Бухоролик депутатларни эшитамиз

 

Бугун маҳаллий Кенгашлар ҳаётига назар ташласангиз, улардаги шароит, муҳит, иш тартиби аввалгисидан ўзгарганини кўрасиз. Янги демократик шароитда ишлаётган депутатларнинг дунёқараши, фикри ҳам кечагидек эмас.

Газетамизнинг ўтган сонларида Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги депутатларимиз фаолиятига назар ташлаган эдик. Анъанани давом эттирган ҳолда, ушбу сонимизда Бухоро вилоятидаги депутатларимизга мурожаат қиламиз.

Депутат сифатида ўзингиздан қай даражада қониқяпсиз? Партия гуруҳи бўлиб, Кенгашда ҳурмат, позиция топа олдингизми? Одамлар сизни депутат, деб тан оладими? Ушбу саволларга жавоб олиш учун Бухоро вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлар билан боғландик.

Маълумот учун:

Бугунги кунда халқ депутатлари вилоят Кенгашида 16 нафар, шаҳар ва туман Кенгашларида 73 нафар депутатларимиз бор. Жорий йилнинг 3 ойи давомида депутатлар томонидан 56 та масала ўрганилди. Шундан 23 таси партия гуруҳларида, 13 та масала доимий комиссия йиғилишларида ва 12 та масала Сессиялар кун тартибига киритилган. Сайловчилар мурожаатлари ва назорат-таҳлил натижалари асосида 61 та депутатлик сўрови юборилган, 41 таси ижобий ечим топган. Ижро ҳокимияти вакиллари ҳисоботлари 10 марта эшитилган.

 

Ёшлар муаммолари ҳал этилмоқда

Шу йилнинг 11 март куни халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. ЎзХДП депутатлари ташаббуси билан ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш ҳамда улар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора­тадбирлари тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Бундан аввал депутатлар назорат­таҳлил ишларини олиб боришганди.

– Дастлаб вилоятдаги ёшларнинг ҳолати, муаммоларини ўрганиб чиқдик, юзма­юз мулоқот қилдик, дилдан суҳбатлашдик, уларнинг кайфиятини суриштирдик, – дейди халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутати Акбар Фозилов. – Учрашувларда 11 минг нафардан ортиқ ёшларнинг муаммолари ўрганилди ва уларни ҳал қилиш чоралари кўрилди.

Жумладан, 409 нафар йигит­қизларга ўз ишини йўлга қўйишида зарур бўлган асбоб­ускуналар учун субсидия ажратилди. 1206 нафар ёшларга даволаниш харажатлари қоплаб берилди. Вақтинчалик ишсиз бўлган 1250 нафар йигит­қизлар доимий иш ўрнига эга бўлди. Ҳозирги кунда 1 646 нафар (15%) ёшларнинг муаммолари кўриб чиқилмоқда.

Албатта, ёшлар масаласида давлатимиз зиммасида улкан масъулият турганини кўз олдимизга келтирсак, ҳаммамиздан жуда катта эътибор, ғамхўрлик талаб этилади. Бу масалага бефарқ қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Шу куни сессия анча жонли ўтди. Муаммоларни очиқ­ойдин таҳлил қилдик. Чунки ёшлар билан суҳбатлашганимизда, уларнинг қатъиятлилигини кўрдик, шижоати, ғайратини кўриб, бундан биз ҳам куч олдик. Ёшлар муаммолари ҳал қилинишида бизга ишонч билдирди, шунга муносиб бўлишимиз керак. Шунинг учун сессияда депутатлик гуруҳимизнинг барча аъзолари фаол қатнашди, яхши таклифлар айтилди, ўринли саволлар берилди. Ҳозир сессия қарори ижросини қатъий назоратга олганмиз.

– Сессияда ёшларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, бандлигини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат шароитини яратиш билан боғлиқ бир қатор таклифлар айтилди, – дейди халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутати Ражаб Худоев. – Маълум бўлишича, жорий йил якунига қадар олий таълим, профессионал ва умумтаълим мактаби битирувчилари ва ишсиз бўлган 21405 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Бунинг учун мутасадди ташкилотларга барча имкониятларни ишга солиш вазифаси юклатилди.

Жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб барча маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ёшлар етакчилари билан биргаликда ҳудуддаги йигит­қизлар фаолиятини доимий назоратга олиш, муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича маълумотлар базасини яратиш муҳимлиги таъкидланди.

Ёшлар мурожаатларига эътиборли бўлиш, бу бўйича аниқ чоралар кўриш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди. Ёшлар билан учрашувларни, қабулларни аҳоли зич яшайдиган, олис ва чекка ҳудудларда кўпайтириш юзасидан вазифалар белгиланди.

«Ёшлар дафтари» билан ишлаш натижаларини ҳар ҳафтада камида бир маротаба танқидий муҳокама қилиш топширилди.

Депутатларнинг таъкидлашича, секторларда «Ёшлар дафтари»га киритилган йигит­қизлар, муаммоли оилалар билан мунтазам ишлаш, бунда маҳалла, ёшлар иттифоқи, таълим муассасалари, барча жамоат ташкилотлари ва кенг жамоатчиликнинг масъулиятини кучайтириш чораларини кўриш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

 

Аёлларнинг кўнгил дафтари

31 март куни вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида партиямиз депутатлари ташаббуси билан яна бир муҳим – хотин­қизларни ҳар томонлама қўллаб­қувватлаш билан боғлиқ масала муҳокама этилди.

Депутатлар назорат­таҳлил натижаларини ўқиб эшиттиришди. Қайд этилдики, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин­қизларга манзилли ёрдамлар кўрсатишни ташкил этиш мақсадида «Аёллар дафтари»нинг олтинчи тоифасига кирувчи 60 мингдан ортиқ хотин­қизлар қамраб олинган бўлиб, шундан 58 мингдан ортиқ вақтинчалик ишсиз аёлларнинг бандлиги таъминланган.

Вилоятдаги 2937 нафар хотин­қизларга тадбиркорлигини йўлга қўйиш ҳамда томорқадан унумли фойдаланиш мақсадида субсидиялар ва имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Уларнинг аксарияти ҳозирги кунга қадар тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилган. 15 мингдан ортиқ боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин­қизлардан 14 мингдан ортиғига моддий ёрдамлар ажратилган.

Депутатларнинг таъкидлашича, ўтган йилнинг ноябрь ойидаги ҳолатга кўра, «Аёллар дафтари»нинг тўртинчи босқичига киритилган хотин­қизларнинг ижтимоий муаммоларини бартараф этиш вилоят бўйича 95,1 фоизни ташкил этган.

 

Муаммолар ҳам бор

Сессияда депутатлар муаммоларни ҳам атрофлича таҳлил қилишди. Таъкидландики, хотин­қизлар жинояти кўпайган. Шунингдек, хотин­қизлар томонидан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам ошган (96 та). Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 2082 нафар хотин­қизларга ҳимоя ордерлари берилган. Шунингдек, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин­қизлар билан ишлаш, мутасадди ташкилотлар, секторлар томонидан уларнинг муаммоларини ўз вақтида бартараф этилиши учун сусткашликка йўл қўйиш ҳолатлари ҳам мавжуд.

Шулардан келиб чиқиб, сессияда муҳим қарорлар қабул қилинди. Аёллар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этилишининг олдини олиш бўйича «фуқаробай» ва «хонадонбай» ишлашни тизимли ташкил этиш, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил хотин­қизларнинг аниқ рўйхатини шакллантириш, улар билан манзилли тадбирларни ташкил этиш бўйича аниқ чоралар белгиланди. «Аёллар дафтари» бўйича жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурати қайд этилди.

Мутасаддиларга ёрдамга муҳтож, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аёлларнинг, шунингдек, ногиронлиги бўлган уй­жойга муҳтож аёлларнинг аниқ, манзилли рўйхатларини доимий янгилаб туриш вазифаси топширилди.

– Сессиядан кўнглим тўлиб чиқдим, – дейди халқ депутатлари Вобкент туман Кенгашидаги ЎзХДП депутати Фарҳод Умаров. – Аёлларни ўйлантираётган ҳар бир муаммога чуқур ёндашилди, бунга масъул идоралар вакиллари огоҳлантирилди. Депутатлар сайловчилар билан учрашувларда хотин­қизлардан бўлган мурожаатлар ҳақида ҳам гапиришди, хато ва камчиликлар таҳлил қилинди. Партия гуруҳимизнинг таклифлари сессия қарорида ўз аксини топди. Энди унинг ижросини қатъий назоратга оламиз.

 

* * *

Бугун депутатларимиз сессия кайфиятидан қониқяпти, сайловчилар манфаатларига алоқадор масалаларда мутасадди ташкилотларга юзланяпти. Вилоятдаги депутатларимиз фаолиятини кузатсак, улар фаоллашгани, ўз ишига жиддий кўз билан қараётгани яққол ойдинлашади.

Аммо таҳлилларга назар ташласак, Жондор, Пешку, Қоракўл туманларидаги депутатларимиз фаоллиги деярли сезилмаяпти. Йилнинг биринчи чораги ўтди, аммо улар сукунатда. Бу туманларда сайловчиларни, электоратни ўйлантираётган масалалар йўқмикан?..

Ўз ишига виждонан ёндашадиган депутат эртага сайловчилар ҳузурига нима деб бориши ҳақида ҳам ўйлаб кўради.

Газетамизнинг кейинги сонида Қашқадарёдаги депутатларимизга сўз берамиз!

 

Лазиза Шерова,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 17.04.2023, №16

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш