Бу галги сайловчилар билан учрашувлар ва ўрганишлар Денов туманидаги “Янги ариқ” маҳалласида фаолият олиб бораётган “маҳалла еттилиги” билан бошланди. Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” фармонининг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди.
Сўнг маҳалладаги муаммолар тингланди. Маҳалла ҳудудидаги 88-мактаб эски мактабгача таълим ташкилотининг мослаштирилган биносида жойлашган бўлиб, қўшимча бино қуриш зарурлиги, шунингдек, боғча ёшидаги болалар учун мактабгача таълим ташкилотига эҳтиёж борлиги айтилди.
Шундан сўнг, тумандаги “Зартепа” маҳалласида жойлашган 49-мактабда 3-сектор раҳбари, туман ИИБ бошлиғи билан биргаликда фуқаролар қабули ташкил этилди. Сайёр қабулда 15 га яқин мурожаат кўриб чиқилди. Ички йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви, бандлик, симёғочлар ўрнатиш, электр симларни янгисига алмаштириш, 49-мактабни капитал таъмирлаш ва замонавий жиҳозлар билан таъминлаш каби масалаларда мурожаатлар бўлди. Бешта мурожаат жойида ҳал этилган бўлса, муддат талаб этиладиганлари юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, масъулларга ижро учун йўналтирилди.
Сўнг “Қоракўз” маҳалласида ҳам фаоллар билан ҳудуд ҳолати ва муаммолари юзасидан учрашув ўтказилди. Маҳалладаги 10 км масофадаги таъмирталаб электр симларини алмаштириш масаласида ҳамда 30-МТТ биноси яроқсизлиги сабабли 1 йилдан буён фаолият юритмаётган бўлиб, янги МТТ қуриш бўйича амалий ёрдам сўралди.
Учрашувлардаги мурожаатларни кўриб чиқиш учун масъулларга йўналтирилди ва депутатлик назоратига олинди. Республика даражасидаги мурожаатлар бўйича депутатлик сўрови юбориш режалаштирилди.
“Қоракўз” маҳалласи раиси Зиёвуддинов Абдумуталлиб сўз олиб Президентимизнинг “маҳалла еттилиги”ни ташкил этиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда бундан аҳоли миннатдор эканлигини баён қилди. Берилган ишончни оқлаш бўйича барча куч ва имкониятларни сафарбар этишини алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг, Денов тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида жорий йилнинг 20 феврал куни Давлатимиз раҳбари раислигида ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича бўлиб ўтган йиғилиш ва унда белгиланган долзарб ҳаётий вазифалар хусусида сўз юритилди. Шунингдек, куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган “Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг мазмуни ҳақида фикр алмашилди. Якунда марказ томонидан мазкур қонун лойиҳасининг маҳаллалардаги тарғиботи ва лойиҳани такомиллаштириш учун таклифлар билан фаол иштирок этиш бўйича келишиб олинди.
Сайлов округидаги учрашувлар давом этмоқда.
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси