Болалар омбудсманига қандай ваколатлар берилди?

 

Болалар ҳар доим меҳрга, ғамхўрликка муҳтож бўлади. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ кафолатланиши шахс шаклланиши, давлат ва жамият истиқболи мустаҳкам бўлишида ниҳоятда муҳимдир. Ўзбекистонда ҳам бола ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, уларни ҳимоя қилиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Айниқса, кейинги йилларда бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилди. Хусусан, Ўзбекистонда болаларни менсимаслик, шафқатсизлик, қўполлик, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомала, болаларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан ҳимоя қилиш, миллий меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш орқали муҳим ислоҳотлар бошланди. Эркак ва аёллар учун никоҳ ёши ўн саккиз ёш этиб белгиланди, болаларнинг давлат органларига бевосита мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланди, болалар меҳнатига бутунлай чек қўйилди, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилди.

Ўтган йилда халқимиз томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясида болалар масаласига ҳам алоҳида устуворлик берилган. Алоҳида бир боб – XIV боб оила, болалар ва ёшлар масаласига бағишланган. Бош Қомусимизнинг 78-моддасида “Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир”, деб мустаҳкамлаб қўйилди.

Умуман, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, миллий қонунчилигимизда бола ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлган қонун ҳужжатлари сони 40 дан, қонуности ҳужжатлари сони 500 дан ортиқни ташкил этади. Бу эса ўз навбатида, бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчилик билан ихтисослашган ҳолда иш олиб бориш ҳамда унинг ижроси бўйича таъсирчан механизмларни яратиш заруриятини юзага келтирди.

Шу маънода, яқинда Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонуни бугунги кунда долзарб аҳамиятга эга.

Мазкур ҳужжатда Болалар омбудсманини сайлаш тартиби, вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, фаолиятининг асосий жиҳатлари, мурожаатларни кўриб чиқиш тартиб-таомиллари, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги каби муҳим нормалар мустаҳкамлангани эътиборга молик.

Шунингдек, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ҳар йили Олий Мажлиснинг палаталарига бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан риоя қилиниши ҳолати ҳақида маъруза тақдим этиши ҳам қонунда акс этган. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг маърузасини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг мажлисларида кўриб чиқиш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

Яъни, халқ уйи минбарида халқ вакиллари бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига оид масалани кўриб чиқишади. Бу албатта, давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси билан мамлакатимизда бола ҳуқуқларига берилаётган эътиборнинг узвий ва амалий ифодаси сифатида баҳолаш мумкин.

Яна бир масала, қонунга кўра, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўзининг фаолияти билан боғлиқ масалаларга доир қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тегишли давлат органларига таклифлар киритишга ҳақли эканлиги мустаҳкамланган. Энг муҳими, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳлар фаолиятида иштирок этиши мумкин бўлади.

Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига таалуқли масалаларга доир қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари мажбурий тартибда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил билан келишилиши энг муҳим янгиликлардан бири. Ушбу қоидадан ҳам кўриниб турибдики, қонунчилик ҳужжатларида бола ҳуқуқлари қай даражада акс этиши бундан кейинги кун тартибидаги асосий жиҳатлардан бири бўлади.

Шу билан бирга, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан давлат органлари, ташкилотлар ва мансабдор шахсларга бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги огоҳлантириш эълон қилиши, бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида эса тақдимнома киритилиши белгиланган.

Қонундаги муҳим жиҳатлардан яна бири, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган таълим, тарбия, тиббиёт муассасаларига, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига, тергов ҳибсхоналари ва тарбия колонияларига мунтазам кириб туриш орқали болага нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича чоралар кўриши мустаҳкамланган.

Албатта, болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатлар асосан ҳудудларда амалга оширилади. Шу нуқтайи назардан, Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакиллари фаолияти қонун билан йўлга қўйилади.

Болаларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан мурожаатларни кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд. Шунинг учун, қонунда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан аризалар, таклифлар, айниқса, шикоятларни кўриб чиқиш тартиб-таомиллари батафсил мустаҳкамланган.

Яна бир ташвишланарли ҳолат – кейинги вақтларда болалар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар, болага қарши жиноятлар учрамоқда. Ушбу ҳолатларда боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг кафили бўлиши нуқтайи назаридан Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва суд билан ҳамкорлиги ҳам белгилаб қўйилган.  

Ушбу қонунда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни амалга ошириши ўз аксини топган.

Албатта, мазкур қонун болаларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада мустаҳкамлайди, болалар ҳуқуқларини амалга ошириш соҳасидаги ислоҳотларни тўлдиради, ҳимояга энг муҳтож болаларга ғамхўрлик кўрсатишга асос бўлади. Шунингдек, бола ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича халқаро майдонда мамлакатимиз нуфузини янада оширишга ёрдам беради.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси ўринбосари,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш