Қонун чеклаши эмас, кўпроқ имконият яратиши керак

 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Кун тартибидаги масалаларнинг айримлари баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Хусусан, биринчи ўқишда кўрилган “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддасига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасидаги баъзи меъёрлар саволларни юзага келтирди.

Лойиҳа амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни бир-бирига мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Жумладан, “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддаси иккинчи қисмида Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш аъзоларининг ярмидан кўпи мазкур кенгашни тузган, илмий ташкилот ва таълим муассасасида фаолият юритаётган олимлардан иборат бўлиши шартлиги белгиланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 декабрдаги қарорига мувофиқ, ушбу нормани чиқариб ташлаш таклиф қилинмоқда.

— Бугунги кунда илмий таълим муассасалари кўпаймоқда. Лекин уларнинг айримларида илмий салоҳият етарли бўлмагани сабабли ихтисослашган кенгашлар тузиш имконияти чекланган, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси Шарофиддин Назаров. – Таклиф этилаётган меъёрлар билан четдан яхши илмий даражага эга бўлган олимларни жалб қилиш имконияти пайдо бўлади. Бу – жуда ҳам яхши. Бироқ унутмаслигимиз керакки, амалдаги тажрибанинг ҳам яхши жиҳатлари йўқ эмасди. Масалан, қайсидир олийгоҳ ёки илмий муассаса мана шундай кенгашлар ташкил қилиш учун ўзларининг салоҳиятини ошириб боришга, етакчи бўлишга ҳаракат қилар эди. Мазкур ўзгартиришлар билан шу жиҳати бўшашиб қолмайдими? Масаланинг иккинчи томони, бу чекловнинг олиб ташланиши салбий ҳолатларга олиб келиши мумкин бўлган имкониятларни яратиб бермайдими?

Жавоб:

— Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси бор. Унда илмий даража ва салоҳиятнинг сифатини ошириш бўйича муайян мақсад-вазифалар белгиланган. Биламизки, охирги йилларда илмий ишлар сони кўпайди. Лекин уларда оламшумул янгиликлар, турли гипотезалар борми, деган масала турибди. Илмий ишларнинг сифатини юқори, деб баҳолаш қийин. Лойиҳадан мақсад сифатга эътибор қилиш.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари таъкидлашича, таклиф этьилаётган меъёр сифатнинг янада пасайиб кетишига олиб бориши эҳтимоли бор. Чунки ҳамма бир-бирини такрорловчи кенгашларни очишни бошлайди. Натижада улар ўртасида ким кўпроқ илмий даража бериши бўйича ўзига хос пойга бошланиши, оқибатда сифат пасайиши мумкин, деган фикр билдирди. Амалда талабларга кўра, масъулиятсизликка йўл қўйган аъзолар кенгашдан чиқарилган, сифатсиз ишларни илгари суришда, овоз беришда тийиб туриш тамойиллари қўлланилган.

Шу билан бирга, илмий фаолият тўғрисидаги қонуннинг ваколатли органи, яъни Олий аттестация комиссиясининг лойиҳа юзасидан хулосаси сўралди. Бироқ хулоса тақдим этилмади. Фракция аъзолари томонидан қонун лойиҳасидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар билдирилди.

“Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасининг мақсади ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига нисбатан ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган уй-жой, бошқа бино ва иншоот ёки кўчмас мулк объектларига нисбатан мулк ҳуқуқи расмийлаштириши учун ҳуқуқий асослар яратилиши кўзда тутилмоқда.

Лойиҳада таклиф этилаётган меъёрлар бўйича депутатларнинг таклифлари, фикр-мулоҳазалари кейинги ўқишгача инобатга олиниши таъкидланди. Шундан сўнг фракция аъзолари қонун лойиҳаси концепциясини маъқуллади.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш