Жасоратли меҳнатга ҳар куни тайёр бўлишимиз зарур

 

Яқин ўтмишга боқсак, ҳаётимиз қанчалик ўзгарганини кўрамиз. Давлат раҳбари мунтазам ҳудудларга ташриф буюради, аҳоли, турли соҳа вакиллари билан мулоқотда бўлиб, аниқ ва қатъий вазифаларни белгилайди, мутасаддилардан топшириқлар ижросини сўрайди. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослиги, ютуқлари билан танишилади, муаммолар очиқ-ойдин таҳлил қилинади.

Баҳор арафасида, 29 февраль ва 1 март кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани ва Хоразм вилоятига ташриф ҳам сермаҳсуллиги билан ҳаммани қувонтирди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаоллари, депутатлари шу ҳақда, режалари, вазифалари ҳақида фикр юритмоқда.

 

Махсуд САДУЛЛАЕВ,

ЎзХДП Амударё туман Кенгаши раиси:

– Баҳорнинг бошланиши Қорақалпоғистон Республикасига қувончли хабарлар, муҳим янгиликлар билан келди. Давлатимиз раҳбари дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманига бориб, янги кўприкнинг очилиш маросимида иштирок этди.

Ҳақиқатан ҳам, бу улкан иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга стратегик иншоотдир. Президентимиз 2020 йилда бу ташаббусни илгари сурган эди. Шу асосида юртимизнинг энг чекка ҳудудларидан бири бўлган Амударё туманида катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, халқнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилувчи кўприк қурилди. Бу ҳар бир қорақалпоғистонликнинг қалбига катта қувонч ва умид бағишлади.

Чунки йиллар давомида одамлар эски понтон кўприкдан фойдаланиб келган. Амударё устига қурилган бу кўприк 40 йилдан буён аҳолига хизмат қилиб келмоқда. Лекин қишнинг қаҳратон совуқларида муз кўчиб, уни оқизиб кетар эди. Шунда манзилга бора олмай орқага қайтган кунларимиз кўп бўлган. Нукус шаҳрига йиғилишга боришимиз учун Хоразм билан Беруний тумани ўртасидаги кўприкдан айланиб келишга мажбур бўлар эдик. Масофа узоқ, автомобилда бориш учун қўшимча 170-180 км жойни босиб ўтишга тўғри келган. Бу иш билан, даволаниш учун бораётган одамларнинг кўп вақтини оларди. Поездда эса қўшни Хоразм вилоятининг Хазорасп кўпригидан ўтиларди.

Энди солиштирайлик, кўприк орқали бир кеча-кундузда 12 минг автомобиль ҳаракатланар экан. Бу 48 минг йўловчининг 2 соат вақтини тежайди, дегани. Яна бир муҳим томони, аввалги яроқсиз эски кўприкдан аксарият кишилар қўрқиб ўтган бўлса, энди ҳеч нарсани ўйламасдан, дарёдан хавфсиз ўтилади.

Халқимиз неча йиллар орзу қилган кўприк ишга тушди. Бугун амударёликлар қувончининг чеки йўқ. Қайси даврага ўтирманг, ким билан суҳбатлашманг, шу ҳақида мамнуният билан, фахр билан гапирмоқда.

Айниқса, Президентимиз «Бу йўл жаҳонга очилаётган Янги Ўзбекистон, Янги Қорақалпоғистоннинг тараққиёт ва фаровонлик йўлларидир», деганида кўп маъно бор.

Узоқ йиллар давомида шу кўприкдан Нукусга қатнаганман. Ўша пайтлари кўп ўйлардим, бу ҳудудларда ҳам инфратузилма ривожланар эканми деб, чунки бирор иш билан кўчага чиқсак, узоқ йўлда кунимизнинг ярмини йўқотардик. Янги кўприк қурилишини орзу қилардик. Шукрки, ҳозир катта ўзгаришлар бўлаётганини ҳаммамиз кўриб, гувоҳи бўляпмиз. Энди узоғимиз яқин бўлди. Президентимизга минг-минг ташаккур айтамиз.

 

Санобар ХОЖАМУРАТОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси Жуқорғи Кенгесидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

– Яратганга беҳисоб шукрки, Президентимизнинг Қорақалпоғистонга меҳри бошқача. Бир неча йилликда ортга суриб келинган муаммолар кейинги йилларда босқичма-босқич ечим топяпти, қорақалпоқ элига катта эътибор қаратиб келинмоқда.

Президентимизнинг Амударёга бу галги ташрифи ҳам қорақалпоғистонликлар ҳаётида ўчмас из қолдирди. Одамларимиз, қорақалпоқ эли бугун кўтаринкилик руҳида яшамоқда. Давлатимиз раҳбарининг Амударё туманида янги кўприкнинг очилиш маросимида иштирок этгани яна бир тарихий қадам, тарихий ютуқ бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Ташрифдан ташрифгача ҳудудларда нималар ўзгарди, янгиланди, деган савол одамлар учун муҳим. Эсимда, Президентимиз бу ҳақдаги ташаббусни Хоразм вилояти фаоллари билан учрашувда илгари сурган эди. Ўшанда юрагимизга умид учқунлаб, қанчалар қувонгандик, «янги кўприк қуриларкан», деб бир-биримизни табриклаган эдик, жуда кўпчилик шу кунни кутди.

«Қачон замонавий кўприк қурилиб, биз ҳам дарё устидан хотиржам ўтарканмиз», деб орзу қилардик. Сайловчиларимиз бир неча марта шу масалада мурожаат билан чиққан. Бу йиллар давомида ечим топилмаётган катта муаммоларимиздан бири эди.

Мана, биз кутган кунлар ҳам етиб келди. Янги кўприк устидан ўтаётган поезд вагонларига қараб, ич-ичимдан хурсанд бўлдим. Президентимиз таъкидлаганидек, «Бу кўприк аввало ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги мустаҳкам ишонч ва дўстлик, оғзибирлик ва ҳамкорлик кўпригидир». Рости, Юртбошимизнинг шу сўзларини тинглаганимда, азалдан бир-бирига дўст, қардош сифатида яшаб келган халқларимиз ўртасидаги юксак ҳурмат, ишонч ва биродарликдан чексиз қувондим.

423 метрли кўприк билан бирга Шовот-Қораўзак бекатларини боғлайдиган 85 километрлик темир йўл ҳамда 3 та вокзалнинг ҳам барпо этилиши қорақалпоқ элига ҳурмат ва эътиборнинг ёрқин намунаси, деб биламан.

Чиндан ҳам, яқин ўтмишга боқиб, ҳаётимиз қанчалар ўзгаргани, одамларнинг дунёқараши ўсгани, ташаббуслари ҳам ортганини кўриш мумкин. Бундан кўринадики, одамларда орзу қилишга, янги марраларни забт этишга имкон ҳам, иштиёқ ҳам етарли. Агар биз ғайрат қилсак, меҳнат қилсак, жон куйдирсак, ҳаммасини қила оламиз.

 

Машъал ВАИСОВ,

ЎзХДП Ҳазорасп туман Кенгаши раиси,туман Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

– Давлатимиз раҳбари қайси вилоятга бормасин, ўзгаришлар, камчиликларни диққат билан кўздан кечиради, одамларнинг фикри билан қизиқади, дуосини олади. Ҳудуддагиларнинг дилидагиларни билиб, келгуси вазифаларни белгилаб беради. Бу эса ўша ердаги иқтисодиёт тармоқларини кенгайтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ишларига янги руҳ, янги суръат бағишлайди.

Фаоллар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда вилоятимизни ҳар томонлама ривожлантириш билан боғлиқ бир қатор масалалар муҳокама этилди.

Ҳудудни ривожлантириш бўйича лойиҳаларга 1,1 миллиард доллар ва 10 триллион сўм йўналтирилаётгани таъкидланди. Хоразмда кичик ва ўрта бизнесни янада қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли шартларда 100 миллион доллар ажратилиши белгиланди. Бунинг ҳисобидан 5,5 минг тадбиркорга кўмак берилиб, 50 мингта доимий иш ўрни яратилади. Демак, минглаб оилалар даромад манбаига эга бўлади, иш бошлаш ниятида юрган қанчадан-қанча тадбиркорларимизга яқиндан кўмак берилади. Айниқса, туманимиз эркин иқтисодий зонасидан самарали фойдаланиб, саноат лойиҳаларини жойлаштириш вазифаси қўйилгани тадбиркорларимизга катта имкониятлар яратиши аниқ.

Амударё устидан янги кўприк қурилиши Хоразм аҳли учун ҳам катта хурсандчилик бўлди. Янги иншоот орқали ҳар бир йўловчининг 2 соат вақти тежалади, темир йўлда юк ташиш харажатлари 1 та вагон учун 600 минг сўмга арзонлашаяпти. Табиий хом ашё захиралари кам бўлган Хоразм тадбиркорлари учун янги имкониятлар очилмоқда. Ҳудудимизда саноат ва хизматлар ривожи, барқарор иш ўринлари кафолатлари мустаҳкамланмоқда.

Хоразм тадбиркорлари учун қатор имтиёзлар белгиланди. Жумладан, импорт ускуналар, эҳтиёт қисм ва хом ашё 5 йилга божхона тўловидан озод қилинади, қўшилган қиймат солиғини 180 кунга кечиктириб тўлашга рухсат берилади.

Маҳаллийлаштириш лойиҳаларига олинган кредит фоизининг 10 фоиз банди қоплаб берилади, давлат мулки ва ер участкаларини хусусийлаштиришда 5 йил ичида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади. Сотилган кўчмас мулк учун тўлов 3 ойда амалга оширилганда 25 фоиз чегирма берилади. Иқтисодий ва саноат зоналарида олган мажбуриятини бажарган тадбиркорлар ер ва бинони хусусийлаштириши мумкин бўлади. Экспортчиларга бошқа вилоятдан хом ашё етказиб бериш учун йўл харажатлари 50 фоизи Экспорт жамғармасидан қоплаб берилади.

Шунча имконият, енгиллик аҳолига барқарор даромад манбаини яратишга, иш ўринларининг доимийлиги ва кенгайишига асос бўлишидан қувондим.

Ҳазорасп туман Кенгаши депутати сифатида мени яна бир таклиф ниҳоятда мамнун этди. Келгуси икки йилда вилоятда тупроқ йўллар умуман қолмаслиги кераклиги қайд этилди. Бу ободончилик, бунёдкорлик ишларининг кўлами янада кенгаяди, қишлоқ ва шаҳарларимиз инфратузилмаси яхшиланади, дегани.

Сайловчилар билан учрашувларда айнан йўллар билан боғлиқ кўп мурожаатлар бўлади. Қишнинг қорли, қировли, ёмғирли кунларида ҳаракатланиш қийин бўлган тупроқли йўлларимиз бор, бу аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб келаётган эди. Президентимизнинг топшириқлари ва таклифлари муаммоларнинг ижобий ҳал бўлишига хизмат қилади.

 

Райҳона КАРИМОВА,

Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси:

– Бу галги ташрифда ҳам соҳаларни ривожлантиришга оид қатор таклифлар билдирилиб, муаммолар ечими бўйича кўрсатма ва топшириқлар юклатилади. Одамлардан истаклари, ишини ривожлантириш учун зарур масалалар ҳақида сўралади. Шунинг учун ҳар бир ҳудудда давлат раҳбари келишини жамоатчилик интиқлик билан кутади.

Хоразмга ташриф ҳар галгидан самарали ўтди, менимча. Айниқса, Урганч шаҳрида Хоразм вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича галдаги вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда ҳар бир масаланинг аниқ қўйилгани эътиборимни тортди.

Айниқса, Хоразмда Хитой тажрибаси асосида «уй саноати» ривожлантирилиши кўпчилик қатори мени ҳам мамнун этди. Боғот, Янгиариқ, Янгибозор, Қўшкўпир ҳамда Урганч туманларида жун ва пиллани қайта ишлаш, Ҳазорасп, Хива, Тупроққалъа ва Хонқада гилам тўқиш жуда оммалашган. Бу йўналишлар қўллаб-қувватланиб, ипакчилик ва гиламчилик кооперациялари ташкил қилиниши, хонадонларда ихчам ускуналар ўрнатиш учун 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилиши юзлаб, минглаб одамларимизни мамнун этди, руҳини кўтарди.

Гилам тўқиш қўлидан келадиган, шу ҳунарга қизиқадиган, аммо қўлида етарли маблағи бўлмаган одамларимиз бор. Ушбу рағбат уларнинг иш бошлаши, ривожлантириши учун хизмат қилади. Асосийси, боқимандалик кайфиятини бартараф этиш, ишсизларга имкон бериш, имкони борларни эса рағбатлантиришга эришилади. Банд одамнинг ҳаётида мазмун бўлади, ҳуқуқбузарлик ва турли ёмон хаёллар, ахборот хуружларига чалғимайди.

Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида бу йил 5 мингта хонадонда интенсив усулда балиқ боқиш, 4 минг 400 та хонадонга тикувчилик, парранда, чорва, асалари ва боғдорчилик бўйича молиявий кўмак бериш вазифаси топширилди.

Албатта, ҳар бир оила ўзини эплаб кетишига эришиш осон бўлмайди. Бу жасоратли меҳнат талаб этади. Биз ҳар куни шунга тайёр бўлишимиз керак. Партиямиз фаоллари, депутатлар вазифалар ижросини таъминлашга яқиндан туриб ёрдам бериши зарур, деб ўйлайман.

Умид қиламизки, яхши ният билан бошлаган ишларимиз хайрли бўлади, вазифалар сидқидилдан бажарилади. Мендаги ҳозирги хушкайфият бутун хоразмликлар, бутун халқимизда бор, деб ишонаман. Чунки, ҳар бир ислоҳот, ҳар бир режа, айнан бизнинг, сизнинг ва халқимизнинг манфаати учун хизмат қилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.

«Ўзбекистон овози», 6.03.2023, №9

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш