Ижтимоий кафолатланган ҳуқуқлар

 

Халқ саломатлиги, миллат генофондининг мустаҳкамлиги ҳар бир давлат учун беназир бойликдир. Бу жуда долзарб масала бўлганлиги учун ҳам янгиланган Конституциямизда аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар бир неча баробарга оширилди.

Сўнгги вақтларда фармацевтика, шунингдек, аҳолини протезлаш воситалари билан таъминлаш тизимида юзага келаётган ҳолатлар фонида айтиш мумкинки, бу соҳада давлат назоратини кучайтириш, кафолатланган дори воситалари, протез мосламалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника билан таъминлашни янада яхшилаш зарурати юзага келди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида аҳолининг алоҳида тоифаларига ажратиладиган дори воситалари, протез-ортопедия воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий ёрдамни имтиёзли тақдим этиш тизимини такомиллаштириш, бу борада самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш ғоясини илгари сурган эди.

 

Нима учун муҳим?

Бирор касаллик билан оғриган бемор учун дори воситаларининг қимматлиги яна бир дард ҳисобланади. Дори-дармон воситалари нархининг асоссиз ошиб бораётгани, бир хил дорининг дорихоналарда турли нархларда сотилиши ҳамда маҳаллий дори воситалари ўрнига хорижда ишлаб чиқарилганларини қўллаш каби ҳолатлар кўпайди.

Айрим шифохоналарга ишингиз тушиб борсангиз, аксарият ҳолларда бемор ёки унинг яқинларига дорилар рўйхати ёзиб берилади. Беихтиёр хаёлингиздан ўтади - даволаниш бепул бўлган давлат шифохоналарида наҳотки бирор бир дори воситаси бўлмаса? Айрим оилавий поликлиникаларда 120 турдаги дори воситалари бўлса-да, фуқароларга бепул дори-дармон бермаслик ҳолатлари қайд этилмоқда.

Боз устига, кенг жамоатчилик ҳамда соҳа мутахассислари томонидан дори воситалари савдоси устидан етарли даражада назорат ўрнатилмаганлиги, айрим жабҳаларда тадбиркорлар ўз фойдаларини ўйлаган ҳолда зарур турдаги баъзи бир дори воситаларини белгиланган нархлардан бир неча баробар ортиқ нархда сотаётганлиги аҳолининг алоҳида тоифадаги қатлами учун моддий қийинчиликларни юзага келтирди.

Шуни таъкидлаш лозимки, аҳолини сифатли, самарали ва хавфсиз дори-дармон билан таъминлаш соғлиқни сақлаш тизимининг энг муҳим вазифаларидан саналади.

Фармацевтика саноати соғлиқни сақлаш тизимининг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлиб, ушбу соҳанинг ривожланиш даражаси аҳолининг ҳаёт сифати кўрсаткичларига бевосита таъсир қилади.

Юртимизда йилига 1,6 миллиард долларлик дори-дармон истеъмол қилинади. Бунда маҳаллий маҳсулотларимизнинг улуши бор-йўғи 18 фоизни ташкил қилади, қолгани импорт ҳисобидан қопланаяпти.

Сўнгги йилларда фармацевтикани ривожлантириш мақсадида соҳага катта кўмак ва маблағ берилиши, фармацевтика зоналари ташкил этилишига қарамай, бу имкониятлардан тўла фойдаланилмаяпти.

Бундан ташқари, протез ишлаб чиқариш борасидаги ишларда ҳам сезиларли ўзгаришлар амалга оширилмаган. Хусусан, протез ишлаб чиқариш 90-йиллар технологиясига асосланган, уларни ҳақиқий муҳтожларга етказиб бериш тизими ҳам тўғри ташкил этилмаган эди.

 

Нима ўзгарди?

Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолини ва соғлиқни сақлаш муассасаларини арзон фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлашни яхшилаш, фармацевтика тармоғини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги таҳрирдаги «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонун ҳамда 2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг фармацевтика тармоғини ривожлантириш концепцияси муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Энг муҳими, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишни таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Бу эса юртимизда инсон қадри, унинг ҳаёти, соғлиғига катта эътибор қаратилаётганидан далолат беради.

Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори билан тиббиётнинг бирламчи бўғинини касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш, cоҳа ривожланишининг яқин ва узоқ муддатли истиқболларини белгилаш, тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини яхшилаш борасида бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Энг муҳим ва керакли ўзгаришлардан яна бири 2020 йил 28 мартда аҳолининг дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника ва энг зарур товарларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарорининг қабул қилиниши бўлди. Унга кўра, дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника, уларни ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган материаллар ва субстанциялар, энг зарур товарлар нархлари устидан кунлик мониторинг ўтказиш ҳамда уларнинг нархларини сунъий ошириш, сунъий танқислик ва юқори талабни вужудга келтиришга йўл қўймаслик устидан қатъий назорат ўрнатиш белгиланди.

Дунёда фармацевтика саноати кенгайиб бормоқда, дори-дармонларнинг янгича турлари ва таркиблари пайдо бўлмоқда. Бу уларнинг сифатини доимий назорат қилиш, ножўя таъсирларини аниқлаш ва таҳлил этиш заруратини туғдиради. Шу боис жорий йил 23 январда «Фармацевтика соҳасини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Президент фармони қабул қилинди.

Унга кўра, дорилар ва тиббий буюмларни тайёрловчи ҳамда сотувчи ташкилотлар бу маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлиги учун ҳам масъул этиб белгиланди. Шундан келиб чиқиб, уларга нисбатан давлат назоратини амалга оширишнинг алоҳида қоидалари ўрнатилади.

Дори воситалари истеъмоли билан боғлиқ хавфларни тезкор аниқлаш ва чора кўришга қаратилган тизим ташкил этилади. Бунинг учун «Зарур фармакологик назорат амалиёти – GVP» стандарти жорий этилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигида дориларнинг ножўя таъсири тўғрисида электрон база шакллантирилади. Бу ҳақдаги маълумотларни тиббиёт ходимлари ва аҳолига тезкор етказиш йўлга қўйилади.

Шунингдек, эҳтиёжманд аҳолини протезлаш воситалари билан таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилмоқда. Хусусан, бу борада ҳукуматнинг 2021 йил 1 июлдаги қарори билан Муҳтож шахсларни протез­ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низоми тасдиқланди.

Натижада 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларни протез­ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлашда ногиронлиги бўлган шахслардан тиббий хулоса талаб қилиш бекор қилинди.

Бундан ташқари, 2023 йилдан бошлаб, муҳтож шахсларга замонавий оёқ протез­ортопедия буюмлари бепул берила бошланди.

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга ғамхўрлик қилувчилар давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш, мансабдор шахслар қабулига навбатсиз кириш имконига эга бўлди.

2023 йилнинг ўзида ногиронлиги бўлган шахсларни бепул тиббий аппаратлар билан таъминлаш учун 18 миллиард сўм ажратилди.

Жорий йилнинг 28 февралида Президентнинг «Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2024 йил 1 майга қадар давлат томонидан кафолатланган тарзда таъминланадиган протез­ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари турларини 18 тадан 30 тага кенгайтириш ҳамда 1 майдан бошлаб протез мосламалари ва реабилитация воситалари хариди учун давлат томонидан муҳтож шахсларга қоплаб бериладиган маблағлар миқдорини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, ўртача уч бараваргача, айрим воситаларнинг турларини эса ўн бараваргача ошириш белгиланди.

 

Реал натижалар

Ўтган беш йилда шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар 12 баробар кўпайтирилди. Шу даврда соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш учун халқаро молия ташкилотларидан 700 миллион доллардан зиёд маблағлар жалб қилинди. Оилавий шифокорлар томонидан бепул тарқатиладиган дорилар 45 турдан 70 турга етказилди.

Энг аввало, бирламчи тиббиёт бўғинини яхшилашга эътибор қаратилиб, ҳар бир маҳаллада «хонадонбай» ишлайдиган тиббий б ригадалар ташкил этилди. 2021 йилдан бошлаб, бирламчи бўғинда аҳолини 66 турдаги дори воситалари билан бепул таъминлаш йўлга қўйилди. Ҳозирги вақтда одамлар шамоллаш, қон босими, юрак хуружи, қандли диабет, ошқозон ва нафас йўллари касалликларини даволаш учун энг зарур дориларни оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникалардан олишмоқда.

Мамлакатимизда фармацевтика тармоғини ривожлантиришга катта устуворлик берилмоқда. Натижада бугунги кунда фармацевтика саноати бўйича 5 та («Бўстонлиқ фарм», «Паркент-фарм», «Андижон-фарм», «Косонсой-фарм» ва «Зомин-фарм») эркин иқтисодий зонаси фаолияти йўлга қўйилди.

Яратилган имкониятлар натижасида бугунга келиб, мамлакатимизда фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи жами 204 та корхона фаолият юритмоқда. Шунингдек, доривор ўсимликлар ва биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқарувчи 276 та корхона мавжуд.

Фармацевтика (дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника ишлаб чиқарувчи) корхоналари томонидан 3922 турдаги маҳсулотлар тайёрланяпти. Хусусан, 3290 турдаги дори воситалари, 468 турдаги тиббий буюмлар, 84 турдаги тиббий техникалар ҳамда 80 турдаги субстанциялар ишлаб чиқарилмоқда.

Муҳтожларга етказилган протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари сони 24,5 мингтадан 42 мингтагача ошди.

Ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш дастури доирасида 2024 йилда протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш мақсадида 70 млрд сўм маблағ ажратилиши мўлжалланган.

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни хорижий технологиялар асосида тайёрланган сифатли замонавий оёқ протез-ортопедия буюмлари билан таъминлаш орқали ҳаёт фаолиятини яхшилаш даражасини 22 фоизга етказиш белгиланган. Натижада 849 нафар муҳтож шахслар замонавий сон протези, болдир протези ва оёқ камари ортопед аппаратлари билан таъминланади.

 

Самарали депутатлик ва жамоатчилик назорати

Инсон саломатлиги билан боғлиқ ҳар бир масала бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш муҳим ҳисобланади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва депутатлик бирлашмалари томонидан жойларда аҳоли билан ўтказилаётган бевосита мулоқотлар, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ҳолатини ўрганиш билан бир қаторда дорихоналар фаолияти ҳамда уларда дори воситаларининг қатъий белгиланган нархларда сотилиши, алоҳида тоифадаги фуқароларни протез-ортопедия воситалари билан таъминлаш масалалари юзасидан мавжуд вазият, аҳоли муносабати ва кайфияти ўрганиб борилмоқда.

Аниқланган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳлари томонидан биргина 2023 йилнинг ўзида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, дори воситалари ва фармацевтика фаолиятини яхшилаш, бепул дори воситалари ва тиббиёт буюмларидан фойдаланиш ҳолатини назорат қилиш бўйича 192 та масала партия гуруҳларида, 156 та масала доимий комиссия йиғилишларида муҳокама этилди. 145 та масала сессия кун тартибига олиб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди.

 

Хулосалар ва келгуси вазифалар

Факт ва далиллар партиямиз дастурида белгилаб олган вазифаларга босқичма-босқич эришилаётганини кўрсатмоқда. Яъни, аҳолининг алоҳида тоифаларига ажратиладиган дори воситалари, протез-ортопедия воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий ёрдамни имтиёзли тақдим этиш тизими такомиллаштирилиши, бу борада самарали жамоатчилик назорати ўрнатилиши давлат ва жамиятимизнинг яна бир ютуғи, ижтимоий ҳимоянинг муҳим кафолатидир.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар ҳаётга изчил татбиқ этилиши парламент, халқ депутатлари Кенгашлари масъулияти ошишига ҳам бевосита боғлиқ. Ҳар биримиз буни чуқур тушуниб етиб, инсон қадрини улуғлаш, унинг соғлиғини ҳимоялаш йўлидаги жараёнларда фаол иштирокчига айланишимиз зарур.

 

Аброр Қурбонов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

«Ўзбекистон овози», 27.03.2023, №13

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Сайлов
← Рўйхатга қайтиш