Аёл учун имконият эшиклари очиқ

 

Замон ўзгариб, юксалар экан, аёл ҳам юксалиб боради. Ўзбек ва ўзбекистонлик аёллар шахс сифатида ривожланиши жуда муҳим. Уларнинг уй хўжалиги бекаси, дала хизматчиси образи бутунлай ўзгариши керак. Аёл маънавияти, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий-сиёсий фаоллиги масаласи кун тартибида турибди.

Бугун мамлакатимиз бошқарув тизимида аёлларнинг улуши ошди. Кейинги йилларда бир ярим мингга яқин хотин-қиз турли даражадаги раҳбарлик лавозимида самарали фаолият кўрсатмоқда. Бу том маънода, хотин-қизларнинг ижодий иқтидори, касб маҳорати ва илмий салоҳияти эътиборга олинаётганидан далолатдир.

 

Жиддий рақамлар...

Маълумотларга кўра, хотин-қизларнинг раҳбар лавозимлардаги улуши 35 фоизга етди. 2022-2023 йилларда 398 минг нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди, 100 минг нафари имтиёзли асосда олийгоҳларга қабул қилинди, 170 минг нафарига таҳсил олаётган олийгоҳларининг шартнома тўловлари учун имтиёзли таълим кредитлари ажратилди, 14 минг нафари магистратурада бепул ўқитилмоқда, 198 минг нафари касбга ўқитилди. Аёллар тадбиркорлиги дастурлари доирасида ўтган йилда 225 мингдан зиёд лойиҳаларга 4,4 триллион сўмга яқин кредит, 40 мингга яқин хотин-қизларга жами 179,1 миллиард сўм субсидия ажратилди.

Ҳозирги вақтда юртимизда фидокорона меҳнат қилаётган хотин-қизларимизнинг улуши тиббиётда – 70 фоиздан ортиқ, таълим соҳасида – 74 фоизни ташкил қилаётган бўлса, иқтисодиёт ва саноат тармоқларида эса 40 фоиздан кўпдир.

Бугун аёллар орасида Сенат раиси бор, вазир бор, ҳоким бор, университет ректори бор, таниқли давлат ва жамоат арбоблари бор, Қаҳрамонлар, депутатлар бор, профессорлар, академиклар бор, хуллас, турли даражадаги раҳбарлар бор.

Ўзбекистон аёллари ҳар бир жабҳада ўз ўрнига эга бўлиб бораётганини барчамиз бевосита амалда кўриб, чуқур ҳис этяпмиз.

Мамлакатимизда хотин-қизлар масаласига катта эътибор қаратиляпти, уларнинг орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш мақсадида кўп имтиёзлар берилмоқда. Хусусан, улар таълим олиш, тадбиркорликни йўлга қўйиш, тўловсиз магистратурада ўқиш, имтиёзли уй-жойлар олиш ва бошқа кенг имкониятларга эга.

 

Тадбиркор аёллар қўллаб-қувватланади

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан уларга 3 йилгача ва 6 ойгача имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкада 33 миллион сўмгача кредитлар берилади. Ушбу кредит маблағлари Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби маъқуллаган дастурлар асосидаги ўқув курслари ёки «Ишга марҳамат» мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, маҳаллалардаги касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ва Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ёки нодавлат таълим муассасаларининг касбга ўргатиш ўқув курсларининг махсус ўқитиш дастурларидан бирини муваффақиятли тугатган хотин-қизларга ажратилади.

 

ОТМга кириш учун тавсиянома

Эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга олий таълим муассасаларига киришда давлат гранти асосидаги қабул доирасидаги танловда иштирок этиш учун тавсиянома берилади.

Тавсиянома қуйидаги мезонлар асосида тақдим этилади:

— кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар;

— тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар;

— турмуш ўртоғи вафот этган, вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар;

— ногирон фарзанди бор эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар;

— 2 ва ундан ортиқ фарзандини тарбиялаётган, қариндошларидан алоҳида яшаётган ёлғиз аёлларнинг қиз фарзандлари;

— ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам I ёки II гуруҳ ногирони бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар.

Тавсиянома олиш учун туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига электрон шаклда мурожаат қилинади.

 

Контракт тўловлари қайтариш шартисиз қопланади

Ҳукуматнинг 447-сонли қарори билан қабул қилинган тегишли низомда ОТМ магистратурасида ўқиётган хотин-қизларнинг контракт тўловларини қоплаб бериш тартиби белгиланган.

ОТМ, шу жумладан, Давлат бошқарув академияси, Бош прокуратура академияси, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда Банк-молия академиясининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт-тўловлари қайтариш шартисиз қопланади.

Бунинг учун давлат ОТМнинг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган талаба хотин-қизлар ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммасини қоплаб бериш юзасидан ўзлари ўқийдиган ОТМ ректори номига 15 сентябргача ариза билан мурожаат этади.

 

5 йил иш стажига эга хотин-қизлар учун

Коллеж ёки техникум дипломидаги мутахассислиги бўйича 5 йил иш стажига эга хотин-қизлар контракт асосида ОТМга қабул қилинади. Бунда тавсияномага эга абитуриентлар орасида алоҳида тест ўтказилади, улар орасидан юқори балл тўплаган 500 нафаригина ОТМга кира олади.

 

7 йилга фоизсиз таълим кредити

Президент қарорига кўра, олий ҳамда ўрта махсус ва профессионал таълимда таҳсил олувчи хотин-қизларга 7 йилга 14 фоизлик таълим кредитлари ажратилади. Бунда фоиз ставкаларини Молия вазирлигининг жамғармаси қоплаб беради. Хотин-қизлар эса асосий қарзни ўқишни тамомлагач, 7 йил давомида тўлайди.

 

Ишдан бўшатиш мумкин эмас...

Аёлларни пенсия ёшига тўлгани сабабли иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатиш тақиқланади. Бунда аёлларнинг пенсия ёшига тўлгани ёки ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келгани сабабли номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасининг муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш мумкин эмас.

 

«Аёллар дафтари» биринчи қадамдир

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд, боқувчиси бўлмаган, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, тезкор тиббий муолажага муҳтож, уй-жойга муҳтож, қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзандлари бор 30 ёшдан ошган эҳтиёжманд хотин-қизлар «Аёллар дафтари»га рўйхатга киритилади. Шу орқали улар қатор имконият ва қўллаб-қувватлашга эришади.

Хусусан, ёлғиз аёлларнинг фарзандлари боғчага имтиёзли рўйхат асосида қабул қилинади.

 

Касб ўрганиш учун давлат тўлайди

Хотин-қизлар нодавлат таълим ташкилотларида касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқиганда юзага келган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига 1 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган харажатлар давлат томонидан қоплаб берилади.

 

Чевар аёллар қўллаб-қувватланади

Ишсиз хотин-қизлар замонавий миллий либосларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш мақсадида тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтгандан сўнг, бино ва иншоотнинг дастлабки 3 ойлик ижара тўлови 2024 йил 1 январдан БҲМ нинг 10 бараваригача миқдорда Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси томонидан қоплаб берилади.

 

Ишлайдиган оналарга танаффус берилади

2 ёшга тўлмаган болали аёлларга болани овқатлантириш учун (ўзига берилган дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффусдан ташқари) камида ҳар 3 соатда бир марта ҳар бири 30 минутдан кам бўлмаган танаффус берилади.

2 ёшга тўлмаган икки ва ундан кўп болали аёлларга танаффуснинг муддати камида 1 соат қилиб белгиланади. Мазкур танаффуслар учун иш ҳақи камайтирилмайди.

Болали аёлнинг хоҳишига кўра, танаффуслар дам олиш ва овқатланиш учун белгиланган танаффусга қўшиб берилиши ёки умумлаштирилиб, иш кунининг бошига ёки охирига кўчирилиб, иш куни шунга яраша қисқартирилиши мумкин.

 

Қўшимча таътил олиш ҳуқуқи

Қонунчилигимизга кўра, 12 ёшга тўлмаган икки ва ундан кўп боласи ёки 16 ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили 3 иш кунидан кам бўлмаган ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади. Шунингдек, уларнинг хоҳишига кўра, ҳар йили 14 календарь кундан кам бўлмаган иш ҳақи сақланмаган таътил берилади.

Бундай таътил йиллик таътилга қўшиб берилиши ёки алоҳида фойдаланилиши мумкин.

 

Дастлабки синов белгиланмайди

Ҳомиладор аёллар, 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни ишга қабул қилишда дастлабки синов қўлланилмайди.

Шунингдек, 2 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар аввалги ишини бажариши мумкин бўлмаганида боласи 2 ёшга тўлгунгача енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи ишга ўтказилади. Бунда аввалги ишидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.

 

Субсидия берилади

Президент қарори билан меҳнатга лаёқатли, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни иш билан таъминлаган иш берувчилар учун 6 ой давомида ҳар ойда БҲМнинг 2 бараваридан кам бўлмаган миқдорда субсидия ажратилади.

 

53 ёшда пенсияга чиқиш мумкин

Технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқаргани ёхуд корхонанинг тугатилгани муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган аёллар 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Зўравонликдан жабр кўрганлар давлат ҳимоясида

Зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига жойлаштирилади. Шунингдек, уларга ҳимоя ордерлари берилади ва аёлларнинг вояга етмаган фарзандларининг йўқотилган биометрик паспортлари тиклаб берилади. Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ариза билан судга мурожаат этганида давлат божи тўлашдан озод қилинган.

 

Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидир

Давлат хизматидаги лавозимларни, шу жумладан, раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун танловда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг равишда иштирок этиши таъминланиши керак.

Давлат органларининг кадрлар хизматлари зиммасига танлов комиссияларига нафақат танловда иштирок этаётган шахсларнинг маълумоти ва касбий тайёргарлиги тўғрисидаги маълумотларни, балки давлат хизматининг тегишли лавозимларида ишлаётган хотин-қизлар ва эркаклар сонининг нисбати тўғрисидаги маълумотларни ҳам тақдим этиш мажбурияти юклатилади.

Меҳри ва шижоати, тажриба ва тафаккури билан тараққиётга ҳисса қўшаётган опа-сингилларимиз кундан-кунга кўпаймоқда. Ғамхўрлик, шароит ва имтиёзлар опа-сингилларимизни янги марралар сари руҳлантирмоқда. Зотан, аёлларни эъзозлаган, хотин-қизлари ҳаётидан мамнун, бахтли яшаётган юрт ҳеч қачон кам бўлмайди.

Биз ҳам мамлакатимиздаги барча аёлларни байрам билан муборакбод этамиз! Янгиликлар яхшиликларга уланаверсин, ҳар бир аёл бахтли, саодатли яшасин. Бунга унинг тўла ҳаққи бор.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 6.03.2023, 9

 

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш