“Глобал Жануб овози”да Ўзбекистон овози

 

Ўзбекистон Президенти Ўзбекистон Ҳиндистоннинг “Катта йигирматалик”даги раислигини ва унинг доирасида илгари сураётган устувор мақсад ва эзгу интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Форум кун тартибига киритилган масалалар бўйича қатор амалий таклифлар билдирди.

Таъкидландики, бугунги кунда мавжуд халқаро савдо тизимини такомиллаштириш зарур. Бу жараёнда “Глобал Жануб овози” албатта эътиборга олиниши керак – ривожланаётган мамлакатларнинг салоҳиятларини рўёбга чиқариш учун зарур шароитлар яратилиши лозим. Аммо асосий бозорларга чиқишда мамлакатларимиз ҳамон турли тўсиқ ва чекловларга дуч келаётгани қайд этилди…

Мамлакат етакчиси қайд этганидек, давлатларимиз саноат ва аграр соҳада катта салоҳиятга, йирик ички бозорларга эга эканини инобатга олиб, глобал даражада адолатли рақобат муҳитини яратиш масаласида умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш муҳим саналади.

Бундан ташқари, ривожланаётган давлатларнинг энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, глобал логистика ва қўшимча қиймат занжирларини яратиш, инвестиция ва энг замонавий технологияларни жалб этишда кўмаклашиш масалалари жаҳон саммити кун тартибидан ўрин олиши керак.

Яна бир стратегик масала бу Евроосиё минтақасидаги асосий транспорт артерияларидан бири бўлган “Шимол-Жануб” халқаро йўлагини ривожлантиришдан иборатдир. Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини кучайтиришга қаратилган, Афғонистон орқали Ҳинд океанига чиқадиган темир йўлни қуриш лойиҳаси фаол илгари сурилди. Ҳамкорлар ушбу ўта муҳим лойиҳада иштирок этишга таклиф этилди ва жаҳоннинг етакчи давлатлари кўмагида “Глобал Жануб” учун яшил технология ва инновациялар ахборот банкини яратиш вақти келганига урғу берилди.

“Навбатдаги долзарб масала – инсон капиталини ривожлантириш ва профессионал таълим сифатини оширишдир. Биз Ҳиндистон билан таълим соҳасида ҳамкорлигимизни жадал олиб боришдан манфаатдормиз”, деди Шавкат Мирзиёев.

Бугун иқтидорли ёшларни иқлим ўзгариши, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, муқобил энергетика, рақамлаштириш ва бошқа устувор соҳалардаги миллий ва халқаро дастурларни ишлаб чиқишга кенг жалб этиш керак. Шундан келиб чиқиб, мамлакатларимиз ўртасида “Жануб ёшлари овози” доимий мулоқот платформасини ташкил этиш таклифи билдирилди.

Ҳиндистоннинг “Катта йигирматалик”ка раислиги доирасида онлайн шаклда ташкил этилган “Глобал Жануб овози” саммитида давлатлар, минтақалар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ер юзида тинчликни таъминлаш ва қатор глобал масалаларга ечим топишга қаратилган таклифлар илгари сурилди. Саммитни 120 дан ортиқ давлат, ОАВ вакиллари, экспетрлари кузатиб борди.

Ривожланаётган давлатларнинг энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, глобал логистика ва қўшимча қиймат занжирларини яратиш билан боғлиқ долзарб мавзулар ҳам муҳокама қилинди.

G20 жуда катта ташкилот бўлиб, унинг ҳар йиллик саммитида дунёдаги энг устувор вазифалар муҳокама қилинади. Саммитда иштирок этиш, таклифлар илгари суриш мамлакатимиз, халқимиз ва албатта минтақа учун ҳам манфаатли ҳисобланади. “Глобал Жануб овози”да муҳокама этилган масалалар юзасидан сиёсатшунослар, парламент вакиллари ҳам ўз фикрлари билдирмоқда.

 

Сайфиддин ЖЎРАЕВ,

Шарқшунослик университети профессори, сиёсатшунослик фанлари доктори:

— Аввало шуни таъкидлаш керакки, саммитда давлатимиз раҳбарининг иштирок этиши, мамалкатимиз, халқимиз манфаатларидан келиб чиқиб, таклифлар бериши катта аҳамиятга эга.

Биринчидан, биз каби қўшни мамлакатларда ҳам осонлик билан, кам харажат қилган ҳолда жаҳон бозорига чиқиш бўйича сиёсат олиб борилмоқда. Бунинг учун, албатта, транспорт логистика йўлакларини ҳал қилиш керак. Ўзбекистонда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига жаҳаон бозорида жуда катта эҳтиёж бор. Сабаби, иқлим нуқтаи назаридан ҳам, витаминларга тўйинганлик жиҳатидан ҳам табиий ва ўзига хос шароитда етиштирилиши маҳсулотларимиз сифати ва қадрини оширади. Эътиборли томони ана шундай озиқ-овқат маҳсулотлари қўшни давлатларда ҳам кўп. Бугунги кундаги асосий муаммолардан бири эса буни жаҳон бозорига чиқариш бўлиб қолмоқда.

Бир неча бор илгари сурилган таклиф, яъни Афғонистон орқали Ҳиндистонга чиқиш кўзланаётган логистика йўлагини қуриб, ишга тушириш ҳақида сўз борди. Бу орқали бутун Ҳинд океанига, Ғарб давлатлари, Америкага ҳам қуёш нури остида, табиий иқлим шароитида етиштирилган маҳсулотлар етиб боради. Демак, бу таклифнинг тезроқ амалга оширилиши минтақамиз учун ҳар томонлама фойдали бўлади.

Чунки геосиёсий нуқтаи назаридан ҳам, геоиқтисодий нуқтаи назардан ҳам Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам ичкарида қолиб кетганмиз. Бизда ишлаб чиқарилган, етиштирилган маҳсулотларни дунё бозорига олиб чиқиш учун камида 3 сутка, кўпи 24 кун керак бўлади. Бу йўлкира нархнинг қимматлашига, етказиб беришдаги турли тўсиқлар, сифатнинг ўзгариша олиб келиши мумкин. Шу маънода давлатимиз раҳбари илгари сурган таклиф ва ташаббуслар ҳар томонлама ўринли, деб баҳоланмоқда.

Сабаби бугунги таҳликали вазиятда озиқ-овқат масаласини ҳал қилиш, инсон капиталини ривожлантириш керак бўлади. Бунинг учун, албатта, ривожланиб келаётган давлатларнинг манфаатини ҳисобга олиш лозим. Асосийси шундаки, бу масалани йил охирида бўлиб ўтадиган саммитнинг кун тартибига айлантириш илгари сурилди. Ҳозирги кундаги ҳолатдан келиб чиқадиган бўлсак, давлатимизнинг янги ва долзарб ташаббуси ҳисобланади. Масаланинг иккинчи томони янги ривожланиб келаётган давлатлар, мисол учун, Каспий денгизи орқали Озарбайжон ва у ердан Қора денгизга чиқиш ҳамда Европага тўғридан-тўғри етиб бориш имкониятлари пайдо бўлади.

Экологик жиҳатдан қарасак, иқлим ўзгариши кузатилмоқда ва бу қишлоқ хўжалигига жуда катта салбий таъсир кўрсатади. Шимолий давлатларда, Ғарбда маҳсулот етиштиришнинг ҳажми ҳам, сифати ҳам пасайиб кетади. Лекин бир вақтнинг ўзида Осиё, анйиқса, Марказий Осиёда тақчилликнинг олдини оладиган, ўрнини тўлдирадиган маҳсулотлар етиштирилади. Бу ўз навбатида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга катта имконият яратади.

Биламизки, дунёнинг кўплаб нуқталарида турли конфликтлар, можаролар бўляпти. У ерларда оддий аҳоли қийналяпти. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, умуман, ишлаб чиқариш тўхтаб қолган ҳолатлар бор. Одамлар ишсиз қоляпти, кун кечириш ҳам жуда қийинлашяпти. Мана шундай шароитда транспорт логистикалар орқали муаммоли ҳудудларга ҳам маҳсулот етиб бориши турмуш яхшиланишига олиб келади. Шу билан бирга, маҳсулотни етиштираётганлар, олаётганлар, етказиб бераётган ва бу жараёнда ўртада турган турли ташкилотлар ҳам ўзига хос фойдалар олади. Шундан келиб чиқиб, бу масалага узоқ муддатли амалий аҳамиятга молик бўлган таклифлар сифатида қараш керак.

— Ўзбекистон етиштирган маҳсулотини жаҳон бозорига чиқаришдан ташқари, яна қандай манфаатлар кўради?

— Мамлакатимизга янги технологияларнинг кириб келишига хизмат қилади. Натижада етиштирилаётган ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларимиз дунё стандартлари даражасига олиб чиқилади. Янгидан-янги инфратузилмалар пайдо бўлади. Бунинг учун эса коридор керак. Сабаби самолётлар билан етказиб бериш ҳар доим ҳам манфаатли бўлавермайди, темирйўллар доимий ишлайдиган бўлади.

Қўшимча иш жойлари пайдо бўлади. Янги ижтимоий объектлар, шифохоналар, мактаблар барпо этилишига олиб келади. Охир оқибат бу ҳар бир кишига, нафақат ўзбекистонлик, балки минтақадагиларнинг эртанги кунга умиди ошишига хизмат қилади. Минтақадаги барқарорлик эса бевосита ер юзида тинчлик сақланишида муҳим омил бўлади.

— Бундай йирик лойиҳаларга қўл уриш халқ манфаатларига хизмат қилишига шубҳа йўқ. Аммо масаланинг иккинчи томони борки, Европага қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришга Ўзбекистоннинг салоҳияти етарлими? Ички бозорда тақчиллик юзага келиши, нарх-навонинг ошиб кетиши кузатилмайдими?

— Тўғри, бу ҳар бир фуқарони қизиқтириши табиий. Лекин узоқни ўйлаб қилинаётган ишлар сабаб талабни қондириш имкони юзага келади. Бунинг учун аввало тизим яратилиши керак ва бу борада биз қадамларни ташлаганмиз. Масалан, қишлоқ хўжалигида кластернинг ташкил этилиши олинаётган даромаднинг 3-4 баробарга ошишига хизмат қилмоқда. Келгусида ушбу йўналишдаги ишларни замонавий техникалар ёрдамида янада такомиллаштириб борамиз.

Масалан, яқин йилларгача ҳам пахтадан келадиган фойда йиллик 800 минг доллардан 1,200 минг долларгача бўлар эди. Кейинги маълумотларга қарайдиган бўлсак, бу 1,5-2 баробарга ошганини кўриш мумкин. Агар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг янада самарали усулларини йўлга қўйсак, бу борада давлатнинг тегишли дастурлари бор, фойдани 4 баробаргача ошириш имкони юзага келади. Бу бир йиллик фойдани 10 миллард долларгача етказишни англатади. Демакки, маҳсулот ҳажми ортгандан кейин эҳтиёждан ҳам ортиб қолади ва уни Европага етказиш орқали халқимиз ҳаёти яхшиланади.

Иккинчидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун сув масалаларини ҳал қилиш керак. Бу борада ҳам муҳим қадамлар қўйилмоқда, йирик лойиҳалар амалиётга тадбиқ этиляпти. Сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш борасида ҳуқуқий чоралар йўлга қўйилди. Зеро, ривожланган Европа мамлакатлари аллақачон шу усулга ўтган. Бизда эса ортиқча исрофгарчиликка йўл қўйилган. Хорижлик ҳамкорлар билан экин майдонларига борганимизда катта-катта ариқ сувларини кўриб, унинг қаёққа кетаётганини сўрашарди. Қишлоқ хўжалигига эканини айтганимизда ҳайрон қолишар эди. Бугунга келиб сувдан оқилона фойдаланиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Муҳими, бу борада амалий натижалар қайд этилмоқда.

Тўғри, халқаро ташкилотлар билан шартномалар тузилган, ҳамкорлик амалга оширилмоқда. Аммо замонавий технологияларга эҳтиёж бор. Чунки жаҳон бозори сифат борасида ўз талабларига эга. Шу жиҳатдан ҳам янги имкониятларни қўллаш, халқаро тажрибани оммалаштириш лозим.

Масалан, 2017 йилдан бошлаб ҳудудлар ўрганилди. Мевалар етиштирилаётган айрим жойларга сабзавотлар ёки пахта даласи ўрнига бошқа ҳосилдорлиги юқори бўлган маҳсулотлар экиляпти. Чунки географик жойлашуви, об-ҳавоси, иқлими жиҳатдан ҳар бир ҳудуд ўзига хос. Авваллари пилла фақатгина баҳорда етиштирилади, деган қараш бўлган. Ҳозир эса йилига 4 марта ҳосил олиняпти. Япония технологиялари олиб келиняпти, инновацилар жорий этиляпти. Муҳими, ерга бўлган муносабат ўзгармоқда. Етиштирган маҳсулоти фойда бериши, бир сўм сарфланган иш ҳеч бўлмаса икки сўм бўлиб қайтиши кераклиги ҳақида одамларда психология шаклланяпти. Қишлоқда туғилиб катта бўлганман. Ҳар битта агроном бир йил ишламасдан қочиб кетарди. Нима учун? Чунки уларда мотивация йўқ эди, манфаатдорлик бўлмаган.

Қишлоқ хўжалигига ихтисослашган институтлар модернизация қилиняпти. Мисол учун, Венгрия билан картошка етиштириш бўйича тадқиқотлар олиб бориляпти. Албатта, шу пайтга қадар ҳам ушбу маҳсулотни етиштирганмиз. Аммо Европа бозорига кириш учун улар билан биргаликда ишласак, ҳам осон бўлади, ҳам имкониятлар кенгаяди.

Бизда бир йилда 6600 кило каллориядан ортиқ иссиқлик тушади. Табиий географик жиҳатдан имконоиятларимиз жуда кенг. Фақат буни ҳаётда қўллаш керак, холос. Жаҳон бозори стандартларига чиқиш учун, ана шу даражадаги маҳсулотларни етиштириш учун илғор қишлоқ хўжалиги технологияларини жалб қилиш талаб этилади.

Тан олиб айтиш керакки, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бизнинг асосий даромад манбаимиз саналади. Ҳисоб-китобларга кўра, яқин 10-15 йил ичида аҳоли сони 50 миллионга яқинлашади. Бунча аҳолини иш билан таъминлаш, озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини қондириш учун жуда катта миқдорда маҳсулотлар ишлаб чиқариш керак. Шунинг учун ҳам бу стратегик аҳамиятга эга бўлган йўналиш ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, давлатимиз сиёсатининг махсус дастурлари йўлга қўйилган. Саноат ҳам, фан ҳам шунга йўлантирилган. Доимий равишда ушбу дастурлар амалга ошириб борилиши, зарур маблағлар ажратилиши босқичма-босқич такомиллашувга олиб келади. Энг асосийси, зарур маблағларнинг ҳаммаси керакли нуқтага ажратилишида. Боиси қишлоқ хўжалиги жуда катта соҳа ва бутун бюджет ҳам етмаслиги мумкин. Лекин ҳаётда тизим ташкил қилувчи элемент нуқталари бўлади. Қишлоқ хўжалигида кластер тизими, сувни тежаш ва текстиль соҳасини ривожлантириш ана ўша элементлар ҳисобланади. Мана шунга эътибор берилиши катта ўзгаришларга олиб келади ва унинг албатта истиқболи бор.

Фақат бунинг учун тинимсиз ишлаш, изланиш лозим. Ана шунда айтилаётган гаплар амалга ошиши учун бир неча ўн йил эмас, камроқ муддат етарли бўлади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

суҳбатлашди.

«Ўзбекистон овози», 18.01.2022, №2

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш