Сайлов кодексига мувофиқ, сиёсий партияни қўллаб-қувватлаб, жами сайловчиларнинг умумий сонининг камида бир фоизининг имзосини тўплаши назарда тутилган бўлиб, битта маъмурий-ҳудудий тузилмада (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) қирқ минг сайловчининг кўпи билан саккиз фоиз имзосини тўплаши мумкин.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам сайловда қатнашишни қўллаб-қувватлаш бўйича мамлакатимизнинг барча ҳудудларида имзо йиғиш жараёнларини амалга оширмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар кенгашлари, 200 дан ортиқ шаҳар ва туман кенгашлари, 10 мингдан зиёд бошланғич партия ташкилотларида ташкиллаштирилмоқда.
Пойтахтимизда жойлашган Ўсимлик моддалари кимёси институти биносида Тошкент шаҳар ҳамда Мирзо Улуғбек тумани партия кенгаши ходимлари фуқаролар имзосини тўпламоқда.
Ушбу жараёнда фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ҳамюртларимиз имзо қўйиш билан бирга, турли саволлар билан ҳам мурожаат қиляпти. Партиянинг ғоялари нималардан иборат бўлиши, қандай ишлар қилгани ҳақидаги саволларга жавобан тарқатма материаллар берилмоқда.