Мактаб ўқувчисига мобил телефон керакми?

 

Кейинги йилларда мобил телефонлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгургани сир эмас. Ҳатто ёшларимиз ҳам таълим муассасаларида ундан фойдаланяпти. Ваҳоланки, дарс вақтида смартфондан фойдаланиш ўқувчиларни фанларни яхши ўзлаштиришига салбий таъсир кўрсатади.

Мутахассисларнинг айтишича, “сотка” кўтариб юрувчи болалар бошқа ўқувчиларга нисбатан ёмон баҳоларда ўқишар экан. Сабаби уяли телефон ақлий қобилиятни пасайтириб, ўқувчини ва унинг атрофидагиларни машғулотлардан чалғитади. Умумтаълим мактабларида ундан фойдаланишни тақиқлаш шубҳасиз, ёшларга диққатли бўлиш ва таълим мазмунига тўлиқ киришиш имконини беради.

Мобил қурилмалар кўплаб афзалликларни тақдим этса-да, ҳаддан ташқари фойдаланиш ижтимоий ва ҳиссий фаровонликка, айниқса ёшларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Тадқиқотлар смартфонлардан фойдаланишнинг кўпайиши ва юзма-юз мулоқотнинг камайиши ўртасидаги боғлиқликни кўрсатди.

Таълим жараёнида мобил қурилмалардан фойдаланишни тақиқлаш тенгдошлар ва ўқитувчилар ўртасида ижтимоий алоқаларни рағбатлантиради. Энг муҳими, соғлом муносабатлар ва ижтимоий кўникмаларни ривожлантиришга ёрдам беради.

Мобил қурилмаларнинг тобора кўпайиб бораётгани уйқу режимига, айниқса ўсмирлар орасида ҳам таъсир кўрсатди. Ётишдан олдин экранлар томонидан чиқариладиган нурнинг таъсири мелатонин ишлаб чиқаришни бузиш мумкин.

Ачинарлиси, бугунги кунда қўл телефонлари ва интернет тармоғида ахлоққа зид тасвирлар шу даражада кўпайиб кетганки, бу ҳол ёшларнинг одоб-ахлоқи ва маънавиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Хўш, бугун ёшлар телефондан нима мақсадда фойдаланяпти, алоқа воситалари билан қанча вақт машғул бўлмоқда?

Болаларнинг телефондан ўзлари учун керакли маълумотларни олиши, маърифий фойда берадиган, одоб-ахлоққа чорлайдиган электрон китобларни ўқиши ижобий ҳолат, албатта. Лекин кейинги пайтда аксарият ёшларимиз мобил қурилмалардан тўғри мақсадда фойдаланяпти, деб ким айта олади.

Шу маънода, бугун ҳар бир ота-она ҳаёт ташвишларидан бироз чекиниб, фарзанди тарбияси учун вақт ажратиши, болаларни кўпроқ китоб ўқишга жалб қилиши, бўш вақтларини мазмунли ташкил этишлари учун зарур шароитлар яратиши керак.

Умуман олганда, мобил қурилмалардан фойдаланишни тақиқлаш, таълим жараёнларида ундан фойдаланишга чек қўйиш, ўқувчи ёшларнинг сифатли таълим олишларини таъминлашга хизмат қилади. Ана шунда илм-фан янада ривож топади.

 

Муқаддас   ЎРАЗАЛИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш