Давлат дастури: Ёшлар баланси шакллантирилиши нима беради? (видео)

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароит ва имкониятларни яратиб бериш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланган.

Ёшлар сиёсатига оид тизимли ишлар "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили"да янада изчил давом эттирилади. Зеро, жорий йилги Давлат дастурида келажагимиз эгаларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди. Уларнинг тизимли амалга оширилиши эса ёш авлод вакилларига кенг имконият яратади.

Давлат дастурида ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўзда тутилган мақсад-вазифалар моҳияти ва аҳамияти хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ҳасанова ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

—  Давлат дастурида «Ёшлар баланси» шакллантирилиб, ҳар бир ёш шу асосда вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим ташкилотлари раҳбарларига бириктирилиши кўзда тутилган. Бундан мақсад раҳбарлар ҳар ойда камида бир маротаба ўзларига бириктирилган ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш, уларни талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиши, шунингдек, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга ҳар томонлама кўмаклашади.

Айниқса, Давлат дастурида 7 ярим мингта ёшни касб-ҳунарга ўқитиш, 2 миллион кишини тадбиркорликка ўқитиш масалалари ўз аксини топгани алоҳида аҳамиятга эга.

Шунингдек, олис ва чекка ҳудудларда жойлашган умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун бепул автобусларни йўлга қўйиш мақсади ҳам белгилаб қўйилди. Бу чекка ҳудудлардаги ўқувчи ёшларимизнинг узоғини яқин қилиб, қулайлик яратади.

PS: Интервьюнинг тўлиқ шакли қуйидаги видеоҳаволада тақдим этилган.

 

Муҳтарама Комилова,

Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш