Бугунги кунда ижтимоий хизмат соҳаси замонавий фуқаролик жамиятининг ўзига хос институти сифатида намоён бўлмоқда. Ижтимоий хизматлар соҳасининг институтционаллашуви масаласи хорижий давлатлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш концепцияларида ҳам ўз аксини топмоқда. Президентимиз бошчилигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги хизматлар қамровини янада кенгайтириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳам Ўзбекистон ижтимоий давлат сари дадил одимлаётганининг яна бир амалдаги ифодаси бўлди. Йиғилишда ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига вилоят ҳокимлари билан бирга барча маҳаллаларда ижтимоий ходимлар фаолиятини ташкил қилиш вазифаси топширилди.
Шунингдек, протез воситаларини бериш, нафақа ва қаровсиз қолган болаларга васийликни расмийлаштириш, ўзгалар парваришига муҳтож кексаларни ёлғиз деб эътироф этиш каби 49 та ижтимоий хизматлар маҳаллагача туширилиши ҳам белгилаб олинди. Хусусан энг қувонарли жиҳати шундаки, маҳаллада ижтимоий хизматлар кўрсатиш электрон платформаси ишлаб чиқилади. Албатта бу электрон платформанинг яратилиши ҳам халқимизни рози қилишдек эзгу мақсад йўлидаги қадамдир десак муболаға бўлмайди.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари томонидан “Мурувват” уйлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида ижтимоий хизматларни мобил ва кундузги қатнов шаклида кўрсатишни йўлга қўйиш вазифаси топширилди.
Эзгу мақсадларнинг яна бир занжири сифатида келгуси йилдан 40 та туманда реабилитация, соғломлаштириш ва ногиронлиги бор шахсларга қарайдиганларни ўқитиш бўйича кўп тармоқли ижтимоий хизматлар марказлари ишга туширилади. Бунинг натижасида эса яна 60 минг эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий хизматлар билан қамраб олинади, уларга қараётган 3 минг киши ўқитилади.
Бугунги кунда республикамизда нафақа олаётган, лекин меҳнат қилиб, даромад олиш истагида бўлган 660 минг аҳоли учун зарур шароитлар яратилишидек кенг имкониятлар, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги яхшиланишига хизмат қилади, албатта бу қувонарли ҳолат. Биргина рақамлаштириш ҳисобига, ўрнидан тура олмайдиган, ўзгалар парваришига муҳтож, ёлғиз 2 минг нафар кишига ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилмоқда.
Бу Ўзбекистонда “давлат – жамият – инсон” тамойилини янги “инсон – жамият – давлат” тамойилига ўзгартириб, конституциявий қонунчилик ва конституциявий амалиётда мустаҳкамлаш, энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйиш мақсад қилинганининг ижобий самарасидир.
Ўрол Ўразбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар аъзоси.