Халқ депутатлари Тўрақўрғон тумани Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Йиғилишда туманда “Саховат ва кўмак” жамғармасидаги маблағларни мақсадли ва манзилли йўналтириш, “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўргатиш ва бандлигини таъминлаш ишларини самарали ташкил этиш ҳамда амалга оширишга қаратилган “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш каби масалалар кўриб чиқилди.
Шунингдек, ҳоким ўринбосарлари Ж. Фозилов, Ҳ. Раҳимов, “Тўрақўрғон тумангаз” раҳбари И. Шамсиддиновлар ҳам ўз йўналишлари бўйича ҳисобот бериб, янги лойиҳаларга оид маълумотларни тақдим этдилар.
Сессияда Халқ демократик Партияси туман кенгаши депутатлари ташаббуси билан "Йўлларни фақат автомобиллар учун эмас, пиёдалар учун ҳам қулай қилайлик" шиори остида ўтказилган ўрганиш натижалари ҳам муҳокама қилинди. Натижада аҳолига қулайлик яратиш учун ҳозирда фойдаланилмаётган таъмирталаб ер ости йўлини таъмирлаш учун маблағ ажратиладиган бўлди.
Депутатларнинг фаоллигида мулоҳазаларга бой ўтган сессияда кўрилган масалалар юзасидан қарорлар тасдиқланди.