Яқингача ҳаёт асосан пойтахт атрофида айланарди. Ҳудудларга эътибор катта эмасди. Бугун вазият тубдан ўзгарди.
Тўғри, жойларда турмуш даражаси марказ билан бир хил, дейиш қийин, бироқ инфратузилма соҳасидаги шиддатли ўсиш, замонавий саноат корхоналарини қуриш, уй-жой ҳамда ижтимоий объектларни барпо қилиш борасидаги ўзгаришлар яққол кўриниб турибди.
Жиззах ҳамда Сирдарё вилояти пойтахтни Самарқанд билан боғлаб турувчи йўлда жойлашган ҳудуд эди гўё. Эндиликда Республика бўйлаб кузатилаётган ўзгаришлар бу ҳудудларга ҳам янгилик бўлмай қолди. Хусусан, Жиззах вилояти айрим соҳаларда мегополисга айланмоқда. Аввало, хизмат кўрсатиш тармоқлари анча илғор. Саноат тармоғидаги янги йўналишлар ҳамда қишлоқ хўжалиги тизимида маҳсулот етиштириш, чуқур қайта ишлаш ва экспортга йўналтиришда катта қадамлар ташланяпти. Қисқа давр мобайнида қишлоқ хўжалиги йўналишида деярли барча босқичларни қамраб олган холдинг компанияси фаолияти йўлга қўйилди.
Шунингдек, базальтдан замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқараётган корхона дейсизми ёки автомобиль заводими, ҳаммаси Жиззахга янги инвестициялар ҳамда инвесторларни жалб қилиш имконини оширмоқда. Бу ўз навбатида, аҳоли турмуш шароити ўсишига ҳам хизмат қилади, албатта.
Давлатимиз раҳбари ушбу вилоятга навбатдаги ташрифи давомида саноатнинг юқори технологик тармоқлари, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда амалга оширилаётган лойиҳалар, маҳаллаларда аҳоли даромадларини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди. Янги корхоналар қурилишига старт берилиб, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари муҳокама қилинди.
Саноатда яна бир бурилиш
Фориш — Нурота тоғлари билан ўралган ва ҳудуди бўйича вилоятда энг катта туман. Шунга қарамасдан, ердан фойдаланиш самарадорлиги анча паст эди. Кўп йиллар давомида ҳудуд иқтисодиёти бир ёқлама бўлиб қолган. Қишлоқ хўжалигидан келадиган даромадга ҳамда адир ва яйловларда, асосан чорва боқиб кун кечирилган. Саноат корхонаси ҳақида тасаввурлар ҳам бўлмагани рост.
Бугун Форишга саноат кириб келганига етти йил бўлди. Олмоссой конидан базальт тошини қазиб олиб, ундан тола тайёрлаш йўлга қўйилди. Ноёб, инновацион технология асосида қурилиш саноати учун муҳим бўлган арматура ва сеткалар ишлаб чиқарила бошланди.
Кластерда йилига 177 минг тонна базальт тошидан махсус тола, директ ровинг, фибра, арматура, композит геосетка, қувурлар, мато ва иссиқлик-изоляция плиталари каби 42 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Кластерда 1 минг 700 дан ортиқ киши иш билан таъминланган.
Ушбу маҳсулотларни коммунал хўжалиги, автомобилсозлик, тўқимачилик, нефть-газ ва бошқа тармоқларда қўллаш бўйича тақдимот қилинди. Президентимиз бунинг афзалликларини тадбиркорларга тушунтириш, уларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича кўрсатма берди. Янги давлатларга сифат сертификатлари олиб, ташқи бозорга чиқишни янада фаоллаштириш, халқаро қурилиш ва саноат компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.
Янги массивларда ҳаёт ҳам янгиланади
Сўнгги йилларда вилоятда олиб борилаётган кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари Жиззах учун илгари кузатилмаган ҳолатдир. Ўнлаб заводлар, турли корхоналар, янги саноат тармоқлари — буларнинг барчаси ижтимоий инфратузилма ривожига ҳисса қўшмоқда. Шароф Рашидов тумани ҳам ана шундай қурилиш бўйича йирик мегаполисга айланган маскан.
Туманнинг адир ёнбағрида жойлашган 140 гектарлик майдон деярли фойдаланилмаган. Ҳозирда мазкур ҳудудда қурилиш ишлари жадаллик билан амалга ошириляпти. 3 босқичдан иборат лойиҳада 3 минг 936 хонадонли 105 та кўп қаватли уй барпо этилиши режалаштирилган. Эътиборлиси, уйлар 9, 12 ва 16 қаватли бўлиб, бу ҳам Жиззах шароитида янгиликдир.
Давлатимиз раҳбари ҳудудга ташриф буюрар экан, бу йил режалаштирилганига қўшимча уйлар қуриб, имтиёзли ипотека кредитлари орқали аҳолига харид имкониятини яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Шунга мутаносиб равишда инфратузилма тармоқлари, мактаб, болалар боғчаси каби ижтимоий муассасалар қурилишини жадаллаштириш, савдо ва хизматларни, жумладан, йўл бўйида умумий овқатланиш шохобчаларини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, вилоятда учта шундай массив барпо этилмоқда. Уларда 4 минг 700 хонадонга эга 156 та кўп қаватли уй қурилади. Аҳоли барча ижтимоий хизматлар билан таъминланади. Умуман, мамлакатимизда 53 та массивда бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда 14 минг 400 та хонадонли 409 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилган. Жорий йилда бундай массивларда 31 минг 447 та хонадондан иборат 767 та турар жойлар қурилиши белгиланган.
«Kia» заводи миллий автоиндустрияда танлов имконияти
«ADM Jizzakh» масъулияти чекланган жамияти халқ тили билан айтганда эса «Kia» заводи. У саноат зонасида самарали фаолият юритаётган корхоналардан бири. 2021 йилда ташкил этилган заводда шу кунга қадар «Kia», «Chery» ҳамда «Haval» брендлари остида 23 турдаги 36 мингта автомобиль ишлаб чиқарилган.
Лойиҳа доирасида 234 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилиб, 1 минг 800 та иш ўрни яратилди. Умуман, корхонада йилига 100 минг дона енгил автомобиль ишлаб чиқариш қуввати яратилади. Натижада келгусида иш ўринлари сони 3 мингга етказилиши кўзда тутилган.
Президентимиз заводда маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, юртимиз саноат корхоналари билан кооперацияни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Иккита йирик қувватга старт берилди
Жиззахда истиқболли лойиҳалардан яна иккитасига старт берилди. Улардан бири – Ғаллаорол туманида барпо этиладиган, металлургияга ихтисослашган саноат зонаси. У ерда 500 миллион долларлик 7 та лойиҳа амалга оширилади. Жумладан, арматура, пўлат шарлар, қувурлар, автомобиль кузови ва махсус техникалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Ҳудудда божхона омбори ҳам бўлади. Жами 5 мингта иш ўрни яратилади.
Иккинчи лойиҳа – Фориш туманида Хитойнинг «China Poly Group» ва «China Electric» компаниялари билан ҳамкорликда қуриладиган қуёш электр станцияси. 350 миллион долларлик ушбу мажмуа 500 мегаватт қувватга эга бўлади. Унда йилига 1,1 миллиард киловатт соат «яшил» энергия ҳосил қилинади. Бу 450 минг хонадоннинг энергия таъминоти яхшиланади, дегани. Станциянинг дастлабки 200 мегаватт қуввати шу йил якунида тармоққа уланади.
Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, мазкур икки мажмуа қурилишини бошлаб берди.
Жаҳон бозорига йўл далаларимиздан бошланади
Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, 2023 йилда юртимизда 3,1 млн тонна мева ҳамда резаворлар етиштирилган ва бу 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 4,1 фоизга ошган. Жиззах вилоятида ушбу кўрсатгич 93,7 минг тоннани ташкил этган. Бугун саховатли Жиззах заминида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Осиё, айниқса, Европа бозорларида ўзининг муносиб ўрнига эга эканлигини таъкидлаш жоиз.
Давлатимиз раҳбари муҳим бир масалага доим урғу беради. Бободеҳқонларимизнинг пешона тери эвазига етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сифат жиҳатидан тўғри сақлаш, қисқа фурсатларда белгиланган манзилларга етказиб бериш ва экспорт амалиёти билан шуғулланиб келувчи тадбиркор учун ҳам кенг имкониятлар яратиш жараёнларини юқори даражада ташкил этиш ҳамда буни мажмуа кўринишида жамлаш.
Шароф Рашидов туманида «BMB-NRC Agrologistics» қўшма корхонаси томонидан 40 гектар ер майдонида барпо этилган, умумий қиймати 58 миллион АҚШ долларини ташкил этадиган, 10 минг тонна ҳажмли музлаткичли замонавий «Агрологистика комплекси» ана шу ташаббуснинг ҳаётий кўриниши бўлди.
Давлатимиз раҳбари хом ашёни чуқур қайта ишлаш ва сақлаш қувватларини юқори суръатларда замонавийлаштириш, кўрсатиладиган хизмат турларини ошириш, шунингдек, товарлар бозорини кенгайтириш борасида қўшимча топшириқлар берди.
Ёшлар ҳамиша эътиборда
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 16 ноябрдаги қарорига мувофиқ, киберспорт турлари оммалаштирилмоқда. Жумладан, Жиззах шаҳрида собиқ теннис корти биноси ўрнида киберспорт аренаси ташкил этилди. 1 минг 200 томошабинга мўлжалланган асосий зал замонавий ҳолатга келтирилди. Шунингдек, бу ерда 12 та ўқув ва машғулот хоналари, мажлислар зали, 35 ўринли ётоқхона ҳамда кафетерий мавжуд.
Арена универсал бўлиб, бокс, кураш, баскетбол, стол тенниси, шахмат, шашка бўйича халқаро мусобақаларни, «Беш ташаббус» тадбирларини ўтказиш ҳам мумкин. Мажмуа таркибидаги IT академиясида ёшларга компьютер саводхонлиги, хорижий тиллар, график дизайн, дастурлаш, робототехника ва бошқа йўналишлар ўқитилади. Бу соҳада мутахассислар тайёрлаш бўйича «Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари» тизимини амалга ошириш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари маскандаги ёшлар билан учрашувида кибер спорт, шахмат, «Заковат» интеллектуал ўйинлари, баскетбол мусобақаларини кузатди, ёшлар билан мулоқот қилди.
Юқорида саналган барча ҳаётий мисоллар — улкан бунёдкорлик ишлари, ишлаб чиқаришдаги йирик мегалойиҳалардир. Аҳоли турмуш сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирлар. Уларни бирлаштирувчи умумий махраж бор: аҳоли орасида банд одамларнинг кўпаяётгани, мулк эгалари сони ортиб бораётгани, дадил қадамлар ташланаётгани. Янги Ўзбекистон орзуси реал ҳақиқатга айланаётгани...
«Ўзбекистон овози» мухбири
Зилола Убайдуллаева
тайёрлади.
«Ўзбекистон овози», 10.04.2023, №15