Тараққиёт таълимдан сув ичади

 

Янги Ўзбекистон ғояси бугун ҳар бир инсоннинг қалбига кириб борди, десак муболаға бўлмайди. Унда таълим тизимига алоҳида урғу берилмоқда. Бир сўз билан айтганда, жамиятнинг ҳар бир бўғини Янги Ўзбекистонга йўл таълим орқали ўтишини англаб етди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси 2019 йилги парламент ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловлардан сўнг ўз олдига барча фуқаролар мактабгача, ўрта, олий таълим, шунингдек, касбий таълим олиши, малакасини ошириши учун тенг имкониятлар яратилишини мақсад қилиб олган эди. Бунда,

– 6 ёшгача бўлган болаларни мажбурий мактабгача таълим ва тарбия билан тўла қамраб олиш;

мактаб ўқувчиларига жамоат транспортида бепул юриш ҳуқуқини тақдим этиш;

барча мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларида ўқувчилар ва тарбияланувчиларни соғлом озиқ-овқатлар билан кафолатли таъминлаш;

олий таълим тизимидаги таълим шартномалари нархини оптималлаштириш каби ғоялар илгари сурилганди.

Бир жиҳатга эътибор қаратишни хоҳлардим. Баъзида ўз шахсий ҳаётимизда ҳам олдимизга қўйган мақсадларга вақтида ва ўйлаганимиздай эриша олмаймиз. Бунга кўп омиллар таъсир қилиши мумкин. Энди у мақсад бутун бир жамият ҳаётига тааллуқли даражада кенг қамровли бўлса-чи? Унда амалга ошиши ҳам маълум даражада кўпроқ вақт ва улкан меҳнатни талаб қилади.

Халқ демократик партияси ғоя ва ташаббуслари қанчалик амалга ошмоқда?

 

Мактабгача таълим

Авваламбор, ҳар қандай соҳа ривожланиши, кутилган натижа бериши учун уни доимий ислоҳ қилиб туриш керак. МТМ соҳаси ҳам ислоҳотга муҳтож, таълим ва тарбиянинг чегарасини аниқ белгилаш масаласи кун тартибига чиқиб улгурганди.

Ўзбекистон Республикасининг «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги қонуни 2019 йил 16 декабрда қабул қилинди. Амалда 2020 йил 18 июндан кучга кирди. Бу қонуннинг мақсади мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонун билан мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, мактабгача таълим ва тарбия олишга доир давлат кафолатлари аниқ белгилаб берилди.

Шу тариқа соҳанинг ҳуқуқий ва институционал асослари мустаҳкамланиб, хусусий секторга йўл очилди.

2019 йили 6 ёшгача бўлган болаларни мактабгача таълим тизимига қамров даражаси 52 фоизни ташкил қилган бўлса, бугунги кунда мактабгача таълимда қамров 74 фоизга етган. Яъни, айни дамда республикамизда жами 31 мингга яқин мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилган. Уларнинг салкам 7 минги давлат ва 24 мингтадан ортиғи нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари саналади.

Юртимизда 2025 йилга бориб 6 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларнинг 100 фоизи бошланғич мактабга мажбурий бир йиллик бепул тайёрлов гуруҳларига қамраб олиниши режалаштирилган.

«Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси»да 2030 йилга бориб мактабгача таълимга болаларнинг 80,8 фоизини қамраб олиш кўзда тутилган.

 

Мактаб таълими

Янгиланган Конституцияда ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эгалиги, давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлаши, давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлаши қайд этилди. Умумий ўрта таълим мажбурийлиги, мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратида эканлиги белгилаб қўйилди.

Бош қонунимизда белгиланган энг муҳим меъёрлардан бири боланинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай ҳаракатлар тақиқлангани бўлди.

Конституцияда, шунингдек, тарихда биринчи марта давлат ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этиши мустаҳкамланди. Шунингдек, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши ҳам белгиланди.

2020 йил 23 сентябрда қабул қилинган «Таълим тўғрисида»ги қонун Ўзбекистондаги таълимнинг барча турларини тартибга солиши ва улар фаолиятининг қонуний асосларини таъминлаши билан катта аҳамиятга эга бўлмоқда.

Шунингдек, 2022 йил 11 майда қабул қилинган «2022 — 2026 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастур» ҳам таълим соҳаси давлат сиёсати даражасига олиб чиқилганини англашимиз мумкин.

 

Овқатланиш дастурлари

Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар навбати билан мактабларнинг бошланғич синф ўқувчилари учун бепул тушлик ташкил қилиш масаласига ҳам етиб келди.

Мутахассисларнинг фикрича, мактабда овқатланиш сиёсатини жорий қилган мамлакатлар сони йилдан-йилга ортиб бораётганини таъкидлайди. Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунё мамлакатларининг 87 фоиздан ортиғи мактабда овқатланиш дастурларини болалар учун нафақат таълим сифатини ошириш, балки соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш учун ҳам қўлламоқда.

2022 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бошланғич синф ўқувчиларини бепул тушлик билан таъминлаш синов тариқасида жорий этилди. Бунинг учун давлат бюджетидан ҳар бир ҳудудга 100 млрд сўм маблағ ажратилди.

Ўрганишлардан маълум бўлишича, мактабларда бошланғич синф ўқувчилари учун бепул тушлик берилиши болаларнинг мактабга келишини 8 фоизга оширган.

 

Ўқувчилар учун бепул автобуслар

«Ўзбекистон-2030» стратегиясида ҳар бир соҳа бўйича амалга оширилиши зарур бўлган қатъий режалар ва уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб қўйилган. Жумладан, мактаблар фаолиятида ҳам 2030 йилгача рўй берадиган ўзгариш ва янгиланишлар замирида мамлакатимиз тараққиётининг кейинги босқичларида фаолият юритадиган етук, салоҳиятли ёш авлодни тарбиялашга қаратилган долзарб вазифалар белгиланган. Хусусан, умумий ўрта таълим тизимида «Таълим учун қулай муҳит» дастурини амалга ошириш, дастурда катта ҳаётий масалалар кўзда тутилган. Шулар орасида олис ва чекка ҳудудларда жойлашган 715 та умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун бепул автобусларни йўлга қўйиш мақсади сўзсиз энг яхшиларидан бири.

Президентнинг жорий йил 21-февралдаги «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини 2024-йилда амалга оширишга оид давлат дастурини тасдиқлаган фармонига кўра, шу йилнинг 1 сентябридан бошлаб Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида тажриба-синов тариқасида умумий ўрта таълим мактабларига олис ҳудудлардан қатнайдиган ўқувчилар учун аутсорсинг асосида бепул автобуслар қатнови йўлга қўйилиши белгиланган.

 

Олий таълим

Олий таълимни ислоҳ қилиш учун биринчи навбатда унинг қамров даражасини ошириш лозим эди. Бунинг учун бизга халқаро таълим меъёрларига мос келадиган тизим яратиш учун аниқ, пухта ишлаб чиқилган ва йиллар кесими бўйича режалаштирилган, изчиллик устувор бўлган стратегиялар зарур эди. Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси ва «Ўзбекистон – 2030» стратегиялари олий таълим, балки умуман, таълим тизими учун трамплин вазифасини ўтаб бермоқда.

Кейинги йилларда амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида олий таълимга қамров даражаси деярли 40 фоизга етган. «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Талабаларнинг тўлов-контракт масаласида ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар учун тўлов-контракт миқдорини бир ўқув йили давомида тенг улушларда тўртга бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилди.

Бу талаба ва унинг ота-онасига енгиллик яратди. Тўлов-контрактнинг тўртдан бир қисмини тўлаш унинг ярмини тўлашдан кўра осонроқ ва ортиқча босимдан халос қилади.

Шу билан бирга, хотин-қизларга ҳам олий таълим олиши учун кенг имкониятлар яратилди. Хусусан:

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб базавий тўлов-контракт асосида давлат олий таълим муассасасига қабул қилинган, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда давлат олий таълим муассасалари ҳисобидан ўқитиш тартиби жорий этилди. Бундай ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакилларининг олий таълим олишга шароит яратилиши том маънода Халқ демократик партиясининг мақсади эди.

Яна ҳар йили 2 100 нафар ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим контрактлари маҳаллий бюджетдан тўлаб берилиши ҳам ЎзХДП ғояларига тўла мос келади.

Булардан ташқари 2023 йилги Вазирлар маҳкамасининг «Олий таълим муассасалари талабаларини турар жой билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, «Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчилари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри», «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»да турадиган талабаларга талабалар турар жойларидан жой бериш белгилаб қўйилган.

Кўриниб турибдики, таълим соҳасидаги ислоҳотлар кўлами ва йўналиши кўпроқ инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган. Бу йўлда аҳолининг муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида урғу берилгани Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ютуғи эканидан далолатдир.

Таълим соҳасида ҳозиргача рўй берган ўзгаришлар улкан меҳнат, катта эътибор ортидан келмоқда. Ҳали олдинда вазифа кўп. Кўзланган марраларга эришилганида мамлакатимизнинг илмий ва кадрлар салоҳияти, инсон капитали дунё даражасида юксалади, миллат, халқ, давлат сифатидаги интеллектуаллигимиз ривожланган бўлади.

 

Аҳмад ҚУРБОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 3.04.2023, №14

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Сайлов Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш