Бепуллиги эмас, кафолатлангани муҳим

 

Ҳар бир инсон, у туғилгандан то умрининг охиригача бир эмас, бир неча бор тиббий хизматдан фойдаланишига тўғри келади. Иссиқ жон иситмасиз бўлмайди, дейишади. Шундай пайтлар бўладики, кўрсатилган биринчи тиббий ёрдам инсон умрини сақлаб қолади. Бемор ҳаётида ҳар лаҳза муҳим бўлган паллада шифокорлар жонимизга оро киради. Демак, фуқаролар зарур пайтларда сифатли тиббий хизмат учун давлатга суяна олиши керак. Бу Конституцияда кафолатланган ҳуқуқ масаласидир.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида мулкчилик шакли ва молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, барча тиббиёт муассасаларида бепул тақдим этиладиган мажбурий тиббий хизматлар рўйхатини қонун билан тасдиқлаш ғояси қўйилган эди.

 

Нима учун муҳим?

Тасаввур қилинг, йўлда кетаётган кишининг нохосдан қон босими кўтарилди. Унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмаса, ҳаёти хавф остида қолади. Бундай шароитда ҳудудга яқин жойдаги тиббиёт муассасасига мурожаат қилиниши аниқ. Мулкчилик шакли, молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, ушбу муассаса беморга хизмат кўрсатиши керак. Яъни, у хоҳ давлат муассасаси бўлсин, хоҳ хусусий клиника. Чунки гап инсон ҳаёти ҳақида кетмоқда, унга биринчи тиббий хизмат кўрсатилиши шарт.

Тиббиёт тизимидаги ислоҳотлар зарурати тез тиббий ва шошилинч ёрдамга эҳтиёж сезилганда яққол кўринади. Инсон соғлиғи ва унинг ҳаётини сақлаб қолишдаги биринчи масъулиятни бўйнига оладиган, ҳар бир дақиқа, керак бўлса, ҳар бир сония оралиғида биринчи ёрдам кўрсатиш, олтинга тенг ҳар оннинг аҳамиятини тушуниш осон эмас, аслида. Анча йиллар давомида эътибордан четда қолиб келган ушбу тизим тиббиёт соҳасининг одамларга яқинлигини, яхшилигини кўрсатувчи кўзгудир.

 

Нима ўзгарди?

Энг муҳим ва керакли ўзгаришлардан бири Президентимизнинг 2018 йил 25 январдаги «Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари» тўғрисида қарорининг қабул қилиниши бўлди.

Унга асосан, шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам, мулкий шакли ва бошқарувидан қатъи назар, барча тиббиёт муассасаларида аҳолига бепул кўрсатилиши ва ҳаёт учун хавф туғдирувчи ҳолатларда тиббиёт муассасаларига шошилинч тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган шахсларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишни рад этиш тақиқланиши белгиланди.

Ушбу қарор билан илгари тиббиётимиз тарихида кузатилмаган бир қатор муҳим янгиликлар жорий этилди. Яъни, мамлакатимиздаги барча тиббиёт муассасалари ҳаёт учун хавфли дамларда шошилинч тиббий ёрдам сўраганларга бепул хизмат кўрсатишлари кафолатланди.

Шунингдек, қарор орқали тез тиббий ёрдамни чақиришга мўлжалланган туну кун ишлайдиган, ягона телефон рақамининг узлуксиз фаолиятини таъминлайдиган Call-марказлар ташкил этилди. Янгидан ташкил этилган Call-марказларда қўнғироқларга шифокорлар жавоб берадиган бўлди.

 

Транспортсиз тез хизмат бўлмайди

Илгари тез тиббий ёрдамга мўлжалланган автотранспорт воситалари ҳатто 10-12 йиллаб ишлатиларди. Оқибатда манзилга ўз вақтида етиб бориш, беморни тиббиёт муассасасига етказиш каби вазифаларни бажаришда муаммолар кузатилар эди.

Ҳозир эса тизим бутунлай бошқача. Автотранспортлар шаҳар жойларда ҳар 8 йилда, қишлоқ жойларда эса ҳар 7 йилда янгиланиб борилади. Шунингдек, тез тиббий ёрдам хизматининг ихтисослаштирилган автотранспортлари замонавий тиббий ускуналар ва рақамли радиоалоқа воситалари (рациялар) билан жиҳозланди.

Ўтган даврда соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган 300 дан ортиқ қонунчилик ҳужжати қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Тиббиёт муассасалари тармоғи янада кенгайди, халққа яқинлашди.

Масалан, охирги беш-олти йилда 200 дан зиёд оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокорлик пунктлари қайтадан ташкил этилди. Олис ва чекка аҳоли пунктларида 1000 дан ортиқ «маҳалла тиббиёт пунктлари» ташкил этилди. Қишлоқлардаги 800 дан ортиқ оилавий поликлиникаларни замонавий ташҳис аппаратлари билан таъминлаш орқали қишлоқ ва маҳаллаларда 8 турдаги янги тиббий хизматлар йўлга қўйилгани ҳам тиббий хизматни кафолатлаш билан боғлиқдир.

 

Янгиланган Конституция ва янги нормалар

Ўтган йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизда аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпайди. Мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди.

Бош қомусимизда ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилди.

Ҳамманинг шароити, яшаш тарзи бир хил эмас, лекин ҳуқуқлар тенгдир. Аҳолининг шундай қатламлари борки, пулли асосда ёки хусусий шифохоналар хизматидан фойдаланишга имконияти етмаслиги мумкин. Шундай вазиятда давлат ўз фуқаросини кафолатланган тиббий хизмат билан таъминлаш мажбуриятини зиммасига олди. Бир сўз билан айтганда, давлатнинг ижтимоий масъулият янада ошди.

Тиббиётнинг нодавлат шаклларини ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун шароит яратиш ишлари бундан кейин ҳам янада яхшиланади.

 

Айрим хулосалар

Агар эътибор берилса, аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, хусусан, шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдамни сифатли ва вақтида кўрсатиш билан боғлиқ ҳужжатлар кейинги йиллар ичида қабул қилиниб, ҳаётга жорий этилмоқда. Муҳтож одамлар керак пайтда зарур хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу давлатнинг нафақат ижтимоий масъулияти, балки иқтисодий куч-қудрати ҳам халқимиз эҳтиёжларига муносиб даражада ошаётганини билдиради.

Факт ва далиллар, ислоҳотлар кўлами партиямиз дастурида белгилаб олган вазифаларга босқичма-босқич эришилаётганини кўрсатмоқда. Яъни, мулкчилик шакли ва молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, барча тиббиёт муассасаларида бепул мажбурий тиббий хизмат кўрсатишнинг белгиланиши давлат ва жамиятимизнинг яна бир ютуғи, ижтимоий ҳимоянинг муҳим кафолатидир.

Ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги бепул тиббий хизматлар пакетини тасдиқлаб бермоқда. Зарур ҳолларда унга ўзгартириш ёки қўшимчалар киритилиб, тасдиқланади.

Шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам, ҳаёт учун хавф туғдирувчи ҳолатларда хизмат кўрсатишни рад этиш тақиқланиши яна бир муҳим ўзгаришдир.

 

Давлат тиббий суғуртаси кафолатдир

Сирдарё вилоятидаги тажриба асосида босқичма-босқич жорий этилаётган суғурта тизимида аҳоли пул тўламайди, суғурта доирасида ҳар бир фуқаронинг саломатлиги кафолатланган пакет асосида давлат бюджети маблағи ҳисобидан суғурта қилинади. Бу ҳам бепул тиббий хизматни кафолатлашда катта аҳамиятга эга.

Тиббиёт соҳасида суғурта тизимининг тўлиқ йўлга қўйилиши соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган маблағлар доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами улуши ошишига, аҳолининг ижтимоий заиф тоифалари вакилларини сифатли тиббий хизмат билан таъминланганлик даражасини оширишга, тиббий хизматлар бозорида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга, аҳолининг тиббий ёрдам учун тўғридан тўғри тўловлари даражасини камайтиришга хизмат қилади.

Шунингдек, аҳолига давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатишга хусусий тиббиёт ташкилотларини жалб қилган ҳолда тиббий хизматлар бозорида рақобат муҳитини ривожлантириш имкониятини яратади.

Хулоса ўрнида айтганда, Халқ демократик партияси имкон даражасида кўпроқ тиббий хизматлар бепул бўлиши, бу орқали хусусий тиббиёт муассасаларига босим ошиши тарафдори эмас. Ҳаммаси Конституция асосида қонун доирасида ва чегарасида бўлиши муҳимдир. Ва бу реал ҳаётимизда, кўз ўнгимизда босқичма-босқич амалга ошмоқда.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 13.03.2023, №10

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш