Кундалик ҳаётимизда турли дори воситаларининг рекламасини ҳар куни, ҳар соатда кузатишга мажбур бўляпмиз. Чунки уларнинг рекламаси жуда кўпайиб бормоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси ишчи гуруҳи йиғилишида дори воситалари рекламаси, шифокорларнинг касбий масъулияти, дорихоналар фаолияти билан боғлиқ муҳим йўналишларда янги қонун ташаббусини илгари суриш масаласи муҳокама қилинди.
Фракция аъзолари соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш борасидаги ижобий ишларни қайд этган ҳолда дори воситаларининг рекламаси, уларнинг савдоси ва қўлланилиши борасида қонунчилигимизда айрим бўшлиқлар кўзга ташланаётгани, ечимини кутаётган муаммолар кузатилаётганини айтди.
Жумладан, дори воситалари рекламаси турли кўринишларда авж олаётгани, баъзи шифокорлар томонидан беморларга асосан қиммат дори воситалари тавсия қилинаётгани, дори воситалари нархлари сунъий ошиб кетаётгани, бундай салбий ҳолатлар барча юртдошларимизга зиён етказаётгани, айниқса, кам даромадли оилалар қийинчиликларга дучор бўлаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида дори воситалари муомаласи ва фармацевтика фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш масаласига алоҳида эътибор берилган. Партия фракцияси соҳага доир қонунлар ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларни изчил ўрганиб бормоқда, сайловчилар билан учрашувларда ҳам қатор мурожаатлар тушмоқда.
Шулардан келиб чиқиб, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига дори воситаларининг муомаласини тартибга солишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
– Амалдаги қонунчилигимизда таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини реализация қилиш тартибини бузганлик, дори воситаларини шифокор рецепти бўлмаган ҳолларда чакана реализация қилиш, тиббиёт амалиётида фойдаланишни тақиқлаш ҳамда дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун етарли даражада жавобгарлик белгиланмаган, – деди М.Ворисова. – Дори воситаларининг рекламасини тартибга солиш бўйича таъсирли чоралар ҳам мавжуд эмас. Шунингдек, тиббиёт ходимлари томонидан муайян дори воситаларини тайинлаш ва бериш учун фармацевтика ташкилотлари ва дорихоналардан молиявий мукофотлар ёхуд моддий ёки номоддий кўринишдаги ҳар қандай бошқа рағбатлар олиш қонунчилигимизда тақиқланмаган. Бу эса фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
ЎзХДП фракцияси томонидан таклиф этилаётган қонунчилик ташаббусига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги ҳамда “Реклама тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Хусусан, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш, дори воситаларининг қўлланилиши чоғида ножўя реакциялар аниқланган ҳолатлар тўғрисида хабардор қилиш тартибини бузганлик ва дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилмоқда.
“Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонуннинг 35-моддаси билан тиббиёт ходимлари томонидан муайян дори воситаларини тайинлаш ва бериш учун фармацевтика ташкилотлари ва дорихоналардан молиявий мукофотлар ёхуд моддий ёки номоддий кўринишдаги ҳар қандай бошқа рағбатларни олишга чек қўйиш кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, дори воситаларининг рекламасини чеклаш таклиф қилинмоқда.
Фракция аъзолари мазкур қонунчилик ташаббуси аҳолининг барча қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишини, дори воситалари инсоннинг дардига шифо бўлиши кераклиги, уларнинг соғликка хавф туғдиришига, ғирром даромад манбаига айланиб қолишига зинҳор йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.
Муҳтарама Комилова,