Иш берганга субсидия

 

Дунё миқёсида ишчи кучининг норасмий миграцияси ҳам кўпайиб бормоқда. Ҳеч қандай малака талаб қилмайдиган давлатларга ўзи ҳам мустақил равишда ишга кетаётганлар кўп. Бундай инсонлар ижтимоий, ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланмаган бўлади. Аксарият ҳолларда улар маҳаллий ишчиларга нисбатан бир неча баробар паст ҳақ олиб келмоқда.

Ҳалол меҳнат билан даромад топиб, оиламни боқаман, деб юрган бундай инсонларга ҳам осон эмас. Очиғини айтиш керак, хорижда ишлаётган фуқароларимиз орасида оғир меҳнат шароитларида ишлаётган, қийин вазиятга тушган юртдошларимиз ҳам бор. Бошпанасиз қолган, ҳақ-ҳуқуқлари камситилаётган меҳнат мигрантлари ҳам йўқ дейсизми? Албатта, оиласини, бола-чақасини боқиш, уй қуриш, орзу-ҳавасларини рўёбга чиқариш учун яқинларидан олисда яшаётган, ишлаётган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қатъий ҳимоя қилиш, меҳнат миграциядан қайтган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бугунги долзарб масаладир.

 

Эсингизда бўлса, шу йил февраль ойининг бошида давлатимиз раҳбарига миграцияни тартибга солиш ва меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимот қилинган эди.

Унда меҳнат миграциясидан қайтганларни ишга олган корхонага ҳар бир ходим учун бир йил давомида Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ойига 500 минг сўм субсидия берилиши, ушбу тадбирларга бу йил учун барча манбадан 100 миллиард сўм ажратилиши белгиланган эди.

Шунингдек, Сайхунобод тажрибаси асосида уларга томорқада маҳсулот етиштириб, даромад олиши учун молиявий кўмак берилади ҳамда бошқа турдаги бандлик хизматлари кўрсатилади. «Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастурига мувофиқ имтиёзли кредитлар ажратилади. Тиббий муассасалар миграциядан қайтган шахслар ва уларнинг оила аъзоларини бепул тиббий кўрикдан ўтказади. «Инсон» марказлари томонидан ота-онаси хорижда меҳнат қилаётган болаларга ижтимоий ёрдам кўрсатилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан бу тизимни самарали йўлга қўйиб, фуқароларга сифатли хизмат кўрсатиш, бандликни ошириш бўйича кўрсатмалар берилган эди.

Албатта, бу соҳанинг ҳуқуқий асосини янада такомиллаштириш, меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий кафолатларни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Шу маънода президентимизнинг куни кеча қабул қилинган янги фармони айни муддао бўлди. «Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ҳамда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонга кўра, 2024 йил 1 июндан меҳнат миграциясидан қайтган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир ишга олинган ходим учун 12 ой давомида ойига 500 минг сўмдан субсидия тўланади (бундан бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар мустасно).

Бунда:

– субсидия 2024 йил 1 июндан 2026 йил 1 январга қадар ишга қабул қилинган шахсларга нисбатан тўланади;

– меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахс билан тузилган ва Ягона миллий меҳнат тизимида рўйхатдан ўтказилган меҳнат шартномаси субсидия тўлаш учун асос бўлиб ҳисобланади;

– меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар, деб хорижда 3 ва ундан ортиқ ой мобайнида меҳнат фаолияти билан шуғулланиб, яшаш манзилига қайтиб келганлигига бир йилдан кўп вақт бўлмаган шахслар тушунилади.

Жорий йил 1 июндан қуйидагилар йўлга қўйилади:

– меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар ҳамда уларнинг оила аъзоларини бепул тиббий кўрикдан ўтказиш;

– меҳнат миграциясидан қайтиб келган, ижтимоий аҳамиятли касалликка чалинган шахсларга тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхатга мувофиқ бепул тиббий ёрдам кўрсатиш амалиёти.

Шунингдек, 1 июндан меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга хорижий тиллар ёки касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш, «ишчи виза»ни расмийлаштириш ва йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қисман қоплаш учун компенсация тўланади.

Фармон билан яратилган қўллов тизими минглаб юртдошларимизнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилади.

 

Лазиза Шерова,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 10.04.2023, №15

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш