Мақсад муҳим, ижро ундан ҳам

 

Донолар давлатни тирик организмга қиёслашади. Давлатнинг ҳар бир фуқаро манфаатларини қамраб олувчи умум мақсади бўлади.

Шу маънода, «Ўзбекистон–2030» стратегиясини мақсадга эришиш йўлидаги катта мақсадга қиёслаш мумкин. Куни кеча «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш» йили муносабати билан қабул қилинган Давлат дастурини шу мақсад йўлида ташланиши зарур бўлган қадамга ўхшатсак, муболағаси йўқ.

Кенг жамоатчилик муҳокамаларида сайқалланган Давлат дастурида қандай соҳа ва йўналишлар қамраб олинди?

 

Ёшлар устуворлиги

Шу йил 1 мартдан бошлаб алоҳида ишлаш талаб этиладиган, шунингдек, истеъдодли ва иқтидорли ёшлар Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси қарори билан «Ёшлар баланси» асосида вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим ташкилотлари раҳбарларига бириктирилиши белгиланган.

Бунда раҳбарлар ҳар ойда камида бир маротаба ўзларига бириктирилган ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш, уларни талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиши, шунингдек, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга ҳар томонлама кўмаклашиб бориши таъкидланган.

Раҳбарларга ўзларига бириктирилган ёшлар муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш учун тегишли ташкилотнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан зарур маблағларни Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартиб асосида йўналтиришга рухсат этилган.

Бундан ташқари, ёшлар ўртасида тадбиркорликни кенг оммалаштириш ва бизнес билан шуғулланишга қўшимча имкониятларни яратиш мақсадида оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилиши назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, 1 июндан бошлаб «Ёш тадбиркор» танловларини ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади. Ёшлар ишлари агентлиги томонидан танлов асосида «маҳалла – туман – вилоят – республика» босқичларида ёшларнинг истиқболли бизнес лойиҳа ва ғоялари сараланади.

Республика босқичида саралашдан ўтган ҳар бир лойиҳага базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 000 бараваригача миқдордаги имтиёзли кредитлар ажратиш, ғолиб бўлган бизнес лойиҳа ва ғоялар эгалари Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан хорижий давлатларга малака оширишга юбориш каби ёшларни қўллаб-қувватловчи кўплаб мақсадлар дастурдан ўрин олган.

 

Инсонни улуғлаш

Дастурда ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиш йўналишида ҳам бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган.

Хусусан, Соғлиқни сақлаш ва Рақамли технологиялар вазирлиги биргаликда 2024 йил 1 декабрга қадар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали соғлиқни сақлаш соҳасида кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини 17 тадан 24 тага етказиш, бунинг доирасида фуқароларнинг онкологик, кардиологик ва эндокринологик скринингдан ўтиши натижаси, уларни даволаш учун ажратиладиган пуллар тўғрисида маълумот олиш имкониятини яратиш юкланган.

6,7 миллион нафар 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли орасида юрак-қон томир, қандли диабет, ўпканинг сурункали обструктив касалликлари хавфини аниқлаш бўйича профилактик кўриклар ташкил этиш юкланган.

Жорий йил якунига қадар вилоятлар марказлари, шунингдек, Тошкент ва Нукус шаҳарларида камида биттадан оғир гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликлари бор беморларга паллиатив ёрдам кўрсатувчи хоспислар ташкил этиш, 10 миллион нафар аҳолини кўплаб спорт турлари бўйича марафон ва мусобақаларни ташкил этиш орқали оммавий спортга жалб қилиш мақсад қилинмоқда.

 

Таълим бўйича

Дастурда қўшимча 1000 та умумий ўрта таълим муассасаларида Президент ва ихтисослаштирилган мактабларнинг билимларни баҳолаш тизими жорий қилиниб, фанлардаги амалий машғулотлар улуши 60 фоизгача оширилиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 1 тадан туманида (шаҳрида) синов тариқасида «Менинг мактабим» лойиҳаси доирасида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан мактабларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баробарида маблағ ажратилиб, ушбу маблағ 5–11-синф ўқувчилари танловига кўра, электрон доска, компьютер, спорт жиҳозлари, китоблар каби мактаблар учун зарур товарларга сарфланиши белгиланган.

 

Ижтимоий ҳимоя

Халқаро майдондаги кескинлашган сиёсий вазият, глобал иқлим ўзгаришлари ижтимоий ҳимоя масаласини дунё ҳамжамияти кун тартибидаги долзарб масалага айлантирди. Бу мазкур дастурда ҳам ўз ифодасини топди.

2024 йилда ногиронлиги бўлган шахсларни замонавий протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилиш техник воситалари билан таъминлашнинг янги тизимини босқичма-босқич жорий қилиш назарда тутилмоқда.

Шу йилнинг 1 сентябридан бошлаб пенсия тайинлашда бир вақтнинг ўзида шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги пулни олиш билан боғлиқ ҳаракатларни проактив тарзда амалга ошириш, ногиронликни белгилашда ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган имтиёзлар тўғрисида хабардор қилиш тартибини жорий этиш ҳам кўзланган.

Дастурда 2024 йил 1 декабрдан бошлаб, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида тегишли йўналишдаги нодавлат ташкилотлар орқали Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маблағлари ҳисобидан ижтимоий хизматлар кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилади, дейилган.

 

Иқтисодиёт йўналиши

Дастурнинг Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналишида ялпи ички маҳсулот ўсиш суръати 6 фоиздан кам бўлмаган даражада бўлиши, инвестициялар эса ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан камида 30 фоиз бўлишини таъминлаш чоралари кўрилиши қайд этилган.

Шунингдек, иқтисодиёт тармоқларида қиймати 18 миллиард доллар бўлган 309 та йирик лойиҳани ишга тушириш, йиллик инфляция даражаси 9 фоизгача ва фискал тақчиллик 4 фоизгача бўлишини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларига 275 триллион сўм кредит ресурсларини йўналтириш, шу жумладан, 41 триллион сўмлик микромолия хизматлари кўрсатилиши белгилаб қўйилган.

Диққатни жамлаб ўйлаб кўрсак, биргина ялпи ички маҳсулот ўсиш суръати 6 фоиздан кам бўлмаган даражада бўлиши кўзлангани марралар катта эканидан далолат.

Сабаби, бугунги халқаро майдондаги танг сиёсий ва иқтисодий вазиятда кўплаб давлатларда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатини 5-6 фоизга ошириш бир ёқда турсин, барқарорликни сақлаб қолиш ҳам мушкул вазифа бўлиб қолмоқда.

 

Экологияга эътибор асли ҳимоядир

Турли омиллар таъсирида экология аянчли ҳолга келмоқда. Табиатни асраш, сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳар биримизнинг энг инсоний бурчимизга айланиши керак.

Юртимизда экологияни асрашга қаратилган чора-тадбирлар йилдан-йилга кўпаймоқда. 2024 йилги Давлат дастурида ҳам бу акс этмоқда.

Жорий йилда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида камида 200 миллион туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатларини, қаламчаларини экиш, республикада 444 та яшил боғлар барпо этиш режа қилинган.

Қишлоқ хўжалигида ортиқча сув сарфини камайтириш учун 2024 йил 1 мартга қадар Давлат бюджетидан қўшимча ажратилган 500 миллиард сўм маблағлар доирасида камида 1,5 минг километр йирик каналларни бетонлаш ишларини якунлаш белгиланган.

Бундан ташқари, ўлчами 500 метр квадрат ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонларида, унга кириб-чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар жорий этилмоқда.

Дастурда кенг жамоатчилик вакиллари ва экофаолларнинг таклифлари ҳам ҳисобга олинган. Хусусан, автомобиллар чиқинди газларининг зарарли таъсирини камайтириш учун Тошкент шаҳрида ҳар ойнинг бир иш куни давомида автомобиллар ҳаракатланишини (жамоат транспортлари, махсус ва шошилинч ёрдам хизматларидан ташқари) қисқартиришга қаратилган «Автомобилсиз кун» жамоатчилик лойиҳасини амалга ошириш мўлжалланган.

Кейинги йилларда мамлакат ҳаётига дахлдор муҳим қарорлар қабул қилишда жамоатчилик фикри, халқ иштирокини таъминлаш анъанага айланмоқда.

Давлат дастури лойиҳаси шу йилнинг 1–15 февраль кунлари махсус веб порталлар, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда халқ муҳокамасидан ўтказилди. Кенг жамоатчилик томонидан лойиҳа бўйича 30 мингдан ортиқ таклиф, фикр-мулоҳазалар билдирилган.

Дастур билан танишиб, унда жорий йил учун улкан марралар кўзланганига амин бўлдик. Мақсадларнинг қанчалик амалга ошиши нафақат давлат, жамоатчиликка ҳам боғлиқ. Дастур ишлаб чиқилишида фаол қатнашган кенг жамоатчилик энди унинг ижросини ҳам кузатиб, хабардор бўлиб бориши муҳим.

 

Аҳмад ҚУРБОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири

«Ўзбекистон овози», 28.02.2023, №8

 

 

 

 

Теглар

Давлат дастурига таклифлар Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш