Пиротехника буюмларидан қонунга хилоф фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

 

“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласининг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қизғин муҳокама қилинмоқда. Ўзбекистон ХДПнинг фракция мажлисида ҳам мазкур масала атрофлича кўриб чиқилди.

Маълумки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласини ташкил этувчи мазмунан турли хатти-ҳаракатлар учун бир хил жавобгарлик чоралари белгиланган. Масалан, пиротехника буюмларидан ноқонуний фойдаланиш, уларни портлаш-ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган жойларда сақлаш, махсус мослаштирилмаган шароитларда сертификатланмаган компонентлардан ишлаб чиқариш ва тайёрлаш учун бир хил жарима суммалари белгиланган. Уларни олиб кириш-олиб чиқиш ёки ўтказиш учун ҳам айни миқдор кўрсатилган.

Депутатларнинг фикрича, мазкур хатти-ҳаракатлар фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва жамоат тартибини сақлашга, ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг келиб чиқишига сабаб бўладиган турли даражадаги таҳдидлар туғдиради. Бу эса, кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун тайинланаётган жавобгарлик чораларининг профилактик таъсирчанлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Натижада ҳуқуқбузарликлар аниқ турларининг хавфлилик даражаси, иқтисодий оқибатлари ва мақсадларидан келиб чиққан ҳолда, жавобгарлик масалаларини қатъийлаштиришни талаб қилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, кодексдаги 1851-модда уч қисмга бўлиниб, мавжуд санкция модданинг биринчи қисмидаги пиротехника буюмларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш учун жавобгарлик санкцияси сақланиб қолиши таклиф этилмоқда. Уларни ноқонуний ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, олиб чиқиш учун жавобгарлик иккинчи қисмга ўтказиш ёки олиб кириш учун жавобгарлик учинчи қисмга ажратиб чиқариш ҳамда уларни содир этганлик учун қатъийроқ санкция чораларини белгилаш назарда тутилган. Яна бир қўшимча пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласига оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий баённомаларни расмийлаштириш ваколатини Миллий гвардия бўлинмаларидан ташқари ички ишлар органларига бериш бўйича меъёр билан киритиляпти.

Таклиф ва тавсиялардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.

Иккинчи ўқишда муҳокама қилинган “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатларнинг турли саволларига сабаб бўлди.

Гап шундаки, ҳозирги кунда ҳуқуқий ҳужжатлари йўқ ёки тўлиқ бўлмаган, ер участкасидан узоқ йиллар давомида фойдаланиб келаётган ёки ерга бўлган ҳуқуқларни расмийлаштириш масаласи турли сабабларга кўра охирига етказилмаган 3,8 млн.дан ортиқ 493 минг гектар ер участкалари мавжуд. Амалдаги қонунчиликда эса ушбу муаммоли ер участкаларига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этишнинг ҳуқуқий асоси ва тартиби мавжуд эмас. Ҳозиргача ҳуқуқларни эътироф этиш масаласида жами 5 марта “акция” эълон қилинган. Уларда ҳаммаси бўлиб 1 миллион 338 мингта ўзбошимча қурилган уй ҳужжатлаштирилган.

Шундан келиб чиқиб, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларини ҳал этиш, кўчмас мулк объектларини тўлиқ давлат рўйхатига олинишини таъминлаш ҳамда ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида таклиф этилган лойиҳа юзасидан фракция аъзолари ўз фикр-мулоҳазалари, саволларини берди.

Мавжуда Ҳасанова – Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– 8-моддада боғдорчилик, узумчилик ширкатлари бўйича бериладиган ерлар ҳақида айтилган. Шу ўринда бир савол туғилади. Ҳозирги кунда айрим фермерлар, фуқаролар томони ғаллачилик, пахтачиликка мўлжалланган суғориладиган ерларни ҳам ўзбошимчалик билан эгаллаган ҳолатлар бор. Мазкур Қонун қабул қилингач, мана шундай хонадон эгаларининг тақдири нима бўлади?

Қонун ташаббускорлари бу масала 12-моддада ҳам киритиб кетилгани, яъни бино ва иншоот, шу жумладан якка тартибдаги уй-жой қурган ҳолда ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаси суғориладиган ерларда жойлашган тақдирда, ҳуқуқларни эътироф этиш масаласи қонунчилик ҳужжатларига асосан ер фонди тоифаси ўзгартирилганидан кейин кўриб чиқилишини таъкидлашди.

Бахс-мунозаралардан сўнг, таклиф ва тавсиялар берилиб, қонун лойиҳаси маъқулланди.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш