Фуқароларнинг таклифлари ўрганилди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши медиа марказида Андижон вилоятида кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, бошқарув компаниялари томонидан аҳолига сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати юзасидан олиб борилган депутатлик назорати якунларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия Марказий Кенгаши ҳамда Андижон вилояти кенгаши масъуллари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари, партия фаоллари, ёшлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги вакиллари иштирокида ўтган учрашувни Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова кириш сўзи билан очиб берди. Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари ўз сўзида халқ билан мулоқот қилиш, инсонпарварлик руҳи билан йўғрилган ислоҳотлар халқимиз турмушининг янада юксалиши, мамлакатимиз ободлиги ва тараққиётини таъминлаш, Ватанимизнинг дунё ҳамжамиятида обрў-эътиборини юксалтириш ва ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашда юксак самаралар бераётганини таъкидлаб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Бошқарма бошлиғи Боймурат Юсупов кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган қоидалар билан батафсил таништириб, аҳолини ўз ҳуқуқ ва манфаатларини билиши ва ҳимоя қила олиши зарурлигига эътибор қаратди.

Шундан сўнг Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳининг вилоятда кўп қаватли уйларга коммунал, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш хизматларини кўрсатувчи бошқарув компаниялари фаолиятини ўрганиш натижалари ўқиб эшиттирилди. Партиянинг депутатлик гуруҳи, партия фаоллари, вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ 6-20 февраль кунлари Андижон ва Хонобод шаҳарлари, Бўстон, Қўрғонтепа туманларидаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатаётган бошқарув компаниялар фаолиятини ўрганган.

Аниқланишича, бугунги кунда Андижон вилоятида 2036 та кўп қаватли уй (58 643 та хонадон) мавжуд. Уларнинг 1924 тасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги 5152-сон қарорига биноан ташкил этилган бошқарув компаниялари хизмат кўрсатади. Андижон вилоятида 21 та бошқарув компанияси ташкил этилган. Сўнгги 2-4 йилда қурилган янги уйларда бошқарув компаниялар учун муаммоли масалалар деярли йўқ. Муаммоли масалалар асосан эски кўп қаватли уйларда мавжуд. Ҳисоботда келтирилишича, Андижон шаҳрининг “Ёйилма” МФЙ ҳудудида жойлашган ва ўша атрофда жойлашган маҳаллалардаги 134 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатаётган “Шинам маҳалла” МЧЖ бошқарув компанияси (раҳбари Абдусатторов Азизбек) томонидан ободонлаштириш ишлари яхши ташкил этилган. Болалар майдончалари, катталар учун спорт майдонлари, машиналар тўхташ жойлари қурилган, дарахтлар ва гуллар экилган, маиший чиқиндиларни махсус жойларга олиб борувчи техникалар мавжуд. Коммунал соҳада пайдо бўладиган аварияларни тезкор бартараф этиш учун мутахассислар бор ва уларнинг тунги навбатчилиги ташкил этилган. Шаҳардаги 663 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатувчи “Биотехсервис” МЧЖ бошқарув компанияси (раҳбари Ёдгорбек Сафаров) томонидан ҳам кўп қаватли уйлар мулкдорларига зарур хизматлар кўрсатиб келинмоқда.

Ишчи гуруҳ аъзолари кўп қаватли уйларда яшаётган фуқаролар билан ҳам учрашиб, очиқ суҳбатлашган. Мулоқотларда кўп қаватли уйларда яшаётган аксарият фуқаролар бошқарув компаниясининг вазифалари, бадал ҳажмининг нималарга асосан белгиланиши, хизмат кўрсатиш турлари, вақтлари, ҳудуд бўйича чегаралари, зарурат пайдо бўлганда кимга ва қандай мурожаат қилиш кераклиги каби бирламчи маълумотлардан бехабар. Чунки уларга ҳеч ким тушунтирмаган. Бошқарув компаниялари маҳаллада фуқароларни чақириб ўтказиши лозим бўлган мажлис ташкиллаштирилмай, МФЙда ишловчи ходимлардан ҳужжатларга имзо қўйдириб беришни сўрашган. Фуқаролар эса МФЙ вакилини яхши таниганликлари учун суриштирмай имзо қўйиб бераверишган. Бошқарув компаниялар фаолиятига тўсиқ бўлаётган яна бир муаммо – ҳудудларни тозалашга масъул баъзи ишчилар ўз вазифасини масъулиятсизлик қилиб бажармаётганлигидадир.

Йиғилишда кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи сервис компаниялар раҳбарлари, кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар, вилоят қурилиш ва уй-жой хўжалиги бошқармаси вакилларининг ҳам фикрлари эшитилиб, муҳокама қилинди. Муаммоли масалалар ечими юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, таклифлар сўралди.

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш