортиқ давлат ушбу Конвенцияни ратификация қилган. Қонунчилигини шунга мослаштирган. Бир сўз билан айтганда, БМТнинг ҳар бир ҳужжати дунё давлатлари ўз қонунчилигини, меъёрий-ҳуқуқий хужжатлар базасини такомиллаштиришда фойдаланадиган андозадир. Шу ўринда Ўзбекистонда ҳам ушбу Конвенциянинг ратификация қилиниши ва миллий қонунчилигимизнинг унга мослаштирилиши барчага халқаро ҳамжамият билан доимо бирга эканимизни англатади.

 

Мақсаднинг долзарблиги

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда 1 миллиарддан ортиқ одамда ногиронлик қайд этилган. Бу дунё аҳолисининг, тахминан, 15 фоизини ногиронлиги бор шахслар ташкил этади, дегани. Ўзбекистонда ҳам шу тоифадаги одамлар сони қарийб 1 миллионга яқин. Бу жами Ўзбекистон аҳолисининг тахминан 2,5 фоизини ташкил қилишини англатади.

Ҳаммага маълумки, юртимизда ҳар йили ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан катта маблағ ажратилади. Мақсад эса уларни жамиятнинг фаол қатламига айлантириш учун имконият яратишдир.

Шунинг учун Ўзбекистонда амалда “тўсиқсиз муҳит” яратилиши лозим. Сабаби, “тўсиқсиз муҳит” ногиронлиги бўлган фуқароларнинг жамиятга интеграциясини тезлаштириб, уларнинг иқтисодий фаоллигини оширади.

Халқаро майдонда ўз ўрнига эга бўлган ҳар қандай давлат ногиронлик сингари ижтимоий масалаларга алоҳида эътибор қаратади. Зеро, мамлакатларнинг халқаро жамоатчилик олдидаги қиёфаси унинг бугунини кўрсатувчи ва эртасини белгиловчи муҳим омил ҳисобланади.

 

Реал натижалар

2020 йилда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Қонун билан Ўзбекистонда ижтимоий адолат тамойилига амал қилиш, ёрдам ва қўллаб-қувватлашга муҳтож, биринчи навбатда, жисмоний имконияти чекланган одамларга тўлақонли ҳаёт кечириш учун шароит яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Қонуннинг 6-моддасида ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймаслик тамойили акс эттирилган. Унга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ҳар қандай ажратиб қўйиш, истисно этиш, четлатиш, чеклаш ёки афзал кўриш ҳолатлари, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишни рад этиш тақиқланди.

2021 йилда “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун имзоланди.

Конвенциянинг ратификация қилиниши ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг халқаро норма ва стандартларга мослашиши, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш учун халқаро ташкилотларнинг мақсадли ресурсларини жалб қилиш имкони кенгайишини, мамлакатимизнинг халқаро имижи янада яхшиланишига хизмат қилади.

2023 йил 27 февралда “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори имзоланди.

Қарорда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг кафолатларини мустаҳкамлаш, инклюзив ривожланиш, аҳолининг барча қатламлари тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлишларини таъминлашнинг самарали механизмларини жорий этиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаётининг барча соҳаларида иштирок этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсад қилинган.

Жумладан:

– ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш ва уларга юридик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш,

– «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган ҳамда I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни сон протези, болдир протези ва оёқ камари ортопед аппаратлари билан бепул таъминлаш,

– 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлашда ногиронлиги бўлган шахслардан тиббий хулоса талаб қилиш бекор қилиш каби муҳим ҳуқуқий кафолатлар, бепул ижтимоий ёрдам ва уларни ортиқча оворагарчиликдан халос қилувчи масалалар кўзда тутилган.

 

Энг асосийси – ҳали олдинда

Келтирилган фактлардан кўриниб турибдики, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кафолатлаш, уларга тенг имконият яратиш бўйича қонунчиликнинг ҳам миллий, ҳам халқаро асослари яратилмоқда.

БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциянинг ратификация қилиниши давлат ва жамият зиммасига катта масъулият олганини англатади.

Шу билан бирга, Конвенция, қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар қабул қилиш вазият бирданига тубдан ўзгариб кетади дегани эмас, албатта. Ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш бирламчи муҳим қадам эди.

Олдинда энг мураккаб жараён уларга амал қилиш, кундалик турмуш ва фаолиятда натижаларни кўпайтириш вазифаси турибди.

Халқ демократик партияси кейинги дастурий ҳужжатларини ишлаб чиқишда, мақсад белгилашда мазкур принципиал масалага алоҳида эътибор қаратади, кейинги зарур қадамларга ҳозирлик кўради.

 

Биргина мисол

Ногиронлиги бор шахсларнинг статистик маълумотларини юритиш мақсадида 2018 йилда “Ногиронлиги бўлган шахсларни статистик ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида” Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган. Қарорда ногиронликнинг қайси соҳалари бўйича қандай тартибда статистика юритиш кераклиги аниқ белгиланган.

Ногиронлар ассоциацияси вакиллари билдиришича, статистик маълумотларни йиғиш билан боғлиқ айрим камчиликлар бор. Холисона статистика бўлмаса, аниқ режа ишлаб чиқиб давлат дастурига киритиш ҳам қийин кечади.

Ногиронлик бўйича статистик маълумотларнинг тўғри юритилиши уларга йўналтириладиган ижтимоий ёрдамнинг манзилли бўлиши, кафолатланган хизматларнинг самаралилигини таъминлашга катта йўл очади.

Демак, парламент ва депутатлик назорати ўтказиш жоиз бўлган аниқ бир ҳужжат маълум. Бундай ҳужжатлар ва масалалар оз эмас.

 

Асосий миссия

Яқин-яқингача жамиятимизда ногиронлиги бўлган шахсларни жамоатчиликдан узоқроқ тутиш, қўшмаслик, уларга ачиниш ҳисси билан қараш устунроқ бўлди. Аслида бу ҳақиқатдан кўз юмиш, ўзимизни алдаш эди. Улар жамиятнинг бир бўлаги, ажралмас аъзоси, шуни тушунувчилар ва талаб қилувчилар кўпайганда инклюзив жамият шаклланади.

Бир мақсадга эришиш ҳар доим бошқа мақсадга йўл ва имконият очади.

 

Аҳмад ҚУРБОНОВ тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 21.02.2023, №7

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш