90 минг нафар хотин-қизлар тадбиркорликка ўқитилади

 

Бир неча кун олдин “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид 5 та йўналиш, 100 та мақсадни ўз ичига қамраб олган давлат дастури қабул қилинди. Унда хотин-қизлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Сир эмаски, бугун хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш масаласи долзарблигича қолмоқда. Давлат дастурида ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилган.

Жумладан, ёш хотин-қизларни тадбиркорлик, маркетинг, график-дизайн каби замонавий касбларга ўргатиш мақсадида 2024 йил 1 мартдан бошлаб “Қизлар академияси” платформаси ишга туширилиши ва бу орқали ёш хотин-қизлар учун турли танлов, лойиҳалар, ўқув оромгоҳлари, стажировкалар ташкил этиш белгиланган. Бу лойиҳа хотин-қизларнинг қизиқиш ва имкониятларини рўёбга чиқаришига, тажриба оширишга имкон яратади.

Яна бир муҳим вазифалардан бири хотин-қизлар бандлик дастури тасдиқланади ва ушбу дастур доирасида хотин-қизларнинг кичик бизнес лойиҳаларига имтиёзли кредитлар ажратилади. Дастурда хотин-қизларга тил ўргатиш, уларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, ўз тадбиркорлиги бошлашлари учун имкониятлар яратиш, имтиёзли кредитлар ажратиш вазифалари билан бир қаторда хотин- қизлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни реализация қилишга ҳам кўмаклашиш чора-тадбирлари белгилаб берилган.

Ҳар бир ҳудудда хотин-қизлар ҳунармандчилик марказлари ва кластерлари ташкил қилинади, энг муҳими бугунги кундаги муаммолардан бири, хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотларни сотишга кўмаклашилади, яъни орқали хотин-қизлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар электрон порталлар реализация қилинади. Бу эса хотин-қизларнинг оғирини анча енгил қилади, ўз оиласининг моддий таъминотига ҳисса қўшишларига имкон яратади.

Шунингдек, хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун қулай имкониятлар яратиш, уларнинг бизнесга қизиқишини ошириш мақсадида 85 минг нафар хотин-қизларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, 90 минг нафар хотин-қизларни эса тадбиркорликка ўқитиш кўзда тутилган.

Аёлларга қаратилаётган бундай эътибор, яратиб берилаётган имкониятлар уларни изланишга, ўз устида ишлашга, ўз бизнесини бошлашга ундайди. Ишлаган аёл эса оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз ўрнига ва сўзига эга бўлади.

Шундай экан, Давлат дастуридаги хотин-қизларга оид вазифаларни амалга оширишда ҳамда дастур мазмун ва моҳиятини аҳоли, жумладан, хотин-қизлар орасида кенг тарғиб қилиш ва тушунтиришда партиямиз тизимидаги масъуллар ҳамда барча даражадаги депутатлар фаоллик кўрсатишлари лозим. Хусусан, ижтимоий ҳимояни янада кучайтириш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини, жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш борасида кенг қамровли аниқ вазифаларни амалга оширишга қаратилган лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш зарур. Шунингдек, вазифалар ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, уларни чуқур таҳлил қилиб, партия гуруҳлари, доимий комиссия ва сессияларда муҳокама этиб бориш дастурдаги ҳар бир масаланинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишига хизмат қилади.

 

Гулшан АСАТОВА,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.

 

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш